22.07.2020 18:01
2582
Теглар
Футболни хусусийлаштириш йўлида. «Турон» бунинг самарасини исботлай оладими?

Ўзбек футболини хусусийлаштириш ҳақида кўп гапирилмоқда. Айниқса охирги йилларда. Узоқ вақт иқтисодий мустақиллик борасида умуман олдинга силжимаган футболимизда бундай ҳаракатларнинг пайдо бўлгани жуда ёқимли.

#FootWeek'нинг навбатдаги сонини суратга олиш учун Фарғонанинг Яйпан туманида бўлдик. Биласиз, у ерда ташкил этилган «Турон» клуби ўзбек футболига шаҳдам қадамлар билан кириб келмоқда. Кўрсатувнинг бу галги сонида клуб раҳбари Абдувоҳид Абдувалиев билан суҳбат уюштирдик.

Очиғи, «Турон»даги шароитлар, стадион ва майдоннинг ҳолати ҳавас қиларли даражада. Маҳаллий ҳокомиятдан янги мавсум учун пул сўрамасдан ҳам клуб қилиш мумкинлигини айнан шу жамоа мисолида кўрдик. «Турон» ФК раҳбарининг айтишича, клубда футболчилари кўпи билан 3-4 миллион ойлик олишади. Мукофот пулларидан ташқари, албатта. Шунингдек, мавсум охирида қайд этилган натижага қараб бонус пуллари белгиланган.

«Турон» раҳбарияти футболчилар олдига жорий мавсум учун Суперлигага чиқиш вазифасини қўйишган. Минимум вазифа сифатида эса Про-лигада камида учликка кириш белгиланган. Маълум бўлишича, клуб аллақачон маркетинг фаолияти орқали пул топишни бошлаган. Аммо «Турон» клубининг пул топиш учун белгилаган асосий мақсади «Спортинг» клуби каби ёш футболчиларни тарбиялаб трансфер қилиш ва шу орқали пул топиш экани айтилди. Kun.uz'нинг YouTube'даги саҳифасида интервьюни тўлиқ кўринишда томоша қилишингиз мумкин.

Кўрсатувнинг бу сонида яна кўплаб қизиқарли мавзулардаги мулоҳазалар билан танишасиз. Бу сонда «Навбаҳор» ҳимоячиси, Ўзбекистон миллий жамоасига номзод сифатида қаралаётган Игорь Голбан билан ҳам интервью қилмоқчи эдик, аммо футболчи бунга рози бўлмади. «Навбаҳор» клуби эса бизни янада ҳайратлантириб, ҳатто матнли интервью ҳам ташкил қилиб бермади.

Бу сонда Европа трансфер бозорида талаш бўлаётган ўзбек футболчилар, Леонид Федуннинг Остон Ўруновга қизиқиши, Туркиядаги янги чемпион ва яна бир ажойиб юлдуз ҳақида гаплашамиз. Виктор Осимҳен ҳақида эшитиб улгурган бўлсангиз керак. «Наполи»га ўтишга яқин бўлган бу футболчи ёшлигида жуда кўп қийинчиликлар кўрган. Африкадаги бошқа болалар каби... #FootWeek'нинг янги сонида Осимҳеннинг ўрнак олса арзирли ҳикоясини ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз.

Юз марта эшитгандан бир марта кўрган яхши. #FootWeek'нинг янги сонини томоша қилинг ва ўз фикрларингиз билан ўртоқлашинг.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар