Испания чемпионатида 24-тур учрашувлари ўтказилди. Турнир пешқадами «Барселона» ўз уйида «Вальядолид»га қарши ўйинда қийин ғалабага эришди, «Реал» эса Каталониянинг бошқа бир жамоаси «Жирона»га ютқазиб қўйиб, пешқадам билан орадаги фарқни 9 очкога етказиб қўйди.
«Барселона» - «Вальядолид» - 1:0 (1:0)
Гол: Месси, 43 - пенальти.
Аниқ ижро этилмаган пенальти: Месси, 85 (дарвозабон).
«Барселона»: тер Штеген, Сержи Роберто, Пике, Фермален, Жорди Альба, Видаль, Бускетс, Аленья (Ракитич, 76), Месси, Дембеле (Коутинью, 70), Боатенг (Суарес, 60).
«Вальядолид»: Масип, Фернандес, Кико Оливас, Калеро, Антоньито, Мичел, Ануар, Верде (Вилья, 67. Пласа, 76), Начо Мартинес, Гвардьола, Энес Унал (Кеко, 79).
Огоҳлантиришлар: Энес Унал, 11. Ануар, 34. Месси, 67. Мичел, 70.
Ҳакам: Мартинес Мунуэра.
16 февраль. Барселона. «Ноу Камп» стадиони.
Вальвердеда янги шартнома
Жума куни тонги «Барселона» учун яхши янгилик билан бошланди - Эрнесто Вальверде билан битим 2020 йилга қадар узайтирилиши эълон қилинди. Аслида мутахассис билан аввалига «2+1» схемасида шартнома тузилганди ва шартноманинг шу банди амалга кирди, лекин охирги вақтларда Вальверденинг келажаги сўроқ остида қолаётганди, кўпчилик у мавсум якунида жамоани тарк этишини айтаётганди ва энди бу каби гумонларга ўрин қолмади. Энди унинг ўзи ҳам мавсумнинг ҳал қилувчи палласи кириб келаётган вақтда фақат иш билан банд бўлиши мумкин.
Боатенгнинг дебюти
Янги ҳафтада «Барселона» Чемпионлар лигасининг нимчорак финал ўйинларига киришади. Каталонияликларни «Лион»га қарши сафар ўйини кутмоқда, кейин эса «Севилья» билан сафарда ўйин бўлади, ундан кейин иккита «класико» баҳси. Шу туфайли шанба куни «Вальядолид»га қарши ўйиндаги таркибни бутунлай тажрибавий таркиб дейиш мумкин эди. Вальверде Лангле, Коутиньо, Суарес ҳамда Малкомни захирада қолдирди, Фермален, Аленья ва Боатенг асосий таркибдан ўрин олди (бу ганалик футболчи учун клубдаги илк ўйин бўлди), шунингдек, жароҳатдан тузалган Дембеле сафга қайтди.
Таниш чеҳраларнинг қайтиши
«Вальядолид»нинг Каталония пойтахтига ташрифи икки воқеа билан боғлиқ.
Биринчидан, «Камп Ноу»га Роналдо қайтди. 1990-йиллар ўрталарида «Барселона» сафида тўп сурган бразилиялик «Сўйлоқтиш» ўтган йил ёзида 30 миллион евро эвазига «Вальядолид» клуби акцияларининг 51 фоизини қўлга киритди ҳамда Примерога қайтган клуб хўжайини ҳамда президентига айланди.
📸💜 @ronaldo ya presume de la blanquivioleta #RealValladolid pic.twitter.com/CVT5ePqQD4
— Real Valladolid C.F. (@realvalladolid) 3 сентября 2018 г.
Иккинчидан, Барселонадаги асосий стадионга кўп вақтлардан буён илк марта Гвардиола фамилияли футболчи чиқди. «Вальядолид»нинг Серхио исмли ҳужумчиси маҳаллий мухлислар афсонаси билан фамилиядошнинг клуб билан боғлиқ яна бир қизиқ тарихи бор: 2015 йилда «Барселона» Б у билан шартнома тузганди, унинг тақдимот маросими ҳам ўтказилган, аммо тезда шартнома бекор қилинган. Бунга ёш Гвардиола бир неча йил аввал «Реал»га қарши ўйин вақтида мадридликларни қўллаб-қувватлагани ва каталонияликларни қўпол сўзлар билан ҳақоратлагани маълум бўлиб қолгани сабаб эди. Шу тариқа, Серхио Гвардиоланинг кўк-анорранглилар сафидаги саргузаштлари атиги бир неча соат вақт давом этган.
valladolid'in forveti sergi guardiola, 2015 yılında barcelona b takımı ile anlaşmış ama imzadan birkaç saat sonra katalonya'ya küfür ettiği tweetler ortaya çıkınca sözleşmesi feshedilmişti... pic.twitter.com/Ri8udPAzkV
— Serkan Akkoyun (@serkanakkoyun_) 16 февраля 2019 г.
Зерикарли ўйин
Биринчи бўлимда икки жамоа ҳам эҳтиёткор ўйин кўрсатишди, «Барселона» футболчилари меҳмонларнинг мудофаасини ёриб ўтишга эринчоқлик қилишарди, мезбонлар аҳён-аҳёнда қарши ҳужумларга чиқиш билан кифояланишди. Бу ўйинда дебют қилган Боатенг эса умуман фойдасиз бўлди, Дембелега аниқлик ва қатъият етишмади, ҳатто Мессининг ҳам паслари аниқ чиқмади, унинг хато пасларидан бири туфайли тер Штеген дарвозаси олдида хавфли вазият ҳам содир бўлди.
Пике - энг яхши футболчи
Биринчи бўлимда мезбонларнинг майдондаги энг яхши футболчиси ҳимоячи Пике бўлди, у танаффус арафасида пенальти ишлади ва уни Месси аниқ ижро этди. Пике бундан ташқари, мезбонларнинг ҳужумларини муваффақият билан қайтариб турди, бир сафар тўпни «Вальядолид» ҳужумчисининг оёқлари остидан олиб қўйди.
Масипнинг жасорати
Иккинчи бўлимда майдонга Суарес ва Коутиньо туширилди - уругвайлик ҳужумчи 200 фоизлик имкониятдан гол ура олмади, Коутиньо эса «Барса» учун иккинчи пенальтини ишлаб берди, аммо бу имкониятдан Месси фойдалана олмади - кўк-анорранглиларнинг собиқ дарвозабони Жорди Масип тўпни бурчакдан олиб чиқди. Масип Ла Лигада Месси ижросидаги пенальтини қайтарган 9-дарвозабон бўлди. У ўйиннинг охирги дақиқаларида ҳам Суаресни тўхтатди.
«Вальядолид» «Барселона»га биттадан ортиқ гол уришга имкон бермади, кўк-анорранглилар бундай ўйин билан мухлисларини хурсанд эта олишмаган бўлишсада, навбатдаги 3 очко қўлга киритилди.
Рамос антиқаҳрамон, «Реал»нинг серияси тўхтади
«Реал» - «Жирона» - 1:2 (1:0)
Голлар: Каземиро, 25 (1:0). Стуани, 65 - пенальти (1:1). Порту, 75 (1:2).
«Реал»: Куртуа, Одриосола, Серхио Рамос, Варан, Марселу, Кроос, Каземиру, Себальос (Диас, 74), Васкес (Винисиус Жуниор, 58), Бензема, Асенсио (Бэйл, 66).
«Жирона»: Буну, Хуанпе, Хонас Ромалью, Алькала, Порро (Лосано, 46), Гранель, Пере Понс (Алейкс Гарсия, 46), Дуглас Луис, Порту (Фернандес, 84), Рауль Гарсия, Стуани.
Огоҳлантиришлар: Лосано, 48. Серхио Рамос, 64. Алькала, 86. Каземиро, 88.
Четлатиш: Серхио Рамос, 90.
Ҳакам: Куадра Фернандес.
17 февраль. Мадрид. «Сантьяго Бернабеу» стадиони.
Соядан чиқиш
Нафақат мавсум бошида, балки йил бошида ҳам «ухлаб қолган» «Реал» соядан чиқа бошлади. «Қаймоқранглилар» охирги 11 ўйинда 9 ғалабага эришишди, Испания Кубоги яримфиналида «Барселона»га қарши кечган биринчи ўйинда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилиб, жавоб ўйинидан аввал яхши имконият ҳосил қилинди, ягона мағлубият Испания Кубоги чорак финалида «Леганес»дан қабул қилинди (0:1), аммо биринчи учрашувда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган мадридликлар кейинги босқичга чиқишди, чемпионат доирасида «Атлетико»га қарши кечган Мадрид дербисида ишончли ғалабага эришилди ва бу ғалаба эвазига Солари жамоаси иккинчи ўринга кўтарилишди. Қолаверса, бу орада ЕЧЛнинг нимчорак финали доирасида «Аякс»га қарши сафар ўйинида 2:1 ҳисобида ғалаба қозонган мадридликлар чорак финал масаласини деярли ҳал қилишди. Ла Лигада шу темпни сақлаб қолиш учун жамоа якшанба куни Мадридда Каталониянинг учинчи клуби «Жирона»ни енгиши талаб этиларди.
Ротациялар
Сантьяго Солари Винисиус, Регилон ҳамда Карвахалга дам беришга қарор қилиб, Асенсио, Марсело ҳамда Одриосолани ўйнатди. Турнирдаги ўринлар ва охирги натижалардаги фарққа қарамасдан (каталонияликлар бу ўйиндан олдин турнир жадвалида 17-ўринда жойлашган, охирги 13 учрашувида бирор марта ғалаба қозона олмаганди), меҳмонлар илк дақиқалардан ҳужумга ўтишди ва гол уришларига бир бахя қолди: Стуани ўткир бурчакдан берган зарбадан кейин тўп Куртуанинг юзига тегди, дарвозабонга тиббий ёрдам кўрсатилишига тўғри келди.
Васкеснинг вазияти
Стуани яна зарба берди - Куртуа яна қутқарди. Умуман, биринчи бўлимда бельгиялик дарвозабонга иш кўп бўлмади, «Реал» фаол прессинг уюштириб, меҳмонларнинг ҳужумга осон чиқишига йўл қўймади. Васкес эса ўзига ўзи жуда ажойиб вазият яратди - у тўпни икки рақиб орасидан олиб ўтиб, зарба бериш нуқтасига чиқди аммо дарвозабонни алдай олмади.
Каземиронинг голи
Биринчи бўлимнинг иккинчи қисмида мезбонлар ўйин назоратини тўлиқ қўлга олишди - 25-дақиқада эса ҳужумнинг иккинчи темпи гол билан якунланди, Кроос тўпни жарима майдончасида турган Каземиронинг бошига ташлаб берди ва бразилиялик таянч яримҳимоячиси кейинги бир ой ичидаги учинчи голини урди - бунгача у «Севилья»га қарши қийин баҳсда ғалаба голини урган (2:0), «Атлетико» билан ўйинда қайчи услубида зарба бериб ҳисобни очганди (3:1).
Танаффус арафасида Каземиронинг саъй-ҳаракатлари билан таблода 2:0 ҳисоби порлаши ҳам мумкин эди, унинг аъло даражадаги пасидан кейин ватандоши Марсело тўпни дарвозага йўллади, аммо видеотакрор бу сафар «Реал» зарарига ишлади - офсайд ҳолати қайд этилди.
Стуанининг жавоби
Иккинчи бўлим бошида Бензема бир неча вазиятларни кўкка совурди, у рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, аниқ зарба йўллай олмади.
«Жирона» эса ҳужумга ўта бошлади ва Куртуа дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келди. Шундай вазиятлардан бирида Рамоснинг қўли тўп йўлидан чиқди ва ҳакам ҳеч иккиланмасдан 11 метрлик нуқтани кўрсатди. Стуани эса зарба беришда адашмади - 1:1.
Портунинг ғалаба голи
Меҳмонлар шу билан кифояланишмади. Порту аввалига дарвоза устунини нишонга олди, бир неча дақиқа ўтиб каталонча гол урди ва бу гол ғалаба голига айланди.
«Реал» қолган дақиқаларда тўлиқ куч билан ҳужумга ўтди, жироналиклар майдоннинг иккинчи қисмидан ўта олишмади, Бейл ҳисобни тенглаштиришга яқин келди, Марсело узоқдан кучли ва аниқ зарба берди, аммо тўп дарвозага кирмади. Рамос ўйин охирида гол уриши мумкин эди, аммо у чалқанча услубда зарба бераётиб, рақибнинг гавдасига тепиб юборди ва иккинчи сариқ карточкани олиб, майдонни тарк этди (унга биринчи сариқ карточка пенальти белгиланган вазиятда кўрсатилганди).
Бу қизил карточка ҳимоячи учун «Реал» сафида Испания чемпионати ўйинларида олинган 20-қизил карточка бўлди ва у бу борада рекорд ўрнатди («Реал» билан барча турнирлар доирасида олинган қизил карточкалар сони 25тага тенг). Рамос энди кейинги турда «Леванте»га қарши ўйинни ўтказиб юборади, аммо ундан кейинги муҳим ўйинларда иштирок этиши мумкин. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда эса Куртуа гол уришига бир бахя қолди. «Реал»нинг 5 учрашув давом этган ғалабали серияси кутилмаган вақтда тўхтади. «Реал» яна учинчи ўринга қайтди ва энди «Барселона» билан орадаги фарқ 9 очкога етди, иккинчи ўриндаги «Атлетико» қўшниларини 2 очкога ортда қолдирмоқда. «Жирона» бу мавсумда «Камп Ноу»да ҳам, «Бернабеу»да ҳам очко ололган ягона жамоа. Кузда каталонлар «Барселона»га қарши сафар дербисида дуранг ўйнаганди (2:2).
Турнир тўпурарлари
Турнир жадвалидаги ҳолат