27.10.2020 11:57
6321
«Лорд Бэмфорд». Англияда янги юлдуз

6-турнинг илк ўйинида «Лидс Юнайтед» ушбу мавсумда очко йўқотмай келаётган «Астон Вилла» устидан 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Марсело Бьелса жамоаси Келвин Филлипс ва Диего Льорентенинг жароҳатидан сўнг, бироз кучсизланган таркиб билан келганди.

Аммо бу «Лидс»га халақит бермади, ҳал қилувчи қаҳрамон эса Патрик Бэмфорд бўлди.

«Иккинчи бўлимда, ҳисоб 0:0 эканида мени алмаштириб юборишса керак, деб ўйладим», – дея кулди ўйиндан сўнг тўпни эсдалик учун ушлаб олган ҳужумчи. Биламизки, одатда ҳет-трик қилган футболчилар тўпни уйга олиб кетадилар. Бэмфорд 19 дақиқада рақиб дарвозасини уч марта аниқ нишонга олишга муваффақ бўлди.

Аслида, Бэмфорд нафақат ушбу ўйинда, умуман «Лидс» таркибида захира вариантига айланишга яқин турганди. Чемпионшип юлдузининг АПЛда ҳам бирдек муваффақият қозонишига у қадар ишонқирамаган клуб «Валенсия»дан Родригони катта суммага сотиб ҳам олганди. Аммо ҳозирча, Бэмфорд нафақат «Лидс»да, балки бутун лигада кўзга кўринган ҳужумчилардан бири бўлиб турибди. «Астон Вилла» билан ўйиндаги голлар эса, бир неча жиҳатларда тарихий бўлди.

- «Лидс» 17 йилдан бери АПЛда ҳет-трик кўрмаганди – охиргиси 2003 йилда Марк Видука томонидан амалга оширилган. Тўғри, бу даврда жамоа АПЛда ўйнамаганди ҳам.

- Бэмфорд «Лидс» тарихида сафар учрашувининг бир бўлимида ҳет-трик қайд этган илк футболчига айланди. Ҳужумчи шунингдек, жамоасидаги илк ҳет-тригига эришди.

- Охирги 28 йилда илк марта, АПЛ дебютанти қаторасига олти учрашувда майдонни голсиз тарк этмади. 1992/93 йилги мавсумда «Мидлсбро» шундай кўрсаткич қайд эта олганди.

- Патрик 6 турдан сўнг, 6 гол уриб, Муҳаммад Салоҳ билан биргаликда тўпурарлар баҳсида учликни забт этиб туришибди. Фақат Кэлверт-Льюин ва Сон Хон Мин ҳисобида кўпроқ гол бор.

Патрик Бэмфорд «Челси»нинг ўша машҳур ижара сиёсатининг ёрқин номоёндаларидан биридир. У 2012 йилда Лондон клубида пайдо бўлган, беш йил давомида олти марта турли клубларда ижарама-ижара юриб, «Челси» сафида бирорта ҳам ўйинда майдонга туша олмаган. Кейинчалик, «Мидлсбро»га борган, сўнгги йилларда «Лидс Юнайтед»да тўп суриб келмоқда.

Бэмфорднинг очилишида Марсело Бьелсанинг хизмати катта – ҳужумчи мураббийнинг ёқимтой шогирдларидан бири ҳисобланади. Ўтган мавсумда Бэмфорд 43 ўйинда асосий таркибда туширилди. Бэмфорднинг энг катта камчилиги вазиятлардан унумли фойдалана олмаслик эди – мавсум давомида 16 гол урган футболчи қулай имкониятлардан фойдалана олмаслик борасида ҳам «тенгсиз» бўлган. Бэмфорд 34 марта хавфли вазиятни голга айлантира олмаган – бу борадаги энг яқин таъқибчидан 16тага кўп. xG жадвалида у яна 12 марта гол уриши лозим эди. Аммо бу яққол камчилик ҳам Бьелсанинг ҳужумчи ҳақидаги ижобий фикрини ўзгартирмади. Премьер Лигада ҳозирча, ҳаммаси бошқача кетмоқда.

«Мен албатта, Бьелсадан миннатдорман, айнан у биринчи бўлиб, менда «тўққизлик»ни кўрганди. Биз жуда яқин алоқадамиз, ҳамкорликда қандай қилиб янада кучлироқ бўлишни жуда яхши биламиз», дейди Бэмфорд.

Бэмфорд - аксарият футболчилар учун ноодатий муҳит ва шароитда улғайган. У бадавлат оилада туғилди, Ноттингемдаги қиммат хусусий мактабда таҳсил олди ва ҳатто скрипка, фортепиано, саксофон ва гитара чала олади. 8 ёшидан «Ноттингем Форест» академиясида футбол билан шуғуллана бошлайди, аммо мактабда футбол жамоаси бўлмагани учун, 10-синфгача регби жамоасида фулбек амплуасида ўйнаган.

Патрик мактабни яхши баҳоларга тугатди, битирув имтиҳонларни юқори баллга топширди. Француз тили, тарих, биология фанларидан аъло баҳо олди. Шунингдек, испан ва немис тилларини мукаммал билади. Унга ҳатто Ҳарвардда спорт стипендиати бўлишни таклиф қилишган. Бунинг учун Бэмфорд бизнес факультетига ҳужжат топшириши керак эди.

Аммо футбол ўйнашни танлади. Ҳозирча ёмон эмас.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар