ФИФА вице-президенти ва КОНКАКАФ президенти Виктор Монтальяни ташкилот режалари ҳақида гапириб берди.
Tuttosport хабарига кўра, ФИФА дунё футболи тақвими тамойилларини ўзгартириш масаласи билан шуғулланмоқда.
«Коронавирус пандемияси туфайли ФИФА ўзининг баъзи тамойилларини ўзгартиришга мажбур бўлмоқда. Ҳозир футбол мавсумини якунлаш ёки давом эттириш масаласи билан давлат идоралари шуғулланмоқда ва уларнинг футболга аралашувини қатъий равишда қабул қилмаган ФИФА ҳам ҳозир бу борада баҳслашмаяпти. Бу вақтинчалик мажбурий чора. Аммо жорий қилиниши мумкин бўлган бошқа ўзгаришлар ҳам бор.
Масалан, футбол тақвимининг асосий саналари. Анъанавий куз-баҳор схемаси ўрнига баҳор-куз асос қилиб олиниши мумкин. Қатардаги ЖЧ-2022 ноябрь-декабрь ойларида ўтказилишини инобатга олсак, буни доимий равишда жорий қилиш ҳақида ўйлаб кўриш керак.
Масалан, Шимолий Америка давлатларида мавсум баҳор-куз тизимида ўтказилади ва бунда ҳеч қандай ноқулайлик йўқ. Бу Европа, Африка ёки бошқалар учун муаммо бўлмаса керак», деб Монтальяни сўзларини келтирмоқда Sport радиоси.
Аввалроқ, «Байер» клубининг бошқарув раиси Фернандо Карро ҳам чемпионатларни баҳор-куз тизимига ўтказиш тақвим муаммоларини ҳал қилишини айтганди.
«Агар жорий мавсум октябрь – ноябрь ойларига қадар чўзилиб кетса, кейинги мавсумни январда бошлаш мақсадга мувофиқ бўларди. Бу эса тақвимни 2022 йил ноябрь – декабрь ойларида Қатарда ўтказиладиган жаҳон чемпионатига мослаштириш имконини беради.
Бу вариантни камида ўрганиб чиқиш лозим деб ҳисоблайман. Аммо баъзи мамлакатларда, масалан Испанияда ёзда жуда иссиқ бўлади, шуни ҳам инобатга олиш лозим. Бундан ташқари, ёзда ТВ ҳам трансляцияларга қизиқмайди».