15.11.2018 20:39
6905
Ўзбекистонлик мутахассис Тожикистон олимпия терма жамоасига бош мураббий этиб тайинланди

Ўзбекистонлик мутахассис Усмон Тошев Тожикистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланди. Бу ҳақда мамлакат футбол федерацияси расмий сайтида маълум қилинган.

53 ёшли мураббий жамоани Осиё чемпионатига олиб чиқиши керак бўлади. Саралаш мусобақаси 2019 йилнинг 22-26 март кунлари Тошкентда бўлиб ўтади. Тожиклар жой олган «F» квартетидан саралаш мезбони Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистон ва Покистон терма жамоалари ҳам ўрин олган. Гуруҳ ғолиби 2020 йил Таиландда бўлиб ўтадиган қитъа биринчилигига йўлланма олади. Шунингдек, жами 11 та гуруҳда энг яхши кўрсаткич қайд этган тўртта иккинчи ўрин соҳиби ҳам финал босқичига чиқади.

Тожикистон олимпия терма жамоасининг янги бош мураббийи яқин кунларда ўз лавозимига киришади.

Маълумот учун, Усмон Тошев фаолияти давомида «Бухоро», «Насаф» ва «Шўртан» каби клублар бош мураббийи сифатида ишлаган. Асли бухоролик мутахассис 2006 йилда бир муддат Ўзбекистон терма жамоасини бошқарган Валерий Непомняшийга ассистент бўлган, 2014-2015 йилларда Афғонистоннинг «Де Маиванд Аталан» клубига устозлик, ўтган мавсумда «Андижон» бош мураббийи бўлган. Шу йилнинг июнида Тошев 16 ёшгача бўлган футболчилардан иборат Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси билан Марказий Осиё чемпионатида ғолиб чиққан эди.

Усмон Тошев 2005 йилдан буён «Про» лицензиясига эга. У, шунингдек, ФИФА ва ОФК инструктори ҳисобланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар