12.12.2019 15:28
5422
Теглар
«Аталанта» эртаги. Бу қандай содир бўлди?

Шу йилнинг 18 сентябрида «Аталанта» Загребда, ўз тарихидаги илк ЕЧЛ ўйинида майдонга тушганди. Италияда Жан Пьеро Гасперини жамоасига аллақачон кўникишган: ҳар қандай жамоага қарши дадил ўйин, Европа Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш – булар энди янгилик эмас. Аммо Чемпионлар Лигаси бошқа даража ва бутун Европа «Аталанта» билан яқиндан танишди.  

Стартдаги мушт

Дебют жуда ачинарли эди. У қадар қийин бўлмаган рақибга қарши бергамоликлар иложсиз қолишди. Ўта юқори прессинг билан ҳаракат қилган «Аталанта» ярим ҳимоясидан загребликлар осонлик билан ўта бошладилар ва ҳужумда кенг ҳудудларга эга бўлдилар. Биринчи бўлимдаёқ ҳисоб – 3:0. Иккинчи бўлимда «Аталанта» бутунлай бошқа услубда ўйнади ва яхшироқ натижага муносиб эди, лекин Сапата ва Пашалич қулай вазиятлардан фойдалана олишмади. «Динамо» ҳужумчиси Оршич эса фойдаланди – 4:0.

Гасперини шунчаки, рақибини менсимаган бўлиши мумкин. Мураббийнинг ўзи ҳам буни тан олди: «Улар мени интенсив ҳаракатлар ва тезкорлик билан ҳайрон қолдиришди. «Аталанта»даги фаолиятим давомида ҳеч қачон бу қадар оғир ҳолатга тушамагандик. Иккинчи бўлимда яхши ўйнай бошладик, лекин кеч эди. Бу мағлубият бизга сабоқ бўлади», – деди мураббий ўйиндан сўнг.

«Шахтёр»га қарши 2-турдаги ўйинни «Аталанта» жуда юқори темпда бошлади. Мезбонлар биринчи бўлимда иккита жуда хавфли вазиятга эга бўлишди, пенальти тепишди, лекин фақат бир марта гол уришнинг уддасидан чиқишди. Бўлим охирида эса жуда кутилмаган, кераксиз гол ўтказиб юборилди.

Кейин яна вазиятлар бўлди, Сапата эса жуда яқин масофалардан гол ура олмаслик бўйича рекорд ҳам ўрнатди, шекилли. Учрашув охирларида бутун жамоа бўлиб ҳужумга ташланган жамоа яна бир марта жазоланди. «Манчестер Сити»га қарши ўйинлар олдидан, икки ўйиндан кейин ноль очко – жуда аянчли ва имконсиз ҳолат. Олдинда яна бир мағлубият кутиб турарди.

Гасперини, дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши, сафарда ўйнаб туриб ҳам, услубига содиқ қоладиган мураббий. Ҳали ҳеч нарса йўқотилмагани ва Манчестерда натижа учун ўйнаш нияти борлигини мураббий А Серияда ҳам исботлаган, шу учрашув олдидан Италияда ўтказилган турда баъзи етакчиларига дам берганди. «Аталанта» ўрта блокда ҳимояланди ва кўп бор тўпни назорат қилиш, паслар орқали ўйнашга уринди. Бу эса, тўп йўқотишлар кўпайишига сабаб бўлди. Малиновский ва Гомес биргаликда 11 марта кераксиз жойда хатоларга йўл қўйишди, дарвозабон жуда кўп марта қутқаришига тўғри келди. Биринчи бўлим «Сити» фойдасига 2:1 ҳисобида тугади.

Гвардиола асабийлаша бошлади, Гасперини эса, жиддий шаклда иккинчи бўлимда ҳисобни тенглаштириш учун тайёрланди. 55 фоиз тўп назорати, дарвозага зарбалар бўйича 10-7. Лекин голлар ҳисобида 0:3. Умумий ҳисоб – 1:5. Оғир жазо, лекин «Сити»га қарши ташаббускор ўйнашга интилиш бошқача оқибатга олиб келармиди?

Уч ўйинда уч мағлубият. Кейинги босқич учун имконият деярли йўқ, бунинг устига жамоа ўзини яхши томонларини кўрсата олмади ҳам. Агар Италия чемпионатини кузатмайдиган мухлис бўлса, «Аталанта» қандай қилиб ЕЧЛга чиқиб қолганига ҳам тушунмаган бўларди. Хўш, «Аталанта»нинг хусусияти нимада ўзи?

«Аталанта» қандай жамоа?

«Аталанта» – юз фоиз мураббий маҳсулоти. Худди «Атлетико» майдонда Симеонени тўлиғича акс эттирганидек, «Аталанта» Гасперинини шу қадар тамсил этади. Гасперини имкон қадар ўз дарвозасидан узоқроқда ҳимояланишни афзал кўради, шунинг учун Италия футболидаги машҳур услубни ёмон кўради. Бунинг ўрнига рақибнинг энг муҳим ўйинчиларига қарши хос прессингни қўллайди. Тўпни эгаллаш маҳоратдан кўра, сон жиҳатдан устунлик қилиш устига қурилган, шунинг учун жамоа доим кўпроқ ҳаракатланишига, югуришига тўғри келади – бу энди услубнинг зарарларидан бири, холос. Ўз вақтида Гасперини «Интер» мураббийи этиб тайинланганида, уч ой ҳам ишлай олмаганди. Сабаби, «Интер»нинг ёши катта, юлдуз футболчилари майдонда мураббий айтганидек югуришни исташмаган. «Аталанта»да ундай юлдузлар йўқ, ёши катта футболчилардан эса ўз вақтида воз кечилди.

Кимдир «Аталанта»ни уч йил олдинги «Лестер»га ҳам қиёслаши мумкин, аммо бу жамоаларни италиялик мураббий бошқаргани боғлаб туради, холос. Бергамоликлар ўзларига яраша кучли. Ёш футболчилар ҳам ўйнаб кетишди: Гальярдини, Кальдара, Конти, Манчини, Кессье, Кристанте. Бу футболчиларнинг ҳаммаси ҳозир «Аталанта»ни тарк этиб улгуришган. Гальярдини «Интер»да, Кальдара, Конте ва Кессье «Милан»да, Кристанте ва Манчини эса «Рома»да. Қизиғи, бу футболчилар янги жамоаларида «Аталанта»даги каби ёрқин ўйин кўрсата олишмаяпти. Гасперини бемалол ҳимоячилар ва ярим ҳимоячиларни сотиб юбориши мумкин, лекин ҳужумчиларни асрашга интилади.

«Аталанта» ҳужуми етакчилари – Алехандро Гомес, Иличич ва Сапата – Гасперини қўл остида янги қирралари очилган ёши катта футболчилар. Гомес уч йилдан бери топ-клубларга мос кўрсаткичлар қайд этмоқда, Сапата умуман бошқа даражадаги футболчига айланди, буларнинг бари Гасперини туфайли.

3-4-3 схемасида яримҳимоячиларга кўп нарса боғлиқ. Икки марказий яримҳимоячи майдоннинг энига катта қисмларини ёпишга мажбур, литераллар эса, узунасига катта ҳудудга жавоб беради. Ҳимоячи ва ҳужумчилар қанотларда сон жиҳатдан устунликни таъминлашда ва тўпни олиб қўйишда фаол иштирок этади. Юқори блокда ўйнашда ҳимоячилардан фақат жисмоний кўрсаткичлар, бўй ва гавда билан ўйнашгина эмас, юқори тезлик ҳам талаб этилади.

Позицион ҳужумларда «Аталанта» анча оддий ҳаракат қилади: қанот ўйинчиларига тўпни етказиш орқали кросслар ёки Гомес ва Иличичнинг марказдан, жарима майдони ташқарисидан зарба беришларини таъминлаш. Яна бир қурол – стандарт вазиятлар. Ўтган мавсумда «Аталанта» пенальтиларни қўшмаганда, стандарт вазиятлардан сўнг 13 гол урди. А Серияда учинчи кўрсаткич.

Бу мавсумдан янги опция ҳам қўшилди. Руслан Малиновский, жамоанинг янги етакчиси, плеймейкер позициясида тўп сурмоқда. Натижада 3-4-3 схемасидан 3-4-1-2 схемасига ўтилди, лекин асосий принциплар сақлаб қолинди. Чемпионлар Лигасида бу ўзгаришнинг таъсири сезилмади, лекин Италияда «Аталанта» ўйинидаги ижобий чизгиларни пайқаш қийин эмас. Умуман, Загребдаги ўйинда ҳам Де Рон ва Госенс томонидан амалга оширилган 20 марта тўп олиб қўйиш катта натижа, лекин бу умумий муваффақиятсизлик фонида сезилмаганди.

Шунингдек, катта омадсизлик ҳақида ҳам айтиш керак, айниқса, «Шахтёр» билан биринчи ўйин юқорида эсга олинди. Бу ҳам шу «Аталанта», баҳорда А Серия аутсайдерига қарши бир ўйинда 47 марта дарвозага зарба бериб, 0:0 қайд этганди, масалан. Шу ўйиндан кейин ЕЧЛ йўлланмаси сўроқ остида қолган, сафарда «Наполи» ва «Ювентус»га қарши сафар ўйинларида очко олиш шарт бўлиб қолганди. «Аталанта» бу ўйинларда 4 очко олди – яъни, бу жамоа ўзи учун қийин ҳолатлар яратиб, кейин уни ошиб ўтишда беназир.

Ечим

«Дуранг биз учун яхши натижа бўларди», – деди «Манчестер Сити»га қарши уй ўйини олдидан Гасперини. Аслида уй стадиони эмас, Бергамодаги стадион ЕЧЛ талабларига жавоб бермагани учун, жамоа ўз ўйинларини Миланда ўтказганди.

Мана шу дуранг учун Гасперини одатий услубидан воз кечди. «Сити»га қарши ўйинда «Аталанта» «автобус қўйди» дея олмаймиз-у, аммо ўзига нисбатан солиштирганда, ҳимоявий ўйинни танлади. Ўйин анча ёпиқ бўлди. Дарвозаларга берилган зарбалар – 18 (6таси аниқ). Масалан, Манчестердаги ўйинда бу кўрсаткич 28 (16) эди. Ҳатто ўз дарвозасидан тезкор гол ўтказиб ҳам, «Аталанта» ўз режасига содиқ қолди. Бўлим охирида Жезус пенальтини ура олмади, Гвардиола шогирдлари иккинчи бўлимга сайр учун тушишди, гол ўтказиб юборилди. Мураббий уч футболчини алмаштириб бўлганидан кейин эса Браво қизил карточка олди. «Манчестер Сити» бир киши кам бўлиб ўйнагани етмагандек, дарвозада Кайл Уокер туришига тўғри келди. Сўнгги 10 дақиқадаги бу шароит «Аталанта»га қўл келди, италияликлар керакли дурангни сақлаб қолишди.

«Динамо»га қарши Миландаги ўйинда бу қадар асабийлик кузатилмаганда, фойдаланилмаётган вазиятларга жуда кулгили деб баҳо бериш ҳам мумкин эди. Қўйидаги суратга эътибор беринг:

Квадрат қанчалик катта бўлса, вазият шунчалик хавфли бўлганини англатади. Кўк квадратлар «Аталанта» кўкка совурган имкониятлар, кичкина қизил нуқта эса – гол. Яна бир гол пенальтидан урилди – 2:0.

«Аталанта» ёввойи даражада прессинг уюштирди – рақиб ҳудудида 20 марта тўп олиб қўйилди. «Динамо»нинг жарима майдони яқинида 200дан ортиқ узатма амалга оширилди ва жарима майдони ичкарисидан 16 марта зарба ижро этилди. Майдондаги ҳисобдан бошқа ҳаммаси яққол устунликни ифодаларди. Яхшиямки, вазиятларнинг ўндан бирини голга айлантириш ҳам ғалаба учун етарли бўлди. 

Харьковга Гасперини аниқ вазифа билан борди – ғалаба қозониш ва «Манчестер Сити»нинг ютқазмаслигидан умид қилиш. Ғалаба қозониш шарт эди, акс ҳолда «Аталанта» гуруҳда тўртинчи ўринда қолиб кетарди. Сўнгги тур олдидан «Аталанта»да 4, «Шахтёр»да 6, «Динамо»да эса 5 очко бор эди.

Шу пайтгача учралган барча омадсизликлар ҳиссаси ушбу ўйинда чиқариб юборилди, дейиш мумкин. «Шахтёр» ёмон ўйнамади, биринчи бўлимда энг хавфли вазият мезбонлар томонидан яратилди ва жамоа биринчи бўлимда барчасини назорат қилди.

Ҳакамлар аралашишди. Додо майдондан четлатилишига эътироз йўқ, лекин иккинчи бўлим бошида Муриэлнинг айнан Додога нисбатан қилган хавфли ўйини эътиборсиз қолдирилганди. Шундоқ ҳам сариқ карточкага эга бўлган Муриэл бу вазият учун иккинчисини олиши мумкин эди. Айнан Муриэл бироз ўтиб ўйиндаги биринчи голда қатнашди ва голли узатма муаллифи бўлган Гомесни тўп билан таъминлади.

«Шахтёр» ўз майдонида, бир киши кам бўлиб ҳужумга ташланди. Бу эса, меҳмонларга қарши ҳужумларда қўл келди ҳамда Пашалич ва Госенснинг голлари ҳисобни йирик кўринишга келтирди.

Илк турлардаги омадсизлик ва сўнгги турдаги омад барчасини мувозанатга олиб келди. «Аталанта» «Шахтёр»га қарши биринчи ўйинда тўлиқ устунлик қилган бўлсада икки бўлим якунида биттадан гол ўтказиб мағлуб бўлгани – ноҳақ натижа эди. Жамоа «Динамо» ва «Сити»га қарши ўйинларда ҳам бу қадар йирик ҳисобларда мағлуб бўлишга лойиқ эмас эди. Шу билан бирга, омад кулиб боқмаганида Украинада ғалаба қозонмасди ҳам. Хуллас, бу жамоа мухлисларга ҳеч қандай мантиққа эътибор бериш керакмаслигини яна бир бор ўргатиб қўйди. Ҳар қандай тушунарсиз вазиятда «Аталанта» ўз услубида ўйнай бошлайди ва қолган ҳаммаси ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмай қолади.

Бу албатта, яхши, мана шундай дадил юриш Чемпионлар Лигаси плей-оффи билан мукофотланди. Гасперини жамоасига ким рақиб бўлишидан қатъи назар, бемалол билиб қўйсинки, ҳаммаси осон бўлмайди ва уларни катта асаббузарликлар кутиб турибди. 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар