26.11.2020 18:09
7893
«Чемпион ҳикоялари». Биз билган ва билмаган Диего

Кечадан бери барча нашрлар Диего Марадона сиймоси ҳақида аввалдан маълум бўлган ёки номаълум фактлар билан ўртоқлашишяпти. Гўёки катта футболдан анча узоқ бўлиб, четда қолган Диего яна футболга қайтгандек. Аммо биласизми, у аслида доим футбол ичида бўлган. Шунчаки, бугунги жамоалар, совринлар, чемпионатлар, ўйинларга алоқаси бўлмаган, холос. Футболни бир бутун деб оладиган бўлсак, у доим Марадона билан бирга, Марадонага муҳтож, Марадонасиз тасаввурга сиғмайди. Қуйида футбол афсонаси билан боғлиқ бир қатор «теша тегмаган» фактлар ҳавола қилинади.

Марадонанинг ҳеч ким танимаган устози

Марадонанинг кумири – бразилиялик яримҳимоячи Ривелино, лекин энг зўр сифатида деярли ҳеч ким билмайдиган футболчини эътироф этган.

«Унинг дриблинги, аниқ паслари ва қайтариб бўлмас зарбалари менга ўрнак бўлганди», – деганди бир пайтлар Диего.

Ривелинонинг ўзи футболни тарк этаётиб, ушбу сўзлар учун Марадонага миннатдорчилик билдирган, лекин тарихдаги энг зўр футболчи деб Пелени айтганди.

Диего фаолиятидаги яна бир кумир, аниқроғи, дунёда ўзидан ҳам зўр ўйнашини тан олган ягона футболчи эса аргентиналик Томас Карлович бўлганди. Улкан истеъдод соҳиби бўлган Карлович шуҳратни унча ёқтирмаган ва жуда кўп таклифларни рад қилганди. Натижада у деярли бутун фаолиятини Аргентина футболи тубида ўтказган.

- Дунёнинг энг зўр футболчиси бўлиш қандай ҳиссиёт? – деб сўрашганди 1993 йилда Диегодан.

- Дунёнинг энг яхши футболчиси аллақачон Росариода ўйнаган. Унинг исми Томас Карлович, - деб жавоб беради у.

2019 йилнинг февралида «Химнасия Ла Плата» мураббийи сифатида жамоасини Росариога олиб борган Марадона Карлович билан учрашишни унутмади. Устоз ва шогирд анча илиқ суҳбатлашишди.

«Диего, мен энди хотиржам бу дунёни тарк эта оламан, армоним йўқ. Сен менинг ҳаётимдаги энг буюк инсонсан», – дейди қария. Бу воқеадан бир йилдан кўпроқ вақт ўтгач, 2020 йилнинг май ойида Карлович вафот этди. 

«Пеле қирол эмас»

Диего шундай деганди: «Руҳий касалликлар шифохонасида ётганимда бири ўзини Наполеон ҳисобларди, бошқаси Сан-Мартинман, деб ўйларди, лекин мен ўзимни Марадона десам, ҳеч ким ишонмаган. Умуман, ким яхши ўйнаган: менми ёки Пеле? Бу мавзуда баҳслашиш ҳам шарт эмас. Ҳаммага маълумки, мен яхшироқ бўлганман».

Икки Диего

Марадонанинг физиотерапевти Фернандо Синьорини болаликдаги Диего билан машҳурлик чўққисига чиққан Диегони солиштириб, шундай деганди: «Суҳбатлашаётганингда, сен Буэно-Айресда катта бўлган, камтаргина, онасининг сўзидан чиқмайдиган Диегони кўрасан. Бундан ташқари, Марадона бор – умуман ўзининг иштирокисиз пайдо бўлган персонаж. Диего учун дунёнинг у бурчагига боришга тайёрман, аммо Марадона томон бир қадам ҳам ташламаган бўлардим»

Марадона 13 ёшидан меҳнат қилишга мажбур бўлганди

Диего ҳатто полиция участкаси бўлмаган камбағал районда улғайган. Ички ишлар вазирлиги у ерда назорат пункти қуришни ҳам истамаган, чунки бир кун ўтиб ёқиб юборилишига амин эди. Марадонанинг оиласи ярми бузилган бир уйда яшарди. Ота қўлига илинган нарсалардан фойдаланиб, шунчаки, бошпана қуриб олганди. Масалан, ювиниш учун кўчадан бир неча бутилка ва челакларда сув тўлдириб келиш талаб этиларди.

«Мен бугун емайман, ошқозоним оғрияпти», – дерди Диегонинг онаси кўпинча. Марадона доим буни оддий қабул қилиб келган, улғайгач эса, аслида шунчаки, уйда таом бўлмагани, болалари оч қолмаслиги учун она овқатдан воз кечганини англаб етган.

13 ёшида Диего дизенфекцияловчи бир компанияга ишга киради. Ҳар куни эрталаб соат 7:00да унинг қўлига бир пакет беришар, болакай уйларнинг ертўлаларига тушиб, ҳашаротлар кўп жойларга дори сепиб чиқарди. Диего илк маошига онасини пиццерияга тушликка олиб борган.

Фидел Кастро ва Че Гевара изидан

Марадона Фидел Кастро ва Че Геваранинг мухлиси бўлган. Бу инсонлар уни тўлқинлантирар, Диего уларга ўхшашни орзу қиларди. Неаполга келганида шаҳардаги камбағал одамларга йўлбошчи бўлиш мақсади ҳам бўлганди.

«Мен қашшоқ жанубнинг бой ва кучли шимолга қарши байроғи эдим», – дейди у Италиянинг азалий қарама-қаршилиги ҳақида.

«Барселона»нинг «Бернабеу»да олқишланган илк футболчиси

Диегони ҳатто рақиблар ҳам яхши кўришарди. 1983 йилда «Барселона» сафида у «Реал» дарвозасини ишғол қилди. «Сантьяго Бернабеу»даги Испания кубоги финали эди. Гол жуда масхараомуз урилган бўлиб, Марадона дарвозабон ва ҳимоячини доғда қолдириб, тўпни дарвоза чизиғидан юмалатиб қўйганди.

Шу даражада чиройли чиққан эдики, одатда Каталония томонини ҳеч қачон олқишламаган мадридликлар ҳам ўзларини тутиб тура олмадилар. Бундан кейин «Бернабеу»нинг эътиборига «Барселона»нинг яна икки футболчиси Роналдиньо ва Андрес Иньеста сазовор бўлган.

Қўл билан гол уриш янгилик эмасди

Марадона ўша машҳур голидан аввал ҳам қўли билан гол урган.

Бу воқеа «Аргентинос Хуниорс» таркибидаги ўйинларидан бирида содир бўлган. Бу гол ҳақида қаҳрамонимиз шундай деган: «Рақиб футболчилари бир бўлиб ҳакамга ташланишди, лекин ҳакам қўпол хатога йўл қўйиб, голни инобатга олди. Биламан, бу яхши эмас, аммо қарор қабул қилаётганда сокин ва хотиржам ҳолат бошқа, жанг ўчоғида бўлган пайтингда эса, нима қилиб бўлса ҳам тўпга тегинишни истайсан – ҳаммаси беихтиёр содир бўлади».

Мексикадан сўнг

ЖЧ-1986 тугагач, у бир неча кунни уйқуда ўтказди ва фақат печенье еди.

Марадона уйга эмоционал толиққан ҳолатида қайтди. У уйига қамалиб олиб, кунлаб уйқудан бош кўтармади. Диегонинг ҳимоячиси ролини онаси қойилмақом ижро этди. Футболчининг танишлари, дўстлари, журналистлар олдига яқинлаша олмадилар. Она ҳар куни Диегога печенье ва сут ташиди. Бошқа нарса керак эмасди.

Энг қимматбаҳо тош

Бир куни Марадона қадрдон она-шаҳри Вилья Фиоритога келади ва темирйўл вокзалида ўша шаҳар номи ёзилган жойда, «О» ҳарфи ичига имзосини қолдиради. Табиийки, бир неча соат ўтмай, бундан асар ҳам қолмади, ёзувни кўчириб олишди. Ҳеч қачон бир парча тош бу қадам қиммат бўлмаганди.

«Сантос» клублар қироли бўлиши мумкин эди

Бу ҳам қизиқ, ўз вақтида, 25 йил муқаддам Марадона Пеленинг қадрдон жамоаси «Сантос»нинг ўйновчи мураббийи бўлиши мумкин эди. Бразилия клуби Марадонанинг трансфери учун ҳар қандай маблағдан воз кечишга тайёр бўлган.

Якунда томонлар келиша олмайди. 1998 йилда бу масала яна кун тартибига чиқди, аммо бу сафар ҳам иш ўхшамаган.

Марадона ва унинг фарзандлари

«Менинг қонуний фарзандларим – Далма ва Жанина. Қолганлари менинг пулларим ва хатоларим оқибати», – деганди Диего.

Аммо кейинчалик у бошқа фарзандларини ҳам тан олди. Уч нафари Кубада, Диего 2003-2005 йилларда гиёҳвандликдан даволанаётган пайтида туғилган. Бундан ташқари, бир қатор суд маҳкамаларидан сўнг, Марадона 32 ёшли Диего Жуниор ҳамда 22 ёшли қиз Жанани ҳам ўз фарзанди сифатида тан олди. У маълум вақт кўришиб юрган бир қиздан ҳам фарзанд дунёга келган. Демак, ҳаммаси бўлиб унда саккиз нафар қонуний тан олинган бола бор.

 Диегонинг илк меҳмони ёки қабр тошидаги ёзув

Ўн йиллар олдин Диего Аргентинада La noche del 10 номли ток шоу муаллифи бўлган ва кўрсатувда илк меҳмон сифатида Пеле ташриф буюрганди. Эфир пайтида футбол қироли том маънодаги ҳамкасби ҳақида анча илиқ фикрлар билдирган. Пеле Диегони наркотиклар туфайли қамалиб қолган ўз ўғлига намуна сифатида эътироф этганди.

«Сен бу курашда ғолиб чиққанинг учун, ўғлимга ҳам ўрнак бўлишинг керак, деб ўйлайман. Сенинг бу дастурингда бутун дунёда миллионлар томоша қилади, демак, бунинг ёрдамида одамларга ёрдам беришимиз мумкин», – деганди бразилиялик қирол.

Шу кўрсатувнинг бошқа сонларидан бирида Диего ўзидан ўзи ҳам интервью олган.

- Агар Марадонанинг таъзия маросимига бориб қолсак, нималар деган бўлар эдинг, - деб сўрайди Марадона Марадонадан.

Марадона жавоб берганди:

- Футбол ўйнаганинг учун раҳмат. Бунинг учун сендан миннатдорман, зеро, айнан спорт менга эркинлик ва қувонч тақдим қилди, бу худди бармоқларинг билан осмонга тегингандек ҳисни беради. Тўпдан ҳам миннатдорман. Қабр тошлари устига айнан шу сўзларни ёзилишини истайман – «Раҳмат сенга, Тўп».

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар