Осиё Кубоги. Австралияга дуч келмаслик учун Японияга мағлуб бўлмаслик керак

Осиё Кубогининг «F» гуруҳи иштирокчиси Ўзбекистон термаси якшанба куни Туркманистонни мағлуб этиб, муддатидан олдин плей-офф раундига йўлланма олди. Табиий равишда жамоанинг кейинги босқичдаги рақиби ким бўлиши масаласида саволлар туғилмоқда.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Аввало, шунга аниқлик киритиб ўтиш керакки, Ўзбекистон гуруҳ ғолиблигини қўлга киритиши учун охирги турда Япония билан дуранг ўйнаши кифоя. Регламентга кўра, очколар тенг келган ҳолатда аввало ўзаро ўйинлар нисбатига қаралади; агар очкоси тенг жамоалар сони иккита бўлса ва ўзаро тўқнашувда дуранг кузатилса, у ҳолда гуруҳ босқичидаги барча ўйинларда қайд этилган тўплар нисбатига аҳамият қаратилади.

Шу жиҳатдан ҳам 2-турда Туркманистон тўртта тўп фарқи билан мағлуб этилгани айни муддао бўлди. Япония туркманлар билан илк турда учрашиб, 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди; Уммон билан ҳам минимал 1:0 ҳисоби қайд этилди. Демак, 3-тур олдидан Ўзбекистон +5 (6-1), Япония эса +2 (4-2) тўплар нисбатига эга.

Ўзбекистон гуруҳда биринчи ўринни эгаллаши шуниси билан аҳамиятлики, «F» тўртлигининг иккинчи ўриндаги вакили нимчорак финалда «B» квартетида иккинчи бўлган терма жамоа билан тўқнаш келади. «B» гуруҳида Австралия ўзаро ўйиндаги мағлубият сабабли биринчи ўринни Иорданияга бой бериб бўлган. Кейинги поғона банд этилиши учун эртага Сурия билан камида дуранг қайд этилса бас. Сурия дастлабки икки ўйинда ҳам гол ура олмаганини эътиборга олсак, бу вазифа «кенгурулар» учун қийинчилик туғдирмаслигини тахмин қилиш мумкин.

Демак, Эктор Купер пайшанба куни Японияни мағлуб этиши ёки дурангга эриша олиши керак. Акс ҳолда, японлардан қабул қилинган мағлубиятдан тўрт кун ўтиб, Австралияга қарши майдонга чиқишга тўғри келади. Тескари вариантда эса Япония–Австралия жуфтлиги юзага келади ва чемпионликка даъвогар икки жамоадан бири нимчорак финалдаёқ турнир билан хайрлашади.

Ўзбекистон гуруҳ ғолиблигини қўлга кирита олган тақдирда, шу куни Япония билан ўйин якунига етганидан сўнг бошланадиган Саудия Арабистони –Қатар учрашувида енгилган жамоани плей-оффда кутиб олади. Икки араб жамоаси дуранг ўйнаса, тўплар нисбатига кўра Саудия Ўзбекистон қаршисидан чиқади.

Саудия Арабистонини ҳам, Қатарни ҳам охирги иккита Осиё Кубогида мағлуб этганмиз. Араблар тўсиғидан сўнг чорак финалда катта эҳтимол билан Иордания билан ўйнашга тўғри келади. Сенсациялар кузатилмаган тақдирда ярим финалда Эрон терма жамоасига дуч келишимиз мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар