12.02.2019 20:00
7479
Миржалол Қосимов: «Футболчим қорни билан урсаям, гол урса бўлди»

ОКМК бош мураббийи Миржалол Қосимов ОЧЛ 2-саралаш босқичидан ўрин олган Тожикистоннинг «Истиқлол» (4:2) клубига қарши ўйиндан сўнг, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Бу жуда қийин ўйин бўлди. Ўзимизга муаммо яратиб, кейин уни қаҳрамонларча ҳал қилдик. «Истиқлол» - яхши шаклланган, ОФК кубогида тажриба тўплаган жамоа. Уни мағлуб этиш осон бўлмади.

Бу ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Бир нарсани қайд қилиш лозим, жамоамиз 23 январдан бошлаб шаклланди, таркиб тўпланиб, тайёргарлик бошланди. Шундай бўлса-да, шогирдларим жуда яхши ўйин намойиш қилишди.  

1:2га ютқазиб турган пайтимиздан бошлаб, таркибда ўзгаришлар қилдик, 2 ҳужумчи билан ўйнадик, босим уюштирдик. Натижада, якуний ғалабага эришдик. Голларнинг ҳаммаси бош билан урилди? Оёқ билан ҳам гол ура оламиз, аммо менга фарқи йўқ. Бош билан урадими, оёқ билан урадими ёки қорни билан урадими, гол бўлса етарли. Мухлислар шуни истайди. 

Таркибимизда халқаро ўйинлар тажрибасига эга футболчилар кам. Ҳали олдинда ўйинлар кўп, шогирдларим ўйиндан-ўйинга очилиб боради деб ўйлайман. 

Февраль ойида ҳеч бир футболчи жисмонан кучли бўлмайди. Шунинг учун ҳам тактикани ишга соламиз. Кейинги рақиб Саудия Арабистони клуби, уларнинг чемпионатида иккинчи давра бошланди. Шу туфайли, рақибга осон бўлиши аниқ. Аммо, бунгача ҳали вақт бор. Биринчи ўйинни таҳлил этиб, балки таркибда ротация қилармиз.

ОКМК 2та гол ўтказиб юборди? Бунинг сабаби – диққат-эътиборнинг сусайиши. Бу ҳақда олдиндан огоҳлантирган эдим, энди хатолар устида ишлаймиз», - деди Қосимов.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар