26.10.2020 18:11
7469
«Барселона» президенти истеъфога чиқарилиши мумкин

«Барселона» клуби раҳбарияти тўлиқ таркибда истеъфога чиқарилиши мумкин. Кейинги ҳафтанинг сешанба куни клуб президенти Жозеп Бартомеу ва директорлар кенгаши аъзолари ўз лавозимларидан озод этилиши кутилмоқда, дея ёзади Sport.es.

Манбанинг ёзишича, Каталония ҳукумати 1-2 ноябрь кунларига белгиланган «Барселона» раҳбариятига ишончсизлик вотуми бўйича овоз бериш жараёнини бошқа санага кўчирмаса, ушбу ўзгаришлар амалга ошади.

Mundo Deportivo’нинг хабар беришича, «Барселона» клуби Каталония женералитетига хат йўллаб, Испания ҳукуматининг коронавирус пандемияси туфайли мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилгани боис, 1-2 ноябрь кунлари белгиланган ишончсизлик вотуми бўйича референдумни бекор қилишни сўраб мурожаат қилган. Клуб овоз бериш жараёнида Барселонада коронавирус юқтириб олганлар сони кескин ошишидан хавотирда эканлигини билдирган.

Қайд этилишича, женералитет импичмент бўйича референдум ўтказишни бекор қилмаса, Бартомеу клуб директорлар кенгашига тўлиқ таркибда истеъфога чиқишини сўрамоқчи.

Эслатиб ўтамиз, «Барселона» 10 сентябрь куни клуб президентлиги учун сайловлар 2021 йилнинг 20-21 март кунлари ўтказилиши ҳақида эълон қилганди. 

Маълумот учун, Каталония клубининг ўтган мавсумда совринсиз қолгани, клуб раҳбариятининг Месси билан келишмовчилиги ва «Эль-Класико»да «Реал»га мағлубиятга учрагани ортидан жамоа президенти Жозеп Бартомеуга нисбатан норозилик кайфияти ошган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар