Эктор Купер: «Терма жамоада ҳеч кимга жой кафолатланмаган»

Эртага, 16 октябрь куни Ўзбекистон термаси жамоаси ўз майдонида Қатар термасини қабул қилади. Бугун ушбу ўртоқлик учрашувидан олдинги матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманнинг биринчи қисмида Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ва ярим ҳимоячи Одил Ҳамробеков иштирок этди.

«Эртага [бу йиғин доирасидаги] иккинчи ўртоқлик учрашувида майдонга тушамиз. Бу ўйиндан мақсад – биринчи ўйиндаги яхши жиҳатларимизни яна бир бор такрорлаб олиш ва яхшилаш. Биринчи ўйинда кўрсатилган тартибли ўйин, ҳимояда бир чизиқ бўлиб ҳаракат қилишни бу учрашувда ҳам давом эттирамиз.

Биринчи ўйинда камроқ ҳаракат қилган футболчиларга бу сафар кўпроқ имконият берилади. Янги футболчилар ҳам майдонга тушади. Бу таркиб бутунлай ўзгариб кетади, дегани эмас. Аввалги ўйинда майдонга тушган ўйинчиларнинг баъзилари эртанги ўйинда ҳам иштирок этади.

Бу ўйиндан кейин футболчилар ўз клубларига жўнаб кетишади. Улар ўзлаштирган услубларини кейинги йиғингача унутиб қўймасликларига умид қиламиз.

Эртага янги ўйинчиларни синаб кўриш билан бирга ўйин услубимизни янада яхшилашга ҳаракат қиламиз», - деб айтиб ўтди Купер анжуманнинг кириш қисмида.

«Эртага бизни қизиқарли ўйин кутиб турибди. Ўртоқлик ўйини бўлса ҳам, Қатар билан ўйинлар доим қизиқ ўтган. Араб жамоалари доим ҳужумкор ўйинни ёқтиришади», - дея фикр билдирди Одил Ҳамробеков.

- КХДР билан ўйинга Қатардан видеотасвирчи келиб, ўйинни тасвирга туширди. Улар Осиё кубогидаги гуруҳдошлари КХДРни ўрганишмоқда. Биз гуруҳ босқичида Япония, Уммон ва Туркманистон билан ўйнаймиз, уларни ўрганиш жараёни бошланганми?

- Албатта, Осиё кубогидаги рақиб жамоалар ўйинларини таҳлил қиламиз. Шуни назарда тутиш керакки, ҳозир ахборот технологиялари жуда ривожланган, стадионга бормай туриб ҳам рақиб ўйинини ўрганиб чиқиш мумкин. Рақибларимиз ўйинларини таҳлил қилиш учун уларнинг навбатдаги ўртоқлик ўйинларига ўз вакилларимизни юборамиз. Бу жиҳатдан ҳеч қандай муаммо йўқ.

Ҳозирги кунда энг асосийси рақибларимиз эмас. Биз ўзимизнинг ўйинимизни шакллантиришимиз керак. Уларнинг тактикасини ўрганиб чиқиб, биз ўз ўйинимизни бутунлай ўзгартириб юбора олмаймиз.

Таъкидлаганимиздек, рақиб жамоани ўрганамиз, аммо бу иккинчи даражали, биринчиси – ўзимизнинг ўйин. Рақиблар тўғрисида барча маълумотлар бор. Уларнинг ўйинларини ўрганишда кўплаб дастурлардан фойдаланамиз.

- Сардор Рашидов бу сафарги йиғинга жалб этилмагани нима билан боғлиқ? У Эрон билан ўйинда ҳужумдан ҳимояга деярли қайтмаган эди, у мураббий кўрсатмаларини бажармагани учун чақирилмадими?

- Ўзбекистон терма жамоаси билан шартнома тузаётган пайтимда менга ҳеч ким бизда 2-3 ўйинчи бор, улар доим термага чақирилиши керак, деб айтмаган. Шунинг учун ҳеч кимга терма жамоадаги жой кафолатланмаган. Унинг чақирилмаганига жароҳат туфайлими ёки бизнинг ўйин услубимизга тўғри келмаганими ё бошқа сабаб борми, буни тушунтириб ўтиришнинг ҳожати йўқ, деб ҳисоблайман.

Масалан, Одил Ҳамробеков ўз клубида жуда яхши ўйнаётган бўлиши мумкин, аммо терма жамоадаги ўйин услубига тушмаслиги мумкин. Бунақа ҳолатда биз бу футболчини чақирмаймиз. Ёки ҳозир унинг позициясида бошқа ўйинчиларни синаб кўраётган бўлишим мумкин. Ўйинчининг жисмоний ҳолати ҳам катта роль ўйнайди. Сабаблар кўп, лекин ҳар бирини тушунтиришим шарт эмас.

Тўғри, ҳамманинг ҳам ўзига ёқадиган ўйинчилари бўлади. Кимдир ўз клубида ўйнаган футболчиларни терма жамоада кўришни хоҳлайди. Балки ҳозир қайсидир футболчини термага чақирмай хато қилаётгандирман, аммо буни вақт кўрсатади.

Ўйинчи бу йиғинга жалб этилмаса, бу энди ҳеч қачон бошқа чақирув олмайди, дегани эмас. Кейинги ўйинларда албатта яна имконият берилади. Яна бир бор таъкидлаб ўтаман, ҳеч қачон ҳеч қайси футболчига терма жамоада доимий жой кафолатланмаган.

- Одил, КХДР билан ўйиндан кейин кўплаб жамоадошларингиз майдоннинг ҳолатидан норозилик билдиришди. Бу майдонда сиз ҳам ўйнадингиз, бу ҳақда нима дея оласиз?

Одил Ҳамробеков: - Майдоннинг ҳолати жуда ёмон, деб айтишим нотўғри бўлади. Бу четдан келган ўйинчилар учун ноқулай бўлиши мумкин, ўзимиз учун ҳам. Майдон идеал футбол кўрсатишга халал бермоқда. Ҳозир бу баҳона бўлиб эшитилиши мумкин. Лекин буни ўзингиз ҳам кўриб турибсиз. Майдон чими чиқиб кетяпти, бу ўйинга озгина бўлса ҳам таъсир этяпти, деб ўйлайман. Бу – баҳона эмас, майдоннинг қандайлигини ҳамма кўриб турибди.

- ЎФА расмий сайтида Виталий Денисов жароҳати туфайли чақирилмади, деб маълумот берилди. Лекин у ўз клубида майдонга тушди. Унинг чақирилмаслигига ҳақиқатан ҳам жароҳати сабаб бўлдими?

- Бизга Виталий Денисовнинг жароҳати бор, деб маълумот беришди. Шунинг учун чақирилмаган эди. Клубида ўйнаган бўлса, мураббий бунга ҳеч нарса дея олмайди. Чунки жароҳати бор дейишгани учун чақирилмаган эди.

- Мураббийларда захира тактикаси ҳам бўлади. Уни Осиё кубогига қадар қўллаб кўриш режангиз борми?

- Муқобил тактика бор-йўқлигига келсак, ҳозир агар турли хил тактикалар қўлласам, футболчилар нима қилишни билмай қолишади. Аввало битта услубни ўрганиш керак. Ўзимизнинг қиёфамизни шакллантиришимиз керак. Ана шундан кейингина вазиятдан келиб чиқиб, рақибга қараб ўз тактикамизни ўзгартиришимиз мумкин.

Эрон билан ўйинни олсак, мағлуб бўлганимиз сабаби – тактик вазифа юклатилган футболчилар бу топшириқларни охиригача бажара олмагани. Балки ўша чизиқда бошқа ўйинчини синаб кўрганимизда у бу услубни яхшироқ тушунган ва натижа бошқачароқ бўлиши мумкин эди. Шимолий Корея билан ўйинда ҳам жуда яхши тактика танлаганимиз учун ғалаба қозонмадик, футболчилар қўйилган вазифаларни яхшироқ уддалашгани учун ғолиб чиқдик. 

Бундан ташқари, йиғиндан кейин ўйинчилар клубларига тарқалишади ва кўп нарсани эсдан чиқаришади. Клубларнинг ўз тактикалари бор, бу эса футболчилар учун муаммо туғдиради.

Шахсан менинг тактикам кўпчиликка ёқмаслиги мумкин, буни биламан. Юз миллион аҳолиси бор терма жамоани бошқарганман. Юз миллион инсонга қандай ёқиш мумкинлигини тасаввур қилиб кўринг.

Ҳар хил муқобил тактик вариантларни қўллаб кўришдан олдин биз бир-биримизга ўрганиб олишимиз, адаптация жараёни бўлиши керак. Кейинчалик натижага қараб тактикамизга ўзгаришлар киритишимиз мумкин. Агар яхши натижалар қайд этилса, масалан Осиё кубогида ғалаба қозонсак ёки Жаҳон чемпионатига чиқсак, унда тўғри йўлдан кетаётган бўламиз. Агар бу услуб натижа келтирмаса, у ҳолда табиийки, унга ўзгариш киритишимиз шарт бўлади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар