21.02.2019 16:53
4303
ЎФА Криштиану Роналдунинг қадрдон клуби билан ҳамкорликни йўлга қўйди

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси мутахассислари Санъат Шарипов ва Шарофиддин Ҳожиниёзов Португалиянинг «Спортинг» клуби қароргоҳига бориб, ҳамкорлик масалалари бўйича келишиб олишди.

«Спортинг» клуби академияси директори Пауло Гомеш ва клубнинг спорт лойиҳаларини амалга ошириш бўйича масъул ходими Диего Гома билан учрашув чоғида ЎФА мутасаддилари болалар футболини ривожлантириш ва мураббийлар малакасини ошириш мавзусида суҳбат қуришди. Шунингдек, ёзда мамлакатимизда «Спортинг» клуби футбол оромгоҳи ташкил этиши бўйича ҳам маслаҳатлашиб олишди.

«Спортинг» клуби академияси дунёга машҳур бўлиб, ўз вақтида бу ерда Луиш Фигу, Криштиану Роналду каби жаҳон юлдузлари, «Олтин тўп» соҳиблари таҳсил олишган. 2016 йил Европа чемпионлигига эришган Португалия терма жамоаси таркибидаги 23 нафар футболчининг 10 нафари «Спортинг» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади.

«Биз футболчилардан ўзининг ёшига мос стандартлар асосида меҳнат қилишни, машғулотлар олиб боришни талаб қиламиз. Биз 14-15 ёшли футболчидан ақлбовар қилмас ўйин кўрсатишни сўрамаймиз. Бу ёшда у ўз салоҳиятини тўлиқ намойиш қила олмайди. Аммо бизнинг талаблар асосида меҳнат қилса, 20 ёшга бориб биз «тайёр маҳсулот» - топ-клублар эътиборини қозона оладиган футболчига эга бўламиз. Академиямиз тарбияланувчиси Криштиану Роналду бунга ёрқин мисол»,- деди клуб директори Пауло Гомеш.

Диего Гома эса 7 йил давомида Қатарнинг машҳур «Aspire» академиясида фаолият олиб бориб, футболчиларни тайёрлаш, уларнинг иқтидорини юзага чиқариш бўйича катта ҳажмдаги меҳнатни амалга оширди. Қатар миллий терма жамоасининг яқинда БААда ўтган Осиё Кубогидаги муваффақиятида мазкур инсоннинг ҳам ҳиссаси катта деб айтиш мумкин.     

Музокаралар давомида Диего Гома ёзда мамлакатимизга келиб, «Спортинг» клуби томонидан ташкил қилинадиган футбол оромгоҳида иштирок этиши бўйича келишиб олинди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар