01.08.2019 15:49
12587
«Бэйлни олинг, пул қўшиб берилади»: Футболни қутқариши мумкин бўлган тизим ҳақида

Аввалги трансфер ойналари билан солиштирганда, бу ёзнинг бир жиҳати кўзга ташланади. Катта клублар таркибида жуда кўп кучли, аммо кераксиз бўлиб қолган ажойиб футболчилар йиғилиб қолган. Улардан халос бўлиш осон бўлмаяпти. 

Футболчиларнинг ликвидлилиги билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам бўлган, аммо сал бошқача мазмунга эга эди. Қачонлардир «Ливерпуль» Балотеллидан қутулмоқчи бўлган; Антонио Касанодан эса, у қаерда ўйнаса, ўша клуб қутулишга уринарди. Яъни ўша ҳолатларда асосий муаммо футболчининг ўзида, унинг характерида бўлган. Ҳозир эса трансферлар тизими жуда кўп вазиятларни боши берк кўчага олиб кириб қўймоқда. 

Яхши футболчиларни сотишда деярли барча топ клублар муаммоларга дуч келишган. «Арсенал» Месут Ўзил ва Шкодран Мустаини сота олмаяпти. «Арсенал»нинг трансферлари айнан шу футболчиларнинг сотилиши, бу сотувлардан келадиган маблағга боғлиқ – аммо аниқ харидорлар йўқ. Натижада, мавсум бошланганда, Эмери ҳимоя марказида яна Мустафи – Папастопулос жуфтлигига, ягона ҳужумкор яримҳимоячи ролида эса Ўзилга таянишга мажбур. 

Шу билан бирга, Ўзил – нафақат жаҳон чемпиони, балки клуб миқёсда деярли барча совринларни ютган, сўнгги олти йилда АПЛнинг энг яхши ассисентларидан бири, ўтган мавсумдан ташқари, келганидан буён ҳар йили бу борада Англиянинг кучли учталигидан жой олиб келмоқда. Унинг ўйин услуби Эмерига мос келмади; мантиқан, трансфер қилиниши керак, аммо етарли суммани ҳеч ким тўлашни истамаяпти. 

Бошқа клублар ҳақида ҳам худди шундай дейиш мумкин. «Манчестер Сити»да Данило ҳеч кимга керак эмас. Тўғри, у Англиянинг энг яхши жамоаси учун асосий таркибга мос эмасдир, аммо ҳар қандай бундайроқ клубда ўйнаб кета олади. Алексис Санчес масаласи-ку, алоҳида китоб бўлишга арзийди. Америка Кубогида футболчи жуда яхши формада экани маълум бўлди, аммо уни «Манчестер Юнайтед»да кузатсангиз, ўйнашни эсдан чиқариб қўйгандек тасаввур уйғотади. Ҳа, шунингдек, «Юнайтед»даги 125 нафар марказий яримҳимоячилар ҳам, жамоага мос бўлмаса-да, топ-6`дан ёки Англиядан ташқаридаги жуда кўп клубларни кучайтирган бўлишарди.  

Яна, «Реал», Гарет Бэйл, уч йилга бўлинган 50 миллион маош ва шунча солиқлар бор. Клуб ҳатто Бэйлни текинга Хитойга қўйиб юборишига ҳам сал қолди, лекин охирги паллада фикридан қайтди. «Барселона» эса умидсизлик билан Филиппе Коутиньога даъвогар излаяпти; уни «Манчестер Юнайтед», «ПСЖ» ва «Ливерпуль»га таклиф қилиб кўрди. Неймарга алмаштириш нияти ҳам бор, аммо ҳозирча ҳеч ким рози эмас.  

«Ювентус»да Саррига керак бўлмаганлар ичидан каттагина юлдузли рамзий жамоа тузиш мумкин. Рўйхатга Гонсало Игуаин, Мойзе Кин, Блез Матюиди, Сами Хедира, Марио Манжукич ва сўнгги хабарларга қараганда, ҳатто Пауло Дибалани ҳам қўшиш мумкин. Трансфер бозори очилганига бир ой бўлди, лекин «Ювентус»нинг энг қиммат сотуви ҳалигача «Рома»га 29 миллионга кетган Леонардо Спинаццола бўлиб турибди. Ҳатто анча камтарона таркибга эга «Интер» ҳам Перишич, Наингголан ва Икардиларни сота олмай ҳалак. Улар клубнинг режаларида йўқ, ҳатто машғулотларда қатнашишмаяпти, аммо трансфер ҳам йўқ.

Юқорида саналдан футболчиларнинг Transfermarkt бўйича умумий баҳоси тахминан 600 миллион евро – мана бу муаммонинг биринчи сабаби. 

Бозор шиширилган. Бу янгилик эмас ва топ-клублар бунга эътибор ҳам бермай, ўз йўналишларида йирик харидларни амалга ошириб юришлари мумкин. «Реал», «МЮ», «Барселона», «ПСЖ», «Ювентус» каби клублар баъзида нолиб туришса-да, янги қоидалар асосида ҳам ишлаб юраверишади. Ҳатто футболни тентак бўлиб қолганликда айблаган «Бавария» ҳам яқинда 80 миллионга ҳимоячи сотиб олди. Бой клублар ҳаддан ташқари бой.

Лекин кўп пул сарфлаш, ақлсиз сарфлаш деган маънони бермайди. Ва шу ерда маълум бўладики, суперклублар ва бошқалар ўртасидаги фарқ ҳам жуда катта. Юқорида тилга олинган кераксиз юлдузларни териб олиш учун кичикроқ клубларнинг имкониятлари етмайди. Мана шу фактор вазиятга жиддий таъсир кўрсатмоқда. Топ-клублардаги кераксиз юлдузларни бошқа бир топ-клуб истаб қолиши камдан кам ҳолда рўй беради, кичикрок клубларга эса, молиявий талаблар ҳалақит беради. 

УЕФА футболда қандайдир адолатли тизимни юритаман, дегани билан, барибир, топ-клубларнинг манфаатлари билан ҳам ҳисоблашишига тўғри келди, уларни хафа қилиб қўйишни ҳам истамади, натижада, кутилмаган томондан мана шундай муаммолар пайдо бўлиб қолди. Топ-клублар кераксиз активлардан қутула олмайдилар – гап фақат шиширилган миллионлаб трансфер қийматида ҳам эмас, эксплуатациянинг ўзи ҳам жуда қимматга тушади. «Манчестер Юнайтед» Алексис Санчес учун ҳафтасига солиқлар билан 700 минг фунт сарфлайди – йилига 36 миллион. Кераксиз футболчи учун шунча харажат. Энди, уни сотишга бўлган муваффақиятсиз ҳаракатлардан сўнг, Сульшер ўз қарашларидан воз кечишга ва матбуот анжуманларида Санчес кераклиги, унинг мавсумда 20дан ортиқ гол уришга қодир деб баёнотлар беришга мажбур бўлиб қолмоқда. 

Санчес мисолида, харажатларнинг айнан маошлар сабабидан ортишини кузатиш мумкин. Буни назорат қилиш янаям қийинроқ, чунки трансфер қиймати каби, аниқ чизиқли мутаносиблик бўлмайди. Маошлар бошқа факторлар ёрдамида ўзгаради, масалан эркин агентлар каттароқ ойликка келишувга эришилади ёки клуб даромадининг ошиши ҳам маошга таъсир қилади. Айтмоқчимизки, қиммат футболчи катта маош олади ёки ким яхшироқ бўлса, унинг маоши катта бўлади, деган қоида бу ерда ишламайди. 

Баъзи мамлакатлар иқтисодиётида манфий фоизли ставкалар сиёсати (МФСС) тизими амалда ишлайди. Айнан шу тизим футболда ҳам ўз аксини топиши мумкин. 2016 йилда Японияда Марказий банк манфий фоизда бошка банкларга кредит тарқатган. Кейин бу амалиёт Швейцария, Нидерландия каби давлатларда ҳам кузатилган. Ҳозир АҚШ Федерал резерв хизмати ҳам бу ҳақида ўйлаб кўраётгани ҳақида хабарлар бор.

МФСС аслида кризис учун идеал даво эмас. Айниқса, самарасиз корхоналарга ёрдам бўлади, ўзини ўзи таъминлайдиган бошқа корхоналар олдида устунлик тақдим этади. Аммо умумий мақсад, яъни қадрсизланаётган пулни сақлаб туришдан кўра, ундан қутулиш учун ҳам бу нарсаларга кўз юмилади. У қадар адолатли эмас, лекин кўп давлатлар шу йўлни тутишга мажбур бўлмоқдалар.  

Албатта, футболда хато ва оқибатларнинг юки у қадар катта эмас. Бу йўлга мурожаат қилиш ҳам қанақадир умумий сабаблар эмас, айнан футбол ва харажатлар нуқтайи назаридан ўзини оқлаши мумкин. Масалан, «Санчесни менга сотмоқчимисан, унда менга пул тўла» дейиш қанчалик мантиқсиз туюлса-да, аслида ҳар икки томонга фойда келтириши мумкин, демак яшашга ҳақли. Харидор рискни пасайтиради, у ҳали ўйнаб кетиши аниқ бўлмаган футболчи учун катта трансфер қийматини тўлашдан қутулади. Сотувчи клуб учун ҳам самарали: қандайдир трансфер қийматини олмаса ҳам, кераксиз футболчига бир йилда 36 миллион фунт сарфлашдан қутулади. Бу ҳам бугунги стандартларда ёмон эмас.

Ҳозир бунгача етиб бормади, лекин дастлабки қадамлар ташланяпти. Масалан, футболчи маошнинг бир қисмини тўлаб туриш шарти билан ижарага бериляпти. Ўтган мавсумда «Ювентус» Гонсало Игуаинни «Милан»га ижарага берди ва унга маошининг бир қисмини тўлашда давом этди. Бу ҳам маблағни тежади, лекин муаммо бутунлай ҳал бўлмади: Игуаин яна «Ювентус»га қайтиб келди ва туринликлар яна ундан қутулиш чораларини қидириш билан банд.

Бундай тизим (МФСС) узоқ муддат амалга бўлади, деб айтиш қийин. Чунки қайси клуб кўпроқ бундай келишувга мурожаат қилаверса, аслида, трансфер сиёсатини самарасиз олиб бораётганидан дарак бўлади. Демак, клуб ҳам маошлар стратегиясини қайта кўриб чиқишга ва туғрилашга ҳаракат қилади. Масалан, юқорида айтилган «Манчестер Юнайтед» Алексис Санчес каби ҳолатлар рўй беришидан энди эҳтиёт бўлади. Футболчи билан келишувда қатъиятлироқ бўлади, бу шубҳасиз.  

Агар шундай текин трансферлар ёки МФСС-келишувлар маошларни мувозанатга келтирмаган тақдирда ҳам, бошқа муаммони ечади. Юқорида санаб ўтилган футболчиларда ҳам айб йўқ, улар бугунги тизимнинг қурбонига айланишган. Ахир Гарет Бэйл Зиданга ёқмай қолса, футболчида нима айб? У ўзи истамаган жамоага, маошини бир неча баробар пасайишига рози бўлишга мажбур эмас-ку, тўғрими?

Биз айтиб берган тизимда эса, клублар янги футболчига қўшиб, қўлга киритган маблағларни айнан ўша юлдузнинг маошига ишлатиши ҳам мумкин. Албатта, бундай келишувлар яхши футболчиларнинг устидан кулишимизга (футболчидан қутулиш учун унга пул қўшиб бериш, албатта, бироз кулгили туюлади, тўғри футболда холос, ҳаётимизда қизларни сарпо-ю мебеллари билан қўшиб узатиш оддий қабул қилинади-ку, дарвоқе) сабаб бўлар, аммо барибир, уларни гольф майдонида эмас, футболда томоша қилганимиз яхшироқ.

Championat.com материали асосида тайёрланди

Турнир жадваллари
Жамоа
G W D Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар