08.08.2020 20:50
17857
Давид Сильва А Серияга, «МЮ» футболчиси Ливерпуль клубига ўтиши кутилмоқда. 8 август кунги трансфер хабарлари

«Барселона» «Манчестер Сити»нинг марказий ҳимоячиси Эрик Гарсия трансфери борасида музокара ўтказишга тайёр эканини билдирди. Каталонияликлар испаниялик ҳимоячи учун 15 миллион евро тўлаш истагини билдирди, аммо инглизлар трансфер суммасини 35 миллионга баҳолаяпти. Яна бир тарафи борки, 19 ёшли футболчининг шартномаси келаси йилга якунига етади, демак агар «Сити» уни шу ёзда сотмаса, кейин текинга қўйиб юборишига тўғри келади. (Манба: Goal.com)

«Валенсия» «Порту»дан Диогу Лейтени сотиб олиш юзасидан келишувни якунламоқда. «Кўршапалаклар» португалиялик ҳимоячи учун 15 миллион евро ва унга қўшимча 5 миллион евро қўшимча бонуслар тўлайди. Мураббий 21 ёшли Диогунинг Эсекиэл Гарайнинг ўрнини босишини кутмоқда. (Манба: Marca)

«Арсенал» яримҳимоячиси Маттео Гендузи фаолиятини «Вильярреал»да давом эттириши мумкин. «Вильярреал»да иш бошлаган «тўпчилар»нинг собиқ мураббийи Унаи Эмери табиийки, Маттео билан яхши таниш. 21 ёшли футболчи Эмери даврида «Арсенал»нинг етакчи футболчисига айланиб, ҳатто Франция терма жамоасидан таклиф олганди. Ҳозир эса, унинг ишлари юришмаяпти – клуб раҳбарияти билан жанжал туфайли машғулотлардан четлатилган. (Манба: Daily Mail).

«Челси»нинг ёш марказий ҳимоячиси Фикайо Томори фаолиятини Францияда давом эттириши мумкин. Унга «Ренн» клуби қизиқиш билдирмоқда. Клуб 22 ёшли футболчини янги мавсумда ижара шартномаси орқали қўлга киритмоқчи. Фикайо АПЛнинг сўнгги мавсумида 165 ўйинда майдонга тушиб, 1 гол муаллифига айланган. (Манба: L’Équipe)

«Тоттенҳэм» «Саутҳэмптон»дан Пьер-Эмил Хайбьерг трансферини ҳал қилгач, ўз эътиборини Каллум Уилсонга қаратади. «Борнтмут»нинг 28 ёшли футболчиси лондонликлар учун 20 миллион фунтга тушиши мумкин. АПЛни тарк этган «Борнмут» ўз юлдузларини ушлаб қолиши қийин, аммо «Тоттенҳэм»да бу борада рақобатчилар ҳам бор. Масалан, Лондоннинг бошқа бир жамоаси «Вест Ҳэм» ҳам Уилсонни қўлга киритмоқчи. (Манба: Daily Express)

«Эвертон» «Манчестер Юнайтед»нинг қанот ҳимоячиси Диогу Далотга харидор бўлмоқда. Икки йил олдин Манчестерга келган 21 ёшли футболчи Сульшер қўл остида асосий таркибга кира олмаяпти. Сўнгги мавсумда у АПЛда фақат 4 ўйинда майдонга тушди, бу учрашувларда ҳам Далот ўйин охирларида захирадан туширилганди. Мерсисайдликлар футболчи учун 10 миллион фунт сарфлашга қарши эмас.

Унаи Эмери собиқ жамоалари ичида нафақат «Арсенал», балки «Валенсия»ни ҳам унутмаяпти. Валенсияликларнинг қийин молиявий ҳолатидан фойдаланиб, биратўла икки яримҳимоячисини қўлга киритмоқчи. Аввалроқ, «Вильярреал» Дани Парехо борасида келишувга эришгани ҳақида хабарлар тарқалганди, энди эса, эътибор, Франсис Кокленга ҳам тушмоқда. 29 ёшли франциялик яримҳимоячининг нархи 12-15 миллион евро атрофида баҳоланмоқда.

«Бетис» Клаудио Бравога ўз эътиборини қаратди. Чилилик дарвозабоннинг «Манчестер Сити» билан шартномаси шу ойда якунига етади ва андалусияликлар уни текинга қўлга киритишмоқчи. Ўтган мавсумда Браво АПЛда 4 ўйинда майдонга тушиб, 7 марта ўз дарвозасидан гол ўтказди. (Манба: Marca)

«Уотфорд» ҳужумчиси Кучо Эрнандес учун курашда «Гранада»нинг имкониятлари юқори баҳоланяпти. Ўтган мавсумда ижара асосида тўп сурган Карлос Фернандес Севильяга қайтиб кетди ва «Гранада» янги ҳужумчи излаётганди. Кучо ўтган йили «Мальорка»да ижара асосида тўп сурган ва Ла Лигада 22 ўйинда 5 голга муаллифлик қилганди. 21 ёшли футболчига шунингдек, «Вальядолид», «Уэска», «Осасуна» ва «Сельта» каби клублар ҳам даъвогарлик қилишмоқда. (Манба: Diario AS)

«Аякс» «Тоттенҳэм» чап қанот вингери Райан Сессеньонни ижарага олиш имкониятларини кўриб чиқяпти. Клуб мабодо «Манчестер Сити» ва «Лестер» қизиқаётган Николас Тальяфикони сотиб юборса, Сессеньонга эҳтиёж сезиши мумкин. Сессеньонга шунингдек, унинг собиқ жамоаси «Фулҳэм» ҳам кўз тиккан. Маълумки, ушбу клуб янги мавсумда АПЛда тўп суриш имкониятини қўлга киритди. (Манба: Guardian)

«Лейпциг»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Норди Мукиелега «Бавария» қизиқиш билдирмоқда. «Ред Булл»чилар 22 ёшли футболчини сотмоқчи эмас, зеро амалдаги шартнома 3 йилдан сўнг ниҳоясига етади. Аммо агар каттароқ сумма таклиф қилишса, бугунги шароитда кўриб чиқишлари мумкин. Ўтган мавсумда Норди Бундеслигада 25 ўйинда қатнашиб, 3 гол урди ва 3 голга ассистентлик қилди. (Манба: Sky Germany)

«Бенфика» клуби «Гремио» билан вингер Эвертон Соарес бўйича келишувга эришди. «Бургутлар» 24 ёшли бразилиялик вингер учун 20 миллион евро тўлайди. Эртага футболчи тиббий кўрикдан ўтади ва шундан сўнг трансфер ҳақида расман эълон қилинади. Аввалроқ, ушбу иқтидорли футболчи учун «Арсенал», «Милан» ва «Эвертон» даъвогарлик қилаётганди. (Манба: GOAL)

«Челси» «Вест Ҳэм» марказий ярим ҳимоячиси Деклан Райсни ўз таркибига қўшиб олишга уриниб кўради. «Челси» бир неча футболчисини сотиб, тахминан 65 миллион фунт қўлга киритмоқчи ва ушбу маблағ ҳисобига Райс ҳам сотиб олиши мумкин. Ўтган мавсумда англиялик футболчи барча 38 ўйинда майдонга тушиб, битта гол урган ва уч голга ҳаммуаллифлик қилганди. Деклан Райс анчадан буён «Манчестер Юнайтед»нинг ҳам эътиборида бўлиб турибди. (Манба: Daily Star)

Ушбу трансфер ойнаси чоғида «Ливерпуль»нинг асосий нишони «Уотфорд» вингери Исмоил Сарр бўлиши кутилмоқда. Сенегаллик футболчини бир йил олдин «Уотфорд» «Ренн»дан 30 миллион еврога сотиб олганди ва жамоа муваффақиятсиз мавсум ўтказган бўлса-да, Сарр ишончни оқлади. 28 ўйинда майдонга тушган 22 ёшли футболчи 5 гол урди ва 6 ассистни амалга оширди. Жумладан, айнан «Ливерпуль»га қарши ўйинда Сарр дубль қайд этган ва бир голга узатмани амалга оширган. Футболчи учун шунингдек, «Кристал Пэлас» ҳам даъвогар бўлиб турибди. (Манба: Liverpool Echo)

«Милан» Лукас Торрейрани ўз сафига қўшиб олишга ҳаракат қилади. «Арсенал» яримҳимоячиси А Серияга қайтиш истагини яширмаётганди. У ўз вақтида «Сампдория»дан сотиб олинганди. «Арсенал» 24 ёшли уругвайлик футболчини сотишга тайёр, фақат камида 30 миллион евро олиш ниятида. Ўтган мавсумда Лукас 29 ўйинда майдонга тушди ва битта гол урди. (Манба: The Telegraph)

Давид Сильванинг отаси ўғлининг Испанияга қайтиш эҳтимоли камлигини тан олди ва «Лацио» варианти ҳақиқатга яқин эканини айтди. Римликлар Сильвага шартнома таклиф қилган ва хабарларга қараганда, ҳар икки томон ҳам музокаралардан қониқаётганликларини билдирган. Давид Сильва «Лацио»да йилига 3 миллион евро миқдорида маош олиши кутилмоқда. (Манба: Sky Sports)

Германиянинг «Вердер» клуби «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Тахит Чонг билан қизиқаётгани жиддий бўлиб чиқди ва немислар ёш футболчини узоқ муддатга ижарага олмоқчи. «Бизга бу позицияга Чонг каби футболчи зарур ва «Манчестер Юнайтед» билан музокаралар ижобий ўтди. Яна бир қатор шартлар борасида келишишимиз керак», – деди клуб раҳбари Франк Бауман. (Манба: клуб расмий сайти)

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар