20.02.2019 14:01
7446
Клоппга ЕЧЛ керак эмасми? «Ливерпуль» ўзига ўхшамади

Чемпионлар лигаси нимчорак финали доирасидаги биринчи учрашувда «Ливерпуль» ва «Бавария» голсиз дуранг ўйнади ва замонавий футболнинг қиёфасини кўрсатиб берди.

«Ливерпуль» (Англия) – «Бавария» (Германия) – 0:0
«Ливерпуль»: Алиссон, Александр-Арнолд, Матип, Фабинью, Робертсон, Вейналдум, Ҳендерсон, Кейта (Милнер, 76), Салоҳ, Роберто Фирминьо (Ориги, 76), Мане.
«Бавария» (Мюнхен): Нойер, Киммиҳ, Зюле, Ҳуммельс, Алаба, Тиагу Алькантара, Ҳави Мартинес, Коман (Рибери, 81), Гнабри (Рафинья, 90+1), Хамес Родригес (Ренату Санчеш, 88), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Киммиҳ, 28. Ҳендерсон, 55.
Ҳакам: Рокки (Италия).
19 февраль. Ливерпуль. «Энфилд» стадиони.
Жавоб ўйини – 13 март куни Мюнхенда.

Муҳим савол
Ўйиндан аввалги матбуот анжуманида Юрген Клопп саволларга жавоб беришни якунлаб, столдан турганида залда ҳамон қўл кўтариб турган журналист қизни кўриб қолди ва унинг ҳам саволини тинглашга қарор қилди. «Шу кунларда мен «Ливерпуль» фанатлари билан гаплашдим. Фанатлардан бири Англия чемпионлиги кафолатланса, ЕЧЛдаги мағлубиятни тўғри қабул қилишини айтди», деди у.

Уни эшитиб Клоппнинг юзига табассум югурди. Кейин у ақл билан жавоб беришга киришди: «Сизга жавоб беришим қийин. Агар танлаш керак бўлса, «Ливерпуль»нинг барча фанатлари Англия чемпионлигини танлашади. Аммо биз ҳозир Чемпионлар лигасидамиз. Худога шукрки, биз танлов қаршисида эмасмиз».

Ўтган йилнинг мартида премьер-лиганинг навбатдаги ўйини олдидан Хосеп Гвардиола ҳам Англия чемпионати муҳимроқ эканини тан олганди. «Биз мавсумдаги энг муҳим соврин учун курашни давом эттирмоқдамиз. Бу ҳозир Чемпионлар лигасидан, Англия Кубоги ёки Англия Лигаси Кубогидан муҳимроқ», деганди «Сити» устози.

Бир ой ўтиб «шаҳарликлар» еврокубокни тарк этишади, икки ой ўтиб эса муддатидан олдин Англия чемпионатида ғолиб бўлишади.

«Тоттенҳэм» бош мураббийи Маурисио Почеттино ҳам ўтган мавсумда ўз жамоаси учун Чемпионлар лигасида эмас, Премьер-лигада муваффақиятли иштирок этиш муҳимроқ эканини айтганди. 

Клоппнинг эски таниши
Юрген Клопп ва «Бавария» - тарихда жуда кўп марта тўқнаш келган. «Бавария» учун у чемпионлик сериясини тугатган мураббий бўлса, Клопп учун «Бавария» Дортмунд жамоасининг энг яхши футболчиларини тортиб олган рақиб.

Клопп Чемпионлар лигасидаги илк финалини 2013 йилда ўтказган. Ўшанда айнан «Бавария» ва «Боруссия» тўқнашганди. «Уэмбли» ўйингоҳида кечган финал икки томоннинг («Бавария» ва Клопп) ўзаро 30-тўқнашуви бўлганди. 19 февраль оқшомида Клоппнинг собиқ шогирдлари Левандовски ва Ҳуммельс нариги баррикада ортида эди.

Катта қурбонлик
Замонавий футболдаги бошни айлантирувчи даражадаги юқори темп барча кубоклар учун курашишга имкон бермайди. Баъзида ҳатто Чемпионлар лигасини ҳам қурбон қилишга тўғри келиши мумкин. «Ливерпуль» бу мавсумда Англиядаги ички кубоклардан очиқчасига воз кечди. Кўринишидан мухлислар 29 йиллик танаффусдан кейин Англия чемпионлиги қўлга киритилса, ЕЧЛни эрта тарк этишни ҳам кечира олишади. Мерсисайдлик мухлисларни тўғри тушуниш мумкин, бу вақт ичида ҳатто «Блэкберн» ва «Лестер» Премьер-Лигаси кубогини бош узра кўтарди, «Ливерпуль» эса йўқ.

Лекин унутмаслик керакки, Чемпионлар лигаси бир бўлак металл, ортиқча даҳмаза эмас, Европанинг энг нуфузли соврини. Яна бир нарсани унутмаслик керакки, «Ливерпуль» бу кубокни яқин тарихда, 14 йил муқаддам ўзиники қилганди. 29 йил билан 14 йилнинг фарқи бор албатта. Қолаверса, ҳозирги даража билан Клопп жамоаси ЕЧЛни ютиши қийин масала, йўлда фақат «Бавария» эмас, олдинда яна учта босқич кутиб туради. Мақсадлар ҳали узоқда, шу туфайли бирини деб иккинчиси тақдирини хавф остида қолдириш ҳам тўғри бўлмайди. Аслида бир ўқ билан икки қуённи уриш деярли имконсиз иш.

Мюнхенликлар билан ўйинда «Ливерпуль» ЕЧЛни қурбон қилмоқчилигини кўрсатмади. Биринчи бўлимда Мане кўплаб вазиятларни йўққа чиқармаганида мезбонлар барча масалани биринчи ўйиндаёқ ҳал қилиб қўйишлари ҳам мумкин эди. Аммо «Ливерпуль» ўзига хос бўлмаган эҳтиёткорлик кўрсатди ва имкон қадар тўпни йўқотмасликка ҳаракат қилди. Иккинчи бўлимда эса майдон эгалари бутунлай ҳимоявий услубга ўтиб олишди. Биринчи бўлимнинг охирги 15 дақиқасида рақиб дарвозаси томон 6 бор зарба йўллаган «Ливерпуль» иккинчи бўлимда атиги бир марта - 81-дақиқада дарвозага зарба берди. Танаффусда нима бўлганди? Клопп ўз футболчиларидан хотиржамлик билан ўйнашни сўраганмиди?

Биз майдонда шуни кўрдикки, тезлик ва иштиёқсиз «Ливерпуль» жуда жўн жамоага айланиб қолар экан.

Иккинчи бўлимда Салоҳни бир неча киши бўлиб кутиб олишди, ўйин арафасида гриппдан соғайган Фирминьонинг кучи 90 дақиқага етмади.

Мюнхенликларнинг энг серҳаракат футболчиси Жошуа Киммиҳ Манега ишлатган қўполлиги учун огоҳлантирилди ва сариқ карточкалари кўпайиб кетгани туфайли жавоб ўйинида иштирок эта олмайдиган бўлди.

Зюле эса сенегаллик футболчига қўполлик қилмасликка қарор қилиб ўтказиб юборганида, Нойер бурчакни ёпишга улгурди. Қайд этиш керакки, «Бавария» дарвозабони Мануэль Нойер учун бу ўйин ЕЧЛдаги юбилей - 100-ўйин бўлди ва бу энг қийинларидан эди. У ўйин давомида тўпга 70 марта тегди - бу унинг учун турнир ўйинларидаги рекорддир. 

Фитнали гумонлар
«Бавария» эса ўйин давомида бирор марта дарвоза соҳасига аниқ зарба йўлламади. Бу жамоанинг ҳам ниятлари нима эканини билиб бўлмайди. Бундеслигада яна «Боруссия» бош кўтарган ва мюнхенликларнинг гегемонлигига барҳам бериш учун «бел боғлаган». Аввалига дортмундликлар 9 очко олдинга чиқиб кетишганди, ҳозирга келиб пешқадамнинг кетма-кет муваффақиятсизлигидан фойдаланган Нико Ковач шогирдлари орадаги фарқни 3 очкога қисқартирган ва энди жамоа учун ЕЧЛ ғолиби бўлишдан кўра Германия чемпионатида серияни давом эттириш осонроқ бўлиб қолган. Шу туфайли немислар диққатни кўпроқ ички чемпионатга қарата бошлаган бўлишлари мумкин. Лекин булар клуб ичидаги кайфиятни ифодаламайди - шунчаки гумонлар.

Лекин шуниси аниқки, ҳозирда «Ливерпуль»да ҳам, «Бавария»да ҳам бир хил вазият, шу туфали жамоалар анъаналарни бир четга суриб қўйиши мумкин.

Биринчи ўйинда кучлар тенг келган бўлсада, жавоб учрашуви олдидан имкониятлар тенг эмас. «Ливерпуль» турнирнинг гуруҳ босқичида сафар учрашувларининг барчасида мағлуб бўлди. Энди мерсисайдликлар бу жуфтлик фаворити эмас.

Кўрамиз, 13 март кунги жавоб ўйинида Чемпионлар лигаси мадҳияси қайси жамоага кўпроқ куч берар экан...
 

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар