20.02.2019 17:44
7798
Роналду «Атлетико»ни уч бор орзудан айирди. У яна бу ишни қила оладими? ЕЧЛ анонси

Бугун, 20 февраль куни Чемпионлар лигасининг нимчорак финалида яна икки учрашув бўлиб ўтади. Куннинг энг эътиборли ўйини Мадридда маҳаллий «Атлетико» ва Туриннинг «Ювентус» клуби ўртасида кечади.

«Атлетико» – «Ювентус»
20 февраль. Мадрид. «Ваньда Метрополитано». 23.00 (Тошкент вақти билан соат 01:00).
Йўқотишлар: Эрнандез (жароҳат), Коке (сўроқ остида – Куадрадо (жароҳат)
Ҳакам: Цвайер (Германия).

Қувончлар ва дардлар
«Атлетико» кейинги беш мавсум давомида мухлисларини қувонтирадиган ўйинлар намойиш этиб келмоқда, жамоа аввалги 20 йилда эришилмаган натижаларга эришди - 2012-13 йилги мавсумда Испания Кубогида (финалда «Реал»га қарши Мадрид дербисида 2:1 ҳисобида таслим этилди, бу дербилардаги кейинги 14 йилдаги илк ғалаба эди), 2013-14 йилги мавсумда Испания чемпионатида, 2014 йилда Испания Суперкубогида, 2017-18 йилги мавсумда Европа Лигасида, 2018 йилда УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонилди.

Шу билан биргаликда, «матрасчилар» жиддий муваффақиятсизликларга ҳам учради, бу 5 йил ичида жамоа ЕЧЛдаги муҳим ўйинларда ҳар сафар «Реал»га ютқазди. Бу 5 йилдаги оғриқларнинг манбаи «Реал»нинг собиқ ҳужумчиси Криштиану Роналду бўлганди.

Икки финал ва бир ярим финал
«Атлетлар» бу вақт ичида икки марта кўп жамоалар орзу қиладиган ЕЧЛ финалида ўйнашди ва унданда каттароқ орзуга бир қадам яқин келишди. Яқин-яқингача ички чемпионатда ҳам жиддий клуб саналмайдиган жамоа Диего Симеоне келгач янги босқичга чиқди ва жамоада ўзига хос услуб ва сифат пайдо бўлди.

Бу жамоа бир марта энг юксак нуқтага чиқишга ҳақли эди аммо икки сафар ҳам, 2014 ва 2016 йилларда «Реал» «Атлетико»нинг орзусини армонга айлантирди. «Қироллик клуби»нинг португалиялик юлдузи ҳар сафар «Атлетико» юрагига зарба берди. 2014 йилги финалда асосий вақтда кучлар тенг келган, қўшимча бўлимларда эса Зидан шогирдлари учта гол урган, 120-дақиқада Роналду пенальтини аниқ ижро этиб, голни рақиб жамоа мухлислари олдига келиб нишонлаганди.

Икки йил ўтиб «атлетлар» финалда ўйинни пенальтилар сериясигача олиб боришади, аммо бу сафар ҳам Роналду охирги сўзни айтган: Хуанфран ҳисоб «Реал» фойдасига 4:3 бўлиб турганида тўпни дарвоза устунига теккизган, «Қироллик клуби»нинг охирги зарбасини португалиялик футболчи аниқ ижро этган.

Роналду яна бир сафар қизил-оқларни ЕЧЛдан мосуво қилган, бу вақт эса 2017 йилнинг май ойи охири эмас, боши эди: биринчи ярим финал учрашувида «Реал» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган, «қаймоқранглилар»нинг 7-рақамли футболкаси эгаси ҳет-трик қайд этган, жавоб ўйинида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган Симеоне шогирдлари финалга чиқа олишмаган, «Реал» навбатдаги кубок учун курашни давом эттирган.

Навбатдаги тўқнашув
Мадрид дербиларидаги асосий тўпурар (21 гол) энди бошқа клубда, ҳатто бошқа чемпионатда иштирок этмоқда - у Италия чемпионатида ҳам жавлон урмоқда, мавсумнинг иккинчи ярмига келиб айни вақтда 34 ёшда бўлган футболчи «Ювентус» учун барча турнирлар доирасидаги ўйинларда жами 21 гол урди ва 12 голга узатма берди. Бу эса у ҳали ҳам юқори спорт формасида эканини, у ҳали ҳам «Атлетико» учун жиддий бош оғриқ бўлиши мумкинлигини кўрсатади. 

Лекин туринликлар кейинги босқичга осон йўл олмаслигини таъминлаши мумкин бўлган бир неча омиллар ҳам бор.

Облак бошчилигидаги ҳимоя ва Гризманн

Биринчиси - «Атлетико» дарвозабони Облак. Словениялик бу футболчи яқинда мадридликлар сафида юбилей - 140-учрашувини ўтказди, у бу ўйинлардан 80тасида дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган. «Қуруқ» ўйинлар улуши деярли 60 фоиз! Роналду бир неча марта унга қарши ўйинларни голсиз тарк этишга мажбур бўлган, мезбон мухлислар бугун ҳам шундай бўлишини кутишмоқда.

Иккинчиси - Гризманн. 27 ёшли жаҳон чемпиони бу мавсумда ҳам самарадорлик кўрсатишда давом этмоқда - 18 гол ва 10та голли узатма (у охирги 10 ўйинида 11 гол урган). У охирги йилларда жамоасининг асосий умиди бўлиб келмоқда.

Учинчиси - Симеоне. Яқинда у шартномани узайтирди, агар у амалдаги, 2020 йилгача тузилган шартномасини 2022 йилга қадар узайтирди, у бу шартномани охиригача ўтаса клубда 11 йил ишлаган бўлади. У 2011 йилда, мавсум ўртасида жамоа турнир жадвалида 9-ўринда бораётганида, жамоани «хавфли ҳудуд»дан 4 очко ажратиб турганида ишга келган ва клубда янги даврни бошлаганди. Унинг муддати «МЮ» ва «Арсенал» клубларининг собиқ бош мураббийлари сэр Алекс Фергюсон ва Арсен Венгерникидан камроқ, лекин ҳозирда ишлаётган барча мураббийларникидан кўпроқ. Мадрид клубида саккизинчи йилини ўтказаётган мутахассисга Ла Лигада яқин келадигани йўқ, Европа футболида эса «Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри ҳамда «Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино унга яқинроқ натижага эга - улар ўз клубларида 5 йилдан ортиқ вақт давомида муқим ишлашмоқда.

Бир неча ойдан кейин «Атлетико»нинг уй стадиони «Ванда Метрополитано»да ЕЧЛ финали бўлиб ўтади. Пойтахтнинг қизил-оқ қисми «қулоқли кубок» ниҳоят ўзлариники бўлишига умид қилишмоқда.

Статистикага кўра, Облак-Гризманн боғлами Симеоне жамоасига жами 55та ғалаба олиб келган, словениялик дарвозабон бу ўйинларда дарвозаси дахлсизлигини сақлаган, француз ҳужумчиси эса шунча ўйинда гол урган. Шундай ўйинлардан бири ўтган ҳафтада, Ла Лига доирасида «Райо Вальекано»га қарши кечди ва унда Облак дарвозаси дахлсизлигини сақлади, Гризманн ғалабани таъминлаган голга муаллифлик қилди.

«Ваньда» Криштиануни кутмоқда
Сўз яна стадион ҳақида. Роналду «Атлетико»нинг янги ўйингоҳида атиги бир марта, ҳали «Реал» футболчиси эканида ўйнаган. Бир йил аввалги дерби голсиз дуранг билан якунланганди. Бугун у ўзининг эски танишларини уй стадионида ранжитиш учун яхши имкониятга эга. Мадридлик мухлислар португалча зарбаларнинг оғриқларини яхши эслашади.

У бугун яна бир бор қизил-оқларнинг юрагига ханжар ура оладими?

1/8 финал. Биринчи ўйинлар

12 февраль, сешанба

«Рома» – «Порту» 2:1

«Манчестер Юнайтед» – «ПСЖ» 0:2

13 февраль, чоршанба

«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д 3:0

«Аякс» – «Реал» 1:2

19 февраль, сешанба

«Лион» – «Барселона» 0:0

«Ливерпуль» – «Бавария» 0:0

20 февраль, чоршанба

«Атлетико» – «Ювентус»

«Шальке» – «Манчестер Сити»

Жавоб ўйинлари

5 март, сешанба

«Боруссия» Д – «Тоттенҳэм»

«Реал» – «Аякс»

6 март, чоршанба

«ПСЖ» – «Манчестер Юнайтед» 

«Порту» – «Рома»

12 март, сешанба

«Ювентус» – «Атлетико»

«Манчестер Сити» – «Шальке»

13 март, чоршанба

«Барселона» – «Лион»

«Бавария» – «Ливерпуль»

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар