15.12.2019 16:20
9862
Ўзил Хитойдаги уйғурлар билан боғлиқ вазиятни қоралади. «Арсенал» ўзини четга олди

Месут Ўзил бу мавсумда аввалгидек ўйнай олмаяпти: барча турнирлар доирасида 10 ўйинда атиги 2 голли узатма. Лекин у твиттердаги сўзлари билан барчанинг эътибор марказига тушди - у Хитойдаги уйғурлар репрессиясига қарши чиқди: «Шарқий Туркистон — Ислом умматининг оғриқли нуқтаси. Уйғурлар инсонларни исломдан ажратмоқчи бўлганларга қарши ёлғиз курашишмоқда. 

Улар (хитойликлар) Қуръонни ёқишмоқда, масжидлар ва мадрасаларни ёпишмоқда, диний уламолар қатл қилинмоқда. Эркакларни лагерга жўнатишмоқда, уларнинг оиласи эса хитойлик эркаклар билан яшашга мажбур қилинмоқда.

Лекин мусулмонлар сукут сақлашмоқда. Уларнинг овози эшитилмаяпти. Уларни ўша ерда ёлғиз қолдиришмоқда. Ахир зулмга рози бўлиш — айнан зулмнинг ўзи эканини улар билишмайдими?»

Уйғурлар кимлар?

Уйғурлар Шарқий Туркистоннинг туб халқи (11 миллион киши, эътиқодига кўра мусулмон-суннийлар), улар ҳозирги Хитой халқ республикаси таркибида ташкил этилган Шинжон-Уйғур мухтор ҳудудида истиқомат қилишади.

2018 йилнинг сентябрида Humans Rights Watch Хитойдаги мусулмон аҳолининг таъқибга учраши бўйича ҳисобот эълон қилганди. Унда Хитой ҳукумати оммавий равишда ва кўп ҳолларда ҳеч бир сабабсиз уйғурларни қўлга олиб, уларни қайта тарбиялаш лагерларига жойлаштириши, миллионлаб кишилар доимий кузатув остида яшаши, уларнинг ижтимоий аҳволи ва тақдири «ижтимоий кредит» ҳисоблаш тизимида тўплайдиган балларига боғлиқ бўлиши айтилганди.

Washington Post нашрининг ёзишича, минтақада диний бинолар бузиб ташланиши, Қуръон тақиқланиши, баъзи мусулмонлар эса чўчқа гўшти ейишга мажбурланиши кузатилади.

Ўтган йилнинг ноябрида Хитой «қайта тарбиялаш ва ўқитиш лагерлари» мавжудлигини тан олганди. Бу экстремизмга қарши кураш зарурати билан изоҳланган. БМТ маълумотига кўра, 2018 йил декабрида бир миллиондан ошиқ уйғурлар сақланаётганди.

Уйғурлар кўп йиллар Хитойдан мустақил бўлиш учун курашишган. Қайта тарбиялаш лагерлари тузиш ташаббуси ХХР раиси Си Жингпинга тегишли ҳисобланади: у 2014 йилда минтақага илк ташрифини амалга оширган чоғда уйғур айирмачилари иккита бомбани ҳаракатга келтиришган ва 119 нафар киши ҳалок бўлганди.

Июль ойида БМТ кенгашида 22 мамлакат уйғурларнинг қатағон қилиниши қораланган нома имзоланди. Бир кун ўтиб Хитой ҳукумати жавоб хати билан чиқиш қилди. «Терроризм ва экстремизм билан боғлиқ жиддий муаммоларга тўқнаш келган Хитой Шинжонда радикализм даражаси камайишига эришиш чораси сифатида профессионал таълим ва ўқитиш марказлари тузишга қарор қилди», дейилади мактубда.

Унда шунингдек, «Хитойнинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасидаги улкан ютуқлари» келтириб ўтилган. Бу номани 37 давлат, шу жумладан Россия, Беларусь, Шимолий Корея, Саудия Арабистони, Сурия, Венесуэла ва Куба каби давлатлар имзолади.

«Арсенал» бу баёнот – Ўзилнинг шахсий фикри экани ҳақида баёнот берди

Лондон клуби бу масалада бетарафлигини очиқ баён этди. «Арсенал» Weibo ижтимоий тармоғида (Хитойнинг ички ижтимоий тармоғи, 500 миллиондан ортиқ фойдаланувчи бор) махсус баёнот берди

«Биз Месут Ўзилнинг сўзлари билан боғлиқ вазиятни аниқлаштиришимиз керак. Месут нима ёзган бўлса – бу унинг шахсий фикри. «Арсенал» спорт ташкилоти сифатида ҳеч қачон сиёсий масалаларга аралашмайди».

Клуб нега бундай қилди? Албатта бу тезкор жавоб бежиз эмас – «Арсенал»нинг Хитойда жиддий бизнес манфаатлари бор, Лондон клуби бир футболчисининг эътиқоди туфайли бу манфаатлардан воз кеча олмайди. Клубнинг Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида 5 млн нафардан ортиқ аъзо бор, ХХРда «Арсенал»нинг алоҳида офиси ҳам мавжуд, бу ерда клубнинг фаст-фуд тармоғини очиш режалаштирилган. «Арсенал» кўпинча ёзги турнесини Осиёда ўтказади.

Хитойликлар билан ҳисоблашмаслик қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кузда НБА бошдан кечирганди. Ўшанда Хитойда машҳур бўлган жамоалардан бири «Ҳьюстон Рокетс» бош менежери Дэрил Мори твиттерда Ҳонгконгда Хитойга қарши норозилик акцияларини қўллаб-қувватлаб қўйган ва унинг эҳтиётсизлиги ёмон оқибатларга олиб келганди.

Хитой бундан қаттиқ ранжиган, Дэрил Мори ўз твитини ўчирган, клуб раҳбарияти ундан юз ўгирган, лекин НБА изоҳ тайёрлашга кўп вақт сарфлаб юборган, бу вақт ичида лиганинг хитойлик ҳамкорлари ҳамкорликни тўхтатишганди. Натижа – 4 млрд доллар йўқотилди.

Ўзилнинг Хитой учун оғриқли мавзудаги чиқиши ҳозирча катта резонанс келтириб чиқармади. Балки бу «Арсенал» ўз вақтида ҳаракат қилиб, эҳтиёткорлик кўрсатганидадир.

Афтидан, Ўзилнинг чиқиши Эрдўғанга мурожаатдир

Сўнгги вақтларда Месут Ўзил кутилмаганда сиёсатга яқинлашди. Унинг Туркия президенти Ражаб Эрдўған билан суратга тушиши Германияда жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўлди: футболчини сиёсатчилар ҳам, Эрдўғаннинг сиёсати туфайли Туркиядан кетган турк муҳожирлари ҳам қоралашди.

Эрдўған ҳатто Ўзилнинг тўйида иштирок этди – президент футболчига куёвжўралик қилди.

Кейин Ўзил 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин яна бир зарбага йўлиқди – кўпчилик терма жамоа турнирни гуруҳ босқичидаёқ тарк этишида уни айблади. Футболчи эса терма жамоадаги фаолиятини якунлашга қарор қилди.

Балки, Ўзил Туркия уйғурлар ҳимоясига қўшилмагани ва бу бўйича БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашининг бирорта мактубини имзоламагани учун норозидир. Эрдўған иқтисодий манфаатлар (Хитой санкциялар қўллаши мумкин) ва халқ норозилиги (турклар уйғурларни мусулмон биродарлар деб ҳисоблашади) ўртасида балансни ушлашга интилмоқда. Лекин Туркия ТИВ Хитойдаги «қайта тайёрлаш лагерлари» ҳақидаги хабар расман тасдиқланишига муносабати бундай бўлган: «Бу янгилик – бутун инсоният учун шармандаликдир».

Ҳозир Туркияда 35 минг уйғур яшайди, аммо сўнгги йилларда уларнинг виза муддати узайтирилиши бўйича қийинчиликларга учрамоқда.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар