19.02.2019 13:58
7514
Салоҳ ёки Левандовски? Роналду ёки Гризманн? ЕЧЛ ўйинлари анонси

Сешанба ва чоршанба оқшомида Чемпионлар лигасининг нимчорак финали доирасида яна 8 жамоа иштирокида 4та ўйин ўтказилади.

«Лион» – «Барселона»
19 февраль. Лион. «»Люмьер» стадиони. 23.00 (Тошкент вақти билан соат 01:00).
«Ливерпуль» – «Бавария»
19 февраль. Ливерпуль. «Энфилд». 23.00 (Тошкент вақти билан соат 01:00).

Роббен ва «энг ёмон стадион»
Ливерпульга қарши сафар ўйини олдидан «Бавария» футболчилари вақтичоғлик қилишди: Левандовски, Нойер, Мюллер ва Ҳуммельс жамоа машғулот базасида The Beatles гуруҳининг Abbey Road номли машҳур альбоми муқовасидаги каби тушган сурати эълон қилинди. Шу тариқа, мюнхенликлар афсонавий мусиқий гуруҳ мансуб бўлган Ливерпуль шаҳрига сафар ўйинидан реклама учун ҳам фойдаланиб қолишди.

Бу ўйин кўпчилик учун алоҳида аҳамиятга эга. Алиссон Нойер билан учрашишидан бахтиёр бўлишини айтмоқда. Юрген Клопп учун эса «Бавария» эски қадрдон, у Дортмундда бу жамоага қарши ўйинларда чемпионлик учун курашганди. Роббен эса «Энфилд»ни ўзи билган энг ёмон стадион деб таърифлади. Нидерландиялик футболчи 2005 ва 2007 йилларда «Челси» билан ЕЧЛ яримфиналларида «Ливерпуль»га ютқазганини эслади.

Бугунги ўйинда Роббен жамоаси турнирни тарк этмаслиги аниқ, жавоб ўйини икки ҳафтадан кейин Мюнхенда бўлиб ўтади. Аммо дисквалификация қилинган Мюллерсиз «Бавария»га қийин бўлиши аниқ. Ўз навбатида «Ливерпуль»да ҳам жиддий йўқотишлар бор: Ловрен жароҳат туфайли, ван Дейк огоҳлантиришлар сони ортиб кетгани туфайли жамоага ёрдам бера олмайди, вирус юқтириб олган Роберто Фирминьо ҳам майдонга туша олмаслиги аниқ.

«Клопп менинг фаолиятимда катта аҳамиятга эга инсон. Мен у билан Дортмунддаги ютуқларимиз учун миннатдорман. Буюк мураббий ҳамда ажойиб шахс. У менда тўпурарлик инстинктини уйғотган. Мен ўзимда кўролмаган жиҳатларни кўра олган», дейди ўйиндан олдин Роберт Левандовски собиқ устози ҳақида.

«Барса»ни қирпичоқ кутмоқда

Каталонияликларда тақвим тиғиз: бугун улар «Лион» меҳмони бўлишади, шанба куни чемпионат доирасида «Севилья»га қарши сафар учрашуви ўтказишади, кейинги ҳафтада эса икки марта «Сантьяго Бернабеу»да меҳмон бўлишади (аввалига Испания Кубогидаги, кейин эса чемпионатдаги класико). Каталонияликларни сафардаги 4та қийин ўйин кутмоқда.

Эрнесто Вальверденинг бахтига бугунги ўйинга «Лион»нинг собиқ футболчиси Самуэль Умтити тайёр бўлган. Франциялик ҳимоячи тиззасидаги жароҳат туфайли ўтган йилнинг сентябридан буён майдонга туша олмаётганди. У ўтган йил ноябрида сафга қайтган, аммо бир ўйин ўтказиб жароҳатини янгилаб олганди.

Мураббий Умтитини дарҳол асосий таркибда туширмаслиги мумкин, лекин унинг захира ўриндиғида ўтириши ҳам фойдадан холи бўлмайди. Каталонияликларнинг Францияга охирги ташрифи ҳалокатли кўриниш олганди - икки йил муқаддам кўк-анорранглилар «ПСЖ» томонидан тор-мор этилганди (4:0). Тўғри, ўшанда «Камп Ноу»да кечган жавоб учрашувида мезбонлар керакли натижага эришиб (6:1), ЕЧЛнинг кейинги босқичига йўл олишганди. «Лион» шу вақтгача «Барселона»ни мағлуб эта олмаган, лекин бу жамоа икки ҳафта олдин «ПСЖ»нинг ички чемпионатдаги мавсум бошида бошланган мағлубиятсиз сериясига чек қўйганди (2:1).

Криштиану Мадридга қайтмоқда

Шу кунларда янгиликлар лентасига Ибраҳимович номи қайтди. Швециялик футболчи Америкада футболсиз зерикмоқда (АҚШда мавсум март ойида бошланади). У Роналдунинг ёздаги трансфери тўғрисида фикр билдирди: «Дунёнинг энг яхши клубларидан бирига ўтиш - мен учун чақириқ эмас. Мен учун чақириқ - бу бир жамоага ўтиб, унда кўп нарсага эришишдир».

Ҳозирча Криштиану «Ювентус» билан фақат бир соврин - Италия Суперкубогини қўлга киритди. Лекин бу унинг мавсумдаги ягона соврини бўлиб қолмаслиги аниқ. Роналду «Реал»сиз ҳам ЕЧЛда ғалабаларга эришмоқдаю Аммо Мадрид уни қўйиб юбормайди - финал айнан Испания пойтахтида бўлиб ўтади ва «Юве» айнан шу ерда турнир плей-оффини бошлайди.

«Атлетико»да ўзига хос мотивациялар бор. Финал айнан ўз стадионида ўтадиган жамоа финалгача етиб бормоқчи. Жамоа ўтган мавсумда Европа Лигасида ғолиб чиққан, УЕФА Суперкубогини ҳам қўлга киритганди. Гризманн айни вақтда юқори спорт формасида: у охирги 10 ўйинида 11 гол урган. Роналду эса охирги 11 ўйинида 10та голга муаллифлик қилган.

Гвардиола «Сити»ни бахтиёр қилмоқчи

«Шальке» ва «Манчестер Сити» жуфтлиги ЕЧЛ нимчорак финалидаги учинчи инглиз-немис қарама-қаршилигидир. Англиянинг амалдаги чемпиони ва жорий мавсумдаги пешқадам Бундеслигада 14-поғонада бораётган жамоага қарши ва бу жуфтликда алоҳида интрига топиш қийин. Айниқса Англиянинг яна бир вакили «Тоттенҳэм» нимчорак финалнинг биринчи учрашувида Германия чемпионати пешқадами «Боруссия»ни яксон этган бир вақтда бу жуфтликда ҳам барчаси олдиндан маълум дейиш мумкин.

«Шальке» ўз вақтида гранд жамоаларга жиддий қаршилик кўрсатган, аммо бу мавсумда эмас. Немисларни ички чемпионатда «хавфли ҳудуд»дан атиги икки ўрин ажратиб турибди, жамоа ЕЧЛ плей-оффига нисбатан осон гуруҳдан чиққан: «Локомотив» ва «Галатасарой»дан олдинда, «Порту»дан ортда қолиб.

«Шаҳарликлар» эса кўтарилиш даврида: жамоа охирги ўйинларда, чемпионатда «Челси»га 6та, Кубок баҳсида «Ньюпорт»га 4та гол урди.

«Биз барчасини юта олишимиз мумкин. «Манчестер Сити» тарихга киришини истайман», дея ўйиндан аввал «мускулларини намойиш этди» Агуэро. У бунга тўла ҳақли.

Рақамлар
Дисквалификация туфайли Томас Мюллер («Бавария») нимчорак финалнинг икки ўйинини, Виржийл ван Дейк («Ливерпуль») ва Набиль Фекир («Лион») биттадан ўйинни ўтказиб юборади.

«Ливерпуль» «Бавария» билан 5 марта ўйнаган. Ҳозирча кучлар тенг: +1=3-1 (5-6). «Лион» «Барселона» билан 6 марта ўйнаган, бирор марта ғалаба қозонмаган: +0=2-4 (7-16).

Ливерпулдаги ўйинда ишлаш учун 6 нафар итальян ҳакам йўл олган. Бу жамоани Жанлука Рокки бошқармоқда. Жунайт Чақир бошчилигидаги 4 ҳакамдан иборат бригада эса Лиондаги ўйинда ишлайди, уларга голланд видеоассистентлар Данни Маккели ва Йохем Кампхайс ёрдам беради.

«Барселона» ва «Бавария» ЕЧЛнинг 1/8 финалида 15 мартадан иштирок этган, бу борадаги энг яхши кўрсаткич «Реал»га тегишли – 16 марта.

1/8 финал ўйинларида энг кўп гол урган футболчи Лионель Месси, у «Барселона» рақиблари дарвозасини 24 марта ишғол этган.

Бу ўйин Месси учун Чемпионлар лигаси 1/8 финалидаги 26-ўйиндир. Бу борада ундан фақат Криштиану Роналду («Манчестер Юнайтед», «Реал») олдинда – 28.

1/8 финал. Биринчи ўйинлар

12 февраль, сешанба

«Рома» – «Порту» 2:1

«Манчестер Юнайтед» – «ПСЖ» 0:2

13 февраль, чоршанба

«Тоттенҳэм» – «Боруссия» Д 3:0

«Аякс» – «Реал» 1:2

19 февраль, сешанба

«Лион» – «Барселона»

«Ливерпуль» – «Бавария»

20 февраль, чоршанба

«Атлетико» – «Ювентус»

«Шальке» – «Манчестер Сити»

Жавоб ўйинлари

5 март, сешанба

«Боруссия» Д – «Тоттенҳэм»

«Реал» – «Аякс»

6 март, чоршанба

«ПСЖ» – «Манчестер Юнайтед» 

«Порту» – «Рома»

12 март, сешанба

«Ювентус» – «Атлетико»

«Манчестер Сити» – «Шальке»

13 март, чоршанба

«Барселона» – «Лион»

«Бавария» – «Ливерпуль»

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар