17.11.2018 17:08
3167
«Арсенал» Европа Суперлигаси масаласида музокаралар ўтказганини тасдиқлади

Ноябрь ойи бошида Football Leaks журналистлар суриштируви гуруҳи қўлга киритган ҳужжатларига асосан Европанинг энг нуфузли клублари ўзаро келишган ҳолда қитъа Суперлигасини ташкил этишни режалаштиргани борасида хабар тарқатган эди. Ушбу маълумот футбол жамоатчилиги орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган, хусусан УЕФА Чемпионлар лигаси нуфузига путур етишидан жиддий хавотирга тушгани айтилган эди.

Ғояга кўра, кўҳна қитъанинг 16 клуби нафақат ЕЧЛдан, балки ўз маҳаллий чемпионатидан ҳам чиқиб кетган ҳолда Суперлигада иштирок эта бошлаши мумкин. Бу жамоалар ҳатто ўз таркибидаги футболчиларни терма жамоаларга қўйиб юбормаслиги эҳтимоли ҳам борлиги маълум қилинган.

Хабар қилинишича, 16 та клубдан 11 таси турнир ташкилотчилари сифатида 20 йил давомида ундан чиқиб кетиш хавфисиз иштирок этиши мумкин. Мусобақа асосчилари сифатида ҳужжатларда кўрсатиб ўтилган клублар орасида Лондоннинг «Арсенал» жамоаси ҳам бор.

Goal портали «тўпчилар» ижрочи директори Винай Венкатешам ва спорт директори Рауль Санльехининг айни мавзуда билдирган фикрларини эълон қилди. Улар клубнинг Суперлигада иштирок этиши мумкинлиги борасидаги маълумотни тасдиқлашган, айни пайтда бу АПЛ манфаатларига зид бўлиши мумкин эмаслигини айтиб ўтишган.

«Арсенал» Премьер-лигани кучсизлантириши мумкин бўлган ҳеч қандай мусобақада иштирок этиш истагини билдирмаган ва ҳозир ҳам шундай. АПЛ – энг оммабоп спорт туридаги энг етакчи лига, биз унга зарар келтирмоқчи эмасмиз.

Клубимиз Англия чемпионатидан чиқиб кетиши мумкинлиги айтилган мақолаларни кўрдим, аммо биз ҳеч қачон бу йўналишда қадам ташлаш ниятида бўлмаганмиз. Шу билан бирга, шуни ҳам тасдиқлашимиз керакки, биз бу музокараларда иштирок этишимиз зарур. Музокара иштирокчиси бўлишимиз керак дегани биз бу фикрни қўллаб-қувватлаймиз, дегани эмас» - деб айтиб ўтган Венкатешам.

«Келажакда Суперлигага қўшилишимиз мумкинми? Яқин келажакда эмас, чунки ҳозир УЕФА билан келишувимиз бор. Бироқ келгусида нима бўлиши мумкинлигини билмайман, чунки уни ёзиш бизнинг қўлимизда эмас.

Айни вазиятда мен яқин ва ўрта келажакда радикал ўзгаришлар бўлишини тасаввур қила олмайман. Аммо сизни ишонтириб айтишим мумкинки, ҳозирги ҳолат – энг оптимали. Биз Премьер-лигада эканимиздан жуда ҳам фахрланамиз», -  деб маълум қилган Рауль Санльехи.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар