29.09.2018 01:21
9418
Анонс. Испанияда Мадрид дербиси, «Ливерпуль» қаршисида яна «Челси»

Бу шанба ўзгача бўлади. Рим ва Мадрид дербиларидан тортиб, Англияда ва Италияда чемпионлик пойгасига катта таъсир кўрсатадиган ўйинларнинг ҳаммаси мана шу бир кунда бўлиб ўтиши оқшомимизни ҳақиқий футбол байрамига айлантириб юборса керак. Келаси ҳафта ЕЧЛ ўйинларининг борлиги бунга сабаблардан биридир, зеро шу ушбу мусобақада қатнашувчи топ клубларнинг ўйинлари шанбага белгиланган. Қуйида бизни кутиб турган футбол шанбаси ҳақида батафсил маълумот берамиз.

РОМА – ЛАЦИО (29 сентябрь, 18:00)

Бу рақиблар, бу ўйин ҳақида анонс бераётганда жамоаларнинг имконияти, турнир жадвалидаги ҳолати ҳақида ортиқча гапларнинг ҳожати йўқ. Римнинг икки клуби бир пайтда юқори ўринлар учун даъвогарлик қилишлари камдан кам кузатилади – гоҳ «Рома», гоҳ «Лацио» барқарорликни намойиш этади ва ўша пайтда қўшни жамоа қандайдир муаммолар гирдобида қолган бўлади. Аммо ҳар мавсум, ким қаерда эканидан қатъи назар Рим дербиси ўта қизғин, кескин, муросасиз ва эсда қоларли ўтишини таъкидлаш керак. Охирги 18 дербининг 7тасида «Рома», 6тасида «Лацио» ғалаба қозонгани юқоридаги фикрларни исботлаб турибди. Зеро сўнгги йилларда «Рома» «Лацио»дан кўра анча ишончли ва кучли кўринмоқда, лекин шу ҳам дербидаги мувозанатга таъсир қила олмаган.

«Рома» куни кеча ниҳоят аутсайдер «Фрозиноне» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Унгача қаторасига 6 ўйинда ғалаба нималигини билмай келган жамоа учун дерби олдидан жуда фойдали ғалаба бўлди деб айтиш мумкин. «Лацио»да эса, ишонч борасида ҳаммаси жойида – Индзаги шогирдлари охирги беш ўйинда (бир ўйин Европа Лигасида) фақат ғалаба қозониб келмоқда. Мавсум бошида «Ювентус» ва «Наполи»дан мағлубиятга учраган «Лацио» сентябрни мана шундай кўтаринки руҳда ўтказди.

БАРСЕЛОНА – АТЛЕТИК (29 сентябрь, 19:15)

Испанияда нафақат «Реал» ва «Барселона» ўртасидаги ўйинлар, балки бу грандларнинг «Атлетик»ка қарши ўйинлари ҳам «Классико» номини олган. Чунки айнан шу уч жамоа Испания чемпионатининг энг бошидан буён узлуксиз равишда юқори дивизионда ўйнаб келишмоқда.

Аввалги Классикода «Атлетик» «Реал»ни қабул қилди ва шу ўйинда мадридликлар илк бор очко йўқотишди. Энди эса, имтиҳон навбати «Барселона»да. Вальверде учинчи бор «Барселона»ни собиқ жамоасига қарши майдонга бошлаб тушади. Ўтган икки ўйинда ҳам каталонияликлар 2:0 ҳисобларида устун келишган.

Умуман олганда, «Атлетик» «Барселона» учун қулай рақиб, сўнгги ўн йилда бильбаоликлар жамоаси атиги 3 марта «Барселона»ни мағлубиятга учратишган бўлишса, буларнинг иккитаси суперкубок ва кубок ўйинларига тўғри келади. Лекин айнан ўша суперкубок ўйини, эсингизда бўлса, «Атлетик»нинг 4:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган учрашув барчанинг ёдида қолган бўлиши табиий.

Бир қараганда одатий, даҳшатли «Камп Ноу»... Аммо бу ўйин олдидан «Барселона» кичик муаммоларга учраб қолгани ўйинга қизиқишни оширади. Ўйин борасида ҳаммаси жойида, лекин сўнгги икки турда «Барселона» аутсайдер клублар билан ўйинларда 5 очко йўқотди. Вальверденинг мана шу тиғиз ҳафталарда ротацияга қўл ургани жамоага қимматга тушди. Мана шу ўтган ўйинлар шунчаки, кутилмаганда йўлдан чиқиб қолган «тошлар» эдими ёки «Барселона»да ҳақиқатан ҳам муаммолар бошланиш арафасидами, бу саволга ҳам жавоб топилади.

Бунинг устига, келаси ҳафтада каталонияликларни еврокубокларда «Тоттенҳэм» кутиб турганини ҳам унутмаслик керак. Вальверде ўша ўйин таъсирида яна таркибда бир қатор ўзгаришларга қўл уриши бу сафар табиий ҳолдек қабул қилинмаса керак. Қаторасига уч ўйинда очко йўқотиш «Барселона» учун ярашмайди ахир.

Таркиблар борасида мезбонларда муаммо йўқ. «Атлетик» сафида эса, грандлар билан ўйинда ўзини кўрсатишга уста бўлган тажрибали Ариц Адурис машғулотларга қайтди ва бу ўйинда майдонга тушиш эҳтимоли бор. Ўз вақтида, юқорида ҳам эслаб ўтилган суперкубок баҳсида Адурис ҳет-трик қайд этганди.  

ЮВЕНТУС – НАПОЛИ (29 сентябрь, 21:00)

А Серия клубларининг ёзги трансферларидан келиб чиқиб, бу мавсумда «Ювентус»га бир эмас, бир нечта  жамоалар қаршилик қилиши мумкинлиги тахмин қилинганди. Аммо атиги 6 тур ўтиши билан бошқа манзарага гувоҳи бўлмоқдамиз – «Интер» 8, «Рома» 10, «Милан» эса 12 очкога «Ювентус»дан ортда қолиб кетиб бўлди. Худди ўтган йилгидек, бу сафар ҳам фақат «Наполи» туринликлар жамоасига ташвиш туғдириши мумкин.

Ўтган йили узоқ вақт «Наполи» яккапешқадамлик қилган бўлса, бу сафар «Ювентус» йўқотишларсиз бормоқда. Бу ўйинда ҳам шу анъана давом этса, Аллегри жамоаси катта фарқ билан олдинга кетиб қолади. «Ювентус»ни таъқиб қилиш нақадар қийин эканини ортиқча тушунтириш шарт бўлмаса керак.

Бундан ташқари, келаси ҳафта бўлиб ўтадиган Европа Чемпионлар Лигаси ўйинлари ҳам «Наполи»га кўпроқ ташвиш туғдириши шубҳасиз. Анчелотти шогирдлари кутилмаганда Белградда очко йўқотди, энди, курашда қолиш учун «Ливерпуль» қаршилигини енгиш талаб этилади. «Ювентус» эса, сафарда асосий рақиблардан бирини мағлубиятга учратди. «Янг Бойз»ни Туринда қабул қилиш у қадар хавфли эмас, яъни Аллегри футболчиларнинг асосий эътиборини айнан шу ўйинга қаратиши шубҳасиз.

Мезбонлар таркибида Дуглас Коста ва Сами Хедира майдонга туша олишмайди. Улар катта эҳтимол билан терма жамоалар билан боғлиқ танаффусдан кейин, яъни октябрнинг ўрталаридан сафга қайтишади. «Наполи»да жароҳатлар билан боғлиқ муаммолар йўқ.

Ўзаро ўйинларда «Ювентус»нинг кўрсаткичлари яхшироқ, зеро сўнгги 20 ўйиннинг 10таси айнан туринликлар жамоаси ғалабаси билан якунланган. Аммо бу стадиондаги сўнгги учрашув шу йилнинг апрелида меҳмонларнинг ғалабаси билан якунланганини ҳам унутмаслик керак.

БАЙЕР – БОРУССИЯ ДОРТМУНД (29 сентябрь, 21:30)

Бундеслиганинг энг эътиборли афишаларидан бири. Жамоалар турли даврларда «Бавария»га муаммо туғдира олганликлари ва ҳатто ўша рақобатнинг мукофоти ўлароқ Европада ҳам кучли жамоага айланиб, ЕЧЛ финалига чиққани билан ўхшашдир. Шунингдек, бу жамоалар таркибида доимо топ-клубларнинг эътиборини тортиши мумкин бўлган ёш футболчиларнинг мавжуд бўлиши билан ҳам эътирофга арзийди. 

Айни пайтда, албатта, «Боруссия» бир поғона юқорироқ даражада. Лекин Леверкузенда бўлиб ўтадиган ўйинлар доимо муросасиз бўлиб келган. Сўнгги 7 ўйиннинг атиги иккитасида меҳмонлар ғалаба қозонишнинг уддасидан чиқишган холос.

Дортмундликлар жамоаси одатий равишда мавсумни «Бавария»ни таъқиб этиш билан бошлади ва бу ҳолат қайси ойгача давом этиши ҳам кўпроқ мюнхенликлар жамоасининг қандай ўйин кўрсатишига боғлиқ. Шундай бўлса-да, Германияда еврокубокда қатнашиш учун курашувчи жамоалар кўпайиб бормоқда, яъни имкон қадар биринчи ўрин учун кураш керакки, оқибатда, мағлубият ҳам сенга Чемпионлар Лигаси йўлланмасини тақдим этсин...

«Байер» эса, мавсумни қаторасига 3 мағлубият билан бошлади. Менхенгладбах ва Мюнхендаги мағлубиятлар тушунарли, лекин жамоа ўз майдонида «Вольфсбург»га ютқазиб қўйишини ҳеч ким кутмаган бўлса керак. Аммо сўнгги турларда ливеркузенликлар ўзларига келиб олишди ва Европа Лигасидаги ғалаба билан қўшиб, қаторасига уч ўйинни ғалаба билан якунлашди.

Бу ўйинда ниҳоят Рафаэл Геррейро ва Марио Гётценинг таркибга қайтишини кутса бўлади. «Монако»га қарши жуда муҳим Европа Чемпионлар Лигаси ўйини олдидан таркибда бироз ўзгартириш киритиш ва тикланаётган футболчиларни майдонга тушириш учун айни вақтдир балки. 

ЧЕЛСИ  - ЛИВЕРПУЛЬ (29 сентябрь, 21:30)

«Ливерпуль» уч кун олдин ушбу мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди ва ютиши мумкин бўлган тўрт турнирдан бирини тарк этди. Бунинг асосий сабабчиси  - «Челси» ва айнан лондонликлар билан иккинчи дуэль энди «Стемфорд Бриж»да, энди Англия Премьер Лигаси доирасида бўлиб ўтади. Сарри жамоаси «Ливерпуль»нинг АПЛдаги сериясини ҳам тўхтата оладими ёки мавсумни мағлубиятсиз ўтказаётган «Челси»нинг қоқилиш навбати келдими? Ўйин жуда қизғин ўтиши табиий.

Ҳар қанча чиройли эшитилмасин, Англия Лига кубогига бўлган муносабат инглиз топ-клублари учун у қадар жиддий эмас. Чоршанба кунги ўйинда ҳар икки жамоа ҳам бироз аралаш таркибда майдонга тушди. Клопп Александр-Арнолд, Гомес, Фирмино ва Салоҳни асосий таркибда туширмади, «Челси» сафида эса, Луиз, Алонсо, Канте, Жоржиньо ва ҳал қилувчи гол муаллифи Азар каби футболчилар захирада қолганди. Бу номларнинг барчаси кутилаётган ўйинда бошланғич таркибдан жой олиши аниқ.

Шунингдек, «Ливерпуль» таркибида Ловреннинг сафга қайтгани, Фабиньо ҳам тўлиқ майдонга ҳаракат қилганини таъкидлаш керак. Ловрен – Ван Дейк жуфтлиги «Ливерпуль»да асосий марказий ҳимоячилар тандеми бўлиши тахмин қилинаётганди, аммо дастлабки турларда Ловрен жароҳат туфайли ўйнай олмади. Энди эса, Виржийл ван Дейкнинг ўйинда иштирок этиши сўроқ остида турибди. Азарга қарши ўйинда Матипга ишонч камлигини эътиборга олсак, шу пайтгача бирга марказда ўйнамаган Гомес – Ловрен жуфтлиги ўзини қандай кўрсатиши бу оқшомнинг яна бир калит саволларидан биридир.

Ушбу ўйин ғолиби Премьер Лиганинг яққол етакчисига айланиши мумкин. Орадан уч кун ўтиб, «Наполи» майдонига сафар қиладиган, роппа-роса бир ҳафтадан кейин эса, «Манчестер Сити»га қарши ўйнаши керак бўлган Клопп жамоаси учун имкон қадар пешқадамликни сақлаб қолиш жуда муҳим. Юрген Клопп бу стадионда икки маротаба зафар қучган – «Челси»ни қандай тўхтатиш масаласи у учун бажарилмас вазифа эмас. 

РЕАЛ – АТЛЕТИКО (23 сентябрь, 23:45)

«Реал» олти ўйиндан 13 очко тўплаб иккинчи, «Атлетико» шунча ўйиндан кейин 11 очко тўплаб учинчи ўринда бормоқда. Мадриддагина эмас, турнир жадвалида ҳам қўшнига айланган жамоалар бу ерга турлича йўлларни босиб келганликларини таъкидлаш керак.

«Реал» мавсумни яхши бошлади, чиройли ғалабалар, Лопатегининг ўзига хос тактикалари, Бэйл, Бензема, Иско мисолидаги янги етакчилар ва бошқа фарқли жиҳатлар «Реал»нинг ўйинларига эътиборни жалб қилаётганди. Кейин эса, аввалига «Атлетик» билан дуранг содир бўлди, «Эспаньол» устидан ишончсиз ғалаба, айниқса, Севильядаги тарсаки жуда оғир бўлди. «Реал» яна ўзини ахтараётган жамоага айланиб қолгандек.

«Севилья»дан мағлубиятни изоҳлаш мумкиндек. «Писхуан» мадридликлар учун энг ноқулай стадион ҳисобланади. Қизиғи, навбатдаги турда «Реал» «Сантяго Бернабеу» учун энг ноқулай рақибини айнан шу стадионда қабул қилади. Чемпионлар Лигасини ёки турли кубок мусобақаларини четга суриб турсак, «Реал» Ла Лигада «Атлетико» устидан 2012 йилдан бери ғалаба қозона олмаяпти.

«Атлетико» эса аксинча, мавсумни ёмон бошлаб, сўнгги турларда ўз ўйинини топиб олди. Охирги икки ўйинда жамоа ўз услубида, яъни бирорта ҳам гол ўтказиб юбормай ғалабага эришди.  Жамоаларнинг сўнгги кўрсаткичларидан ташқари, таркиб бўйича ҳам «Атлетико»нинг аҳволи яхшироқ. «Реал»га эса, икки асосий кучи – қанот ҳимоячилари ёрдам бера олишмайди. Карвахаль ҳам, Марсело ҳам жароҳатда. Шунингдек, кўричак туфайли, бир ой жамоага ёрдам бера олмайдиган Исконинг ҳам, айниқса, Лопатеги схемасида аҳамияти катта эди. Хуллас Лопатеги учун ҳақиқий синов даври бошланмоқда.

Сўнгги йиллардаги ўзаро ўйинларда «Реал», ғалабалар сони – 14га 9ни ташкил қилади. Аммо бу статистика барча мусобақалардан олинган, агар «Реал» Европа Чемпионлар Лигасида доимий равишда «Атлетико»ни ютиб келганини эътиборга олсак, Ла Лигада «Атлетико» ишончлироқ тўп сурганини кўрамиз.

БОШҚА ЎЙИНЛАР

28 сентябрь. «Ҳерта» – «БАВАРИЯ» (23:30)

29 сентябрь. «Вест Ҳэм» – «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД» (16:30), «АРСЕНАЛ» – «Уотфорд» (19:00), «Ҳаддерсфилд» – «ТОТТЕНҲЭМ» (19:00), «МАНЧЕСТЕР СИТИ» – «Брайтон» (19:00), «Ницца» – «ПСЖ» (20:15), «ИНТЕР» – «Кальяри» (23:30)

30 сентябрь, «Сассуоло» – «МИЛАН» (23:30).

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар