30.07.2019 12:53
3500
Англиянинг қатор чемпионатларида муваққат четлатиш қоидаси амалга киритилди

Англия футбол ассоциацияси 2019/20 мавсумидан бошлаб қуйи даражадаги мусобақаларда муваққат четлатиш қоидаси жорий этилишини маълум қилди.

Янги қоида ҳакамларга улар чиқарган қарорлардан норози бўлган футболчиларни 10 дақиқага майдондан четлатиш имконини беради. Ассоциация маълумотига кўра, янги санкция турини тажрибадан ўтказиш даврида ўйинчиларнинг ҳакам қарорига эътироз билдириш ҳолатлари 38 фоизга камайгани кузатилган.

Янгича тартиб Англиянинг 5-лигасигача бўлган даражадаги чемпионатлари, аёллар чемпионатининг 5-лигаси ва ундан қуйи босқичлари, шунингдек, болалар, фахрийлар ва имконияти чекланган шахслар ўртасидаги мусобақаларга татбиқ этилади.

Вақтинчалик четлатиш олган футболчига ҳакам дастлаб сариқ карточка кўрсатади ва икки қўлини чўзганча майдон ташқарисини кўрсатади. Шундан сўнг футболчи 10 дақиқа давомида ўйинга қўшилиши ёки захирадаги бошқа футболчига алмаштирилиши мумкин эмас.

Бир ўйинда иккинчи маротаба ана шу тарзда вақтинчалик четлатилган футболчи ўйинга қайта олмайди, аммо унинг ўрнига захирадан бошқа футболчи туширилиши мумкин (агар жамоада футболчи алмаштириш имкони қолган бўлса).

Вақтинчалик четлатишнинг одатий сариқ карточкадан яна бир фарқи – юқорида таъкидланганидек, янги санкция тури фақат ҳакам қарорига эътироз билдирган футболчиларга нисбатан қўлланади. Шунингдек, сариқ карточка олган футболчилар тўлаши мажбурий бўлган 10 фунтлик маъмурий жарима муваққат четлатилган футболчиларга тааллуқли бўлмайди.

АФАнинг маълум қилишича, қоидалардаги мазкур ўзгариш 2017/18 мавсумидан буён синовдан ўтказиб келинмоқда. Ўтган мавсумда жами 31та лигада мазкур қоида жорий этилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар