22.01.2020 12:51
3541
Бир қадам боссанг бас...

Бугун, 22 январь куни ўзбек футболи тарих зарварақларидан жой олиши мумкин. Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия жамоаси ўз тарихида навбатдаги марта энг йирик нуфузли спорт турнири – Олимпиада остонасида турибди.

 Любинко Друлович бошчилигидаги олимпиячиларимиз бугунги ярим финал баҳсида Саудия Арабистони жамоасига қарши саф тортади. Айнан ушбу ўйин Ўзбекистон олимпия жамоаси учун турнирдаги энг муҳим тўқнашув саналади. Вакилларимиз ғалаба қозонган тақдирда Олимпиадага йўлланма олиш билан бирга финалга ҳам чиқишади. Тошкент вақти билан 15:15 да бошланадиган учрашувни япониялик Рюжи Сато бошчилигидаги ҳакамлар бригадаси бошқариб боради.

 Ўйиндан олдин Ўзбекистон бош мураббийи Любинко Друлович янги тарих яратиши арафасида турганлиги ҳақида гапирди:

«Бизни кучли жамоага қарши муҳим ўйин кутиб турибди. Рақиб тезкор футболчиларга эга жисмоний жиҳатдан яхши жамоа. Ҳа, биз рақибдан бир кун камроқ дам оляпмиз, аммо шифокор билан гаплашганимда у футболчиларнинг ҳолати яхши эканини айтди. Бизда ҳаммаси жойида. Биз Ўзбекистон учун тарих яратиш арафасида турибмиз» - деган сербиялик мураббий.

Ўз ўрнида саудлар бош мураббийи Саъд аш-Шеҳри Ўзбекистон билан ўйин олдидан Саудия Арабистони футболчилари бир кун кўпроқ дам олгани жамоа фойдасига ишлашига умид билдирган.

«Мақсадимиз Олимпиада ўйинларига йўлланма олиш, шу боис бу баҳсга тайёрмиз. Ўзбекистонга қарши жуда қийин ўйин кутиб турибди. Рақибда кучли жамоа, кучли футболчилар бор. Таиландни қийинчилик билан енгдик, аммо ўша баҳсда ўз характеримизни кўрсата олдик. Ўзбекистонга қарши ўйин олдидан бизда дам олиш учун бир кун кўпроқ вақт бўлди ва умид қиламан бу фойдамизга ишлайди. Ўзбекистонга қарши ўйинларда хато қилсанг, бу сенда муаммолар туғдиради», - дея фикр билдирган мураббий.

 Яримфиналга қадар Ўзбекистон олимпия жамоаси 4 ўйинда 2 ғалаба, 1 дуранг ва бир мағлубият билан, жами 9та гол уриб, ўз дарвозасидан 4та гол ўтказиб юборган. Рақибларимиз Саудия Арабистони олимпиячилари эса ярим финалгача 4 ўйинда 2 ғалаба, 2 дурангга эришиб, жами 3та гол уриб, ўз дарвозасидан 1 марта тўп ўтказиб юборган.

 Ўзбекистон олимпия жамоасининг Осиё чемпинатидаги натижалари:
1-тур.
Ўзбекистон – Эрон – 1:1
2-тур. Ўзбекистон – Хитой – 2:0
3-тур. Ўзбекистон – Жанубий Корея – 1:2
Чорак финал. Ўзбекистон – БАА – 5:1  

Саудия Арабистони олимпия жамоасининг Осиё чемпинатидаги натижалари:
1-тур.
Саудия Арабистони – БАА 1:1
2-тур. Саудия Арабистони – Қатар 0:0
3-тур. Саудия Арабистони – Сурия 1:0
Чорак финал. Саудия Арабистони – Сурия 1:0

 Натижалардан кўриниб турибдики, Саудия Арабистони аслида қўрқинчи рақиб эмас. Аксинча, самарадорлик борасида Ўзбекистон олимпия жамоаси ўз рақибидан устунлик қилмоқда. Бугунги ярим финал учрашуви қай даража муҳимлигини мухлислар сингари футболчилар ва мураббийлар штаби ҳам жуда яхши тушуниб турибди. Ўтган йиллар давомида Олимпиада саралаш босқичларида қай даража омадсизликка учраганларимиз кечагидек ёдимизда, эслашни ҳам хоҳламаймиз. Бу футболчиларда яна тўрт йилдан кейин бугунгидек тарих яратиш имконияти бўлмайди. Шундай экан, йигитларимизда ўз номларини зарҳал ҳарфлар билан битиш вақти етди. Бунинг учун эса Саудия тўсиғидан ўтиш кифоя, бир қадам боссак бас...

 Бугун. 22 январь (чоршанба)
Осиё чемпионати (U-23). 1/2 финал
Саудия Арабистони – Ўзбекистон
Бош ҳакам:
Рюжи Сато (Япония)
Бангкок, «Ражамангала»
Ўйин бошланиш вақти: 15:15
ТВ-трансляция: «Спорт»

Осиё чемпионати (U-23). 1/2 финал
Австралия – Жанубий Корея
Ўйин бошланиш вақти:
18:15
ТВ-трансляция: «Спорт»
 3-ўрин учун ўйин. 25 январь (шанба)
 Финал. 26 январь (якшанба).

Усмон Ибодов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар