06.05.2019 10:11
2676
«Аталанта»нинг мағлубиятсиз серияси яна узайди, Сапата тўпурарлар пойгасида 2-ўринга чиқди

А Сериянинг 35-турида «Лацио» меҳмони бўлган «Аталанта» иродали ғалабага эришди. Жамоа мезбонларнинг 3-дақиқадаги тезкор голига учта гол билан жавоб қайтарди – 3:1.

22-дақиқада Дуван Сапата чемпионатнинг бу мавсумидаги 22-голини урди. Бу билан у тўпурарлар рўйхатида иккинчи ўриннинг ягона эгасига айланди: 28 ёшли колумбиялик ҳужумчи ҳисобида 34та ўйинда урилган 22та гол мавжуд. Криштиану Роналду («Ювентус») ва Кшиштоф Пёнтек («Милан») ундан битта голга ортда қолишмоқда, етакчи Фабио Квальярелла эса 25та тўп киритган.

Таъкидлаш зарурки, «Аталанта» чемпионат ва кубок доирасида кечган охирги 12та ўйиндан буён мағлубиятга учрамай келмоқда: улардан 8тасида ғалаба, 4тасида дуранг қайд этилган. Жамоа сўнгги 22та ўйинидан фақат 2тасида мағлубиятга учрагани эътиборга молик.

Жан Пьеро Гасперини шогирдлари Италия чемпионатида 62 очко билан ЕЧЛга йўлланма берувчи 4-ўринни эгаллаб туришибди, 3-поғонадаги «Интер» билан орадаги фарқ энди бор-йўғи бир очкога тенг.

Кейинги ҳафтада «Аталанта»ни Италия кубогининг финал ўйини кутиб турибди. Жамоа 15 май куни яна «Лацио»га қарши мамлакат кубоги учун майдонга чиқади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар