11.12.2018 02:21
6941
«Профессионал барибир профессионал экан». Исроил Мадримов билан эксклюзив интервью

2017 йили Осиё чемпиони, 2018 йилда эса Осиё ўйинлари ғолиби бўлган Исроил Мадримовнинг профессионал боксга ўтиши кўпчилик учун кутилмаган ҳол бўлди.

У ноябрь ўрталарида бизга таниш ўша «Мир бокса» билан шартнома тузганини эълон қилди-ю, шу ойнинг ўзидаёқ илк жангини ўтказишга улгурди. Ўтказганда ҳам, дебютдаёқ камар учун рингга чиқди ва мексикалик кучли рақиб Владимир Эрнандесни (10-2, 6КО) иккинчи раунддаёқ нокдаун ҳолатига туширди, 6-раундда эса нокаутга учратди.

Сўнгги вақтларда ўндан ортиқ ўзбек боксчиси кетма-кет ва оммавий тарзда профессионал даражага кўтарилаётганини кузатиб, бунга ўрганиб ҳам бораётган ўзбек бокси ишқибози ҳали бунақасини тасаввур қилиб кўрмаган эди. Хўш, Исроил қандай қилиб илк жангидаёқ камарга даъвогар бўлишнинг уддасидан чиқди? У 23 ёшидаёқ ҳаваскор боксни тарк этдими? Осиё ўйинлари тарихида Ўзбекистон делегацияси байроқдори сифатида олтин медал олган илк спортчи Токио Олимпиадасига бормайдими? Ҳали бироз эрта эмасмидими ёки бундай кутилмаган қарорга келишининг биз билмаган сабаблари борми? 

Мухлисларда бундай саволлар кўп эди. Шу сабабли Мадримов таътил учун Ўзбекистонга келганини эшитибоқ у билан суҳбат уюштириш ҳаракатига тушдик.

«Биринчи жангданоқ катта таваккал қилдик. Клубимиз, мураббийларимиз билан маслаҳатлашиб, тарихда бўлмаган ишни қиламиз, деган қарорга келдик. Ўйиндан олдин, айниқса тарозидан ўтгандан кейин жуда қаттиқ ҳаяжон бўлди», - дея илк жанги таассуротлари билан ўртоқлашди Мадримов.

- Хоразмдан боксчилар кам чиқади, энг таниқлиси сиз бўлдингиз...

- Кам бўлса-да, Хоразмдан ҳам номдор  боксчилар чиққан. Масалан, Темир Ибрагимов – профессионаллар ўртасида жаҳон чемпиони. Алишер Раҳимов бор. Шундай номдор боксчилар ҳам йўқ эмас. Ўзим ҳам шу қаторга қўшилишга ҳаракат қиляпман.

- Аввалига гимнастика билан шуғулланганингиз ҳақида эшитганмиз. Нега акробатика эмас, боксни танлагансиз?

- Акробатикага боксга бора бошлаганимдан кейин қатнашганман. Дадамнинг ўзлари бу спортга қизиқади. Болалигимиздан шпагат, сальто, растяжка кабилар билан ўзлари ҳам шуғуллантирганлар. Акробатикани ўрганганим боксни ўзлаштиришимни осонлаштирди. Бунинг фойдаси катта, ҳозиргача шуғулланиб тураман.

- Сизгача Осиё ўйинлари тарихида Ўзбекистон байроқдори бирор марта олтин медал ола олмаганди. Байроқдор бўлишингизни айтишганида бу ҳақида билганмидингиз?

- Йўқ, билмаганман. Байроқни топширишганидан кейин айта бошлашди, ҳамма спортчилар ютқазган, деб. Олимпиадаларнинг ҳаммасини биламиз, лекин Осиё ўйинларидаги бу натижадан хабарим йўқ эди. Кейин ўйланиб қолдим: «Йўғе, ютқазганми?», «Юта олмаганми шунчалик?»... Менда ҳам шубҳа бошланди. Ютқазиб қўймай, деган хаёл билан... Ҳар куни шу нарсани ўйлаб чиққандан кейин қўрқинчли бўлади-да. Ўйлайверсиз шуни... Худога шукур, ўтиб олдик.

Делегация байроқдори бўлишни орзу қилганман, лекин бу орзумга етаман деб ҳеч қачон ўйламаганман. Чунки байроқни олиб чиқиш бутун Ўзбекистон терма жамоасининг сардори деган маънони билдиради. Мендан ҳам яхши спортчилар – Олимпиада ва жаҳон чемпионлари бор эди. Айнан менга топширилиши эса кутилмаган хушхабар бўлди, десам адашмайман. Бу менга янада куч бағишлади. Шу жойнинг ўзида: «Ютқазишга ҳаққим йўқ», деган нуқта қўйилди.

Исроил Мадримов Осиё ўйинлари финалида

- Жаҳон ва олимпиада чемпионлиги армон бўлиб қолдими?

- Нимага сиз армон деяпсиз? Мен ҳаваскор боксни тарк этганим йўқ. Профессионал боксга маълум шартлар асосида ўтганман. Осиё ва жаҳон чемпионатлари, Олимпиадада қатнашиш шарти билан профессионал боксга қадам қўйдим.

Профессионалга ўтиш бизга устунлик беради, чунки Америкада проф-бокс жуда яхши ривожланган. Шу тажрибалар, худо хоҳласа, кейинги йил бўладиган Осиё ва жаҳон чемпионатларида Олимпиада лицензиясини қўлга киритишимизга яхшигина фойда беради.

Айтганимдек, бу – армон эмас. Олимпия ўйинларида ҳам қатнашмоқчиман. Бу – менинг орзум. Олимпиадада ҳам, жаҳон чемпионатида ҳам яна жамоа сардори сифатида иштирок этиш ниятим бор.

- Ҳамма 2020 йилги Олимпиадада қатнашишингизни кутаётганида бирдан профессионал боксга ўтиб кетдингиз. Ҳали эртамасмиди? Бу қарорга келишингизга нима сабаб бўлди?

- «Uzbek Tigers» жамоаси WSB йўналиши бўйича мусобақада қатнашган, ўшанда беш раундли жангларда ўзимни кўрсатишга ҳаракат қилдим. Бу йўналиш менга ёқди, беш раунддан иборат жангда ўзимни яхши ҳис қилдим. Шунинг учун ҳам профессионал боксда ўзимни синаб кўриш нияти пайдо бўлган. Биринчи жангданоқ таваккалга қўл урганимиз шу сабабли бўлди. «Uzbek Tigers»да ҳам беш раундли жангда қатнашганмиз, етарлича тажриба бор: унда ҳам кийимсиз рингга чиқилади, профессионал қўлқоплардан фойдаланилади.

Ўзимда етарлича тажриба сезганим учун ҳам таваккалга қўл урганмиз.

Мадримов илк жангдаёқ рақибни нокаутга учратиб, камарга эга чиқди

Исроилдан суҳбат давомида яна бошқа бир қатор саволларга, хусусан, боксда кимни ўзига кумир деб билиши, қандай қилиб дебют жангидаёқ камар учун рингга чиқишга эришгани, ўзи қўлга киритган WBA Intercontinental камари ўз соҳибига қандай афзалликлар келтириши, камар ҳимояси учун ва кейинчалик чемпионлик жангини қачонга мўлжаллаётганига ойдинлик киритишини сўрадик.

Қолаверса, Мадримов қандай қилиб -75 кг вазн тоифасидан -69 кг.га туша олгани, профессионал боксда ўзи кутмаган ва уни энг ҳайрон қолдирган жиҳатлар ҳамда машғулотлар жараёни тўғрисида ҳам гапириб ўтди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар