17.08.2020 21:18
6039
«Трансфер пулини Жасурнинг ўзи ёки учинчи томон тўлаши мумкин эди ва шундай ҳам қилинди». Жалолиддиновнинг агенти ПФЛ сўрови борасида жавоб берди

Жасур Жалолиддиновнинг «Бунёдкор»дан Москванинг «Локомотив» клубига трансфер қилингани атрофида юзага келган мунозарали вазият борасида футболчининг агенти Юрий Белоус ҳам ўз фикрини билдирди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.

Россиялик таниқли футбол мутахассисининг айтишича, ПФЛ томонидан ЎФАга ушбу трансфер бўйича иш очиш учун сўров юборилган бўлса-да, ўзбекистонлик 18 ёшли футболчининг Москва клубига трансфер қилиниши борасида шубҳа-гумонга ўрин йўқ.

«Ушбу трансфер тарихи тиниқ сувдек топ-тоза, турли гумонларга ўрин йўқ. Билишимча, «Бунёдкор»да раҳбарият ўзгарган, бош директор ўрнига бошқаси келган. Уларга трансфер бўйича ҳужжат қоғозлари керак бўлса, ўзлари излайверишсин. Агарда уларга ниманидир бериш лозим бўлса, буни «Локомотив»дан сўрашлари мумкин бўлади.

Жасур «Локомотив»га эркин агент сифатида ўтганди. Уни эркин агент сифатида қўйиб юборишга қарор қилинганди. Шунга қарамай, «Бунёдкор» уни қўйиб юбориш учун маълум маблағни белгилаб қўйганди. Трансфер учун тўловни Жасурнинг ўзи ёки учинчи томон амалга ошириши мумкин эди ва шундай ҳам қилинди. «Бунёдкор» маблағни тўлиғлигича олди, шунингдек клуб ФИФА қоидасига биноан футболчини тарбиялагани учун яхшигина миқдордаги маблағга ҳам эга бўлди. «Бунёдкор» томонидан ҳеч қандай эътироз ёки шикоят йўқ. Уларга маблағни Россиянинг энг яхши клубларидан бири тўлади. Футболчининг ҳам келажаги ёрқин», - дейди Юрий Белоус «РИА Новости» мухбири билан суҳбатда.

Эслатиб ўтамиз, Жасур Жалолиддинов июль ойи якунида «Бунёдкор»дан «Локомотив»га ўтиб, москваликлар билан 5 йиллик шартнома имзолаганди. 

Аввалроқ, «Бунёдкор» клуби бош директори Улуғбек Мирзаев Tribuna.uz мухбири билан суҳбатда трансфер учун Россия клуби 350 минг евро тўлашини маълум қилганди. 

Мирзаев номаълум сабаблар туфайли лавозимидан озод этилгач, 17 август куни ПФЛ Жалолиддинов трансфери бўйича иш очиш учун ЎФАга сўров жўнатганлигини ташкилот директори Диёр Имомхўжаев маълум қилганди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар