16.06.2019 13:50
4499
«Инглиз клублари қачон қараса нолигани нолиган». УЕФА президенти ЕЛ финали Бокуда ўтказилганига изоҳ берди

УЕФА президенти Александер Чеферин Оксфорд университетидаги суҳбат вақтида Европа лигаси финали Бокуда бўлиб ўтганига ўз муносабатини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, финал иштирокчилари – «Арсенал» ва «Челси» клублари ўйиннинг Озарбойжон пойтахтида ўтиши билан боғлиқ тарзда юзага келган қатор муаммолар сабаб Европа футболи раҳбариятини танқид остига олган эди.

«УЕФАга биринчи марта президент этиб сайланганимда 76 фоиз федерация мени қўллаб-қувватлаган, лекин Англия улар орасида эмасди. Англия бошқа номзодга овоз берган.

Масала инглиз клубларига келиб тақалганида, ҳар сафар шикоят бўлади! Европа футболидаги мавқейингизни бундай йўл билан ошира олмайсиз.

Нега ўйин Бокуда бўлди, деб сўрасангиз, жавобим шундай: У ерда одамлар яшайди. Homo sapiens* истиқомат қилади.

Улар ўйинни кечаси соат 23:00да кўришларига тўғри келди, лекин ҳеч ким бундан шикоят қилгани йўқ.

Агар Озарбойжоннинг икки жамоаси Лондонда ўйнаганида, ҳеч ким бундан нолимас эди. Улар шунчаки келиб, ҳеч қандай муаммосиз ўйнаб кетишарди холос.

Финал 70 минг кишилик замонавий стадионга эга Бокуда ўтказилиши бўйича қарорни бир ярим йил олдин қабул қилганмиз. Менимча, Англияда фақатгина битта бундан каттароқ стадион бор.

Одамлар ўзлари мухлислик қиладиган супер юлдузларни кўрганларидаги қувончларига қаранг. Биз футболни фақат Англия ёки Германияда эмас, ҳамма жойда ривожлантиришимиз керак», – деган Чефериннинг сўзларини келтирди Daily Mail.

Шу йил февралда иккинчи муддатга Европа футболи раҳбарлигига сайланган словениялик функционер, шунингдек, ЕЧЛ финали билан боғлиқ танқидларга ҳам жавоб берди.

Мадриддаги «Ванда Метрополитано» стадионида ўтган финал учун иштирокчилар «Ливерпуль» ва «Тоттенҳэм» клубларига 16 мингтадан чипта ажратилган, бу ҳам инглиз футболи жамоатчилигида норозилик уйғотган эди.

«Бу борада мен шундай фикрдаман: биз финалларни каттароқ сиғимга эга стадионларда ўтказишимиз керак. Мадриддаги стадионда 62 мингта жой бор, бизга эса талабни қондириш учун 980 мингта чипта керак.

Агар, масалан, «Уэмбли»да ўйин ўтказганимизда, яна қўшимча 30 мингта мухлисни сиғдира олардик.

Энг, энг, энг юқори даражадаги ўйинлар фақат энг муносиб стадионларда ўтиши керак. Аммо [қуйироқ даражадаги] Европа лигаси ва бошқа мусобалар футболни севувчи бошқалар билан ҳам баҳам кўрилиши лозим», – деди Александер Чеферин.

Маълумот учун, 2020 йилги ЕЧЛ финали Истанбулдаги «Отатурк» стадионида (76 минг томошабинга мўлжалланган), ЕЛ ҳал қилувчи баҳси эса Польшанинг Гданск шаҳридаги «Energa Gdańsk» ўйингоҳида (41 минг томошабин)  бўлиб ўтади.

* Homo sapiens – илмий тилда «одам» маъносини англатувчи атама.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар