23.09.2018 18:36
13097
Роналду қизил карточкани унутишга, «Барселона» биринчи ўринга қайтишга уринади. Кун ўйинлари анонси

23 сентябрь куни Европада миллий чемпионатлардаги тур учрашувлари давом этади. «Трибуна» бугунги ўйинларнинг энг қизиқлари анонсини тақдим этади.

«Вест Ҳэм» – «Челси». 18:00
«Вильярреал» – «Валенсия». 19:45
«Арсенал» – «Эвертон». 20:00
«Фрозионе» – «Ювентус». 23:30
«Барселона» – «Жирона». 23:45

Валенсия дербиси
«Валенсия» ҳам, «Вильярреал» ҳам бу ҳафтада еврокубоклардаги иштирокини яхши ўтказа олмади. Бу икки жамоа Испания чемпионатида ҳам «кучли бешлик»дан йироқда қолмоқда. «Вильярреал»да вазият ҳалокатли эмас, жамоа ўртамиёналар қаторида бормоқда, ўтган мавсумда «Барселона»га асосий рақобатчи бўлган «Валенсия» эса турнир жадвалининг қуйи қисмида жойлашган. Жамоа бу мавсум арафасида яхши трансферлар амалга оширди, шу билан бирга жамоани бир қатор етакчилар тарк этди. Футбол экспертлари Марселино жамоаси бу мавсумда ҳам совринлар учун курашишини прогноз қилишганди. Аммо «кўршапалаклар» 4 турдан кейин бир мағлубият ва 3 дуранг қайд этган ҳолда 18-ўринда бормоқда.

Марселино таркибда ротациялар қилишга уринмоқда. У ЕЧЛнинг илк ўйинида «Ювентус»га қарши россиялик легионер Денис Черишевни ўйнатмади, бу эса Черишев собиқ жамоаси «Вильерреал»га қарши ўйинда бошланғич таркибда майдонга тушишини англатади. Мураббий жамоа йиғинига охирги бўлиб келган футболчиларга (Черишев, Гедеш, Батшуайи) кўпроқ ўйин амалиёти беришга уринмоқда. Бельгиялик ҳужумчи машғулотлар вақтида жуда чиройли гол урди ва «Вильярреал»га қарши ўйнашга тайёрлигини кўрсатди.

Валенсия дербиси кейинги 5 йилда у қадар голларга бой бўлмаган. Бу ўйинларда ҳеч қачон бир томон 3та гол урмаган. Ўтган мавсумда икки даврадаги ўйин ҳам «Вильярреал»нинг минимал ҳисобдаги ғалабалари билан тугаганди. «Валенсия» бугун реванш олишга уриниб кўради.

Роналду ЕЧЛдаги омадсизликдан кейин қандай ўйнайди?

Европа чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг биринчи турида «Валенсия»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида Криштиану Роналдунинг шубҳали тарзда қизил карточка олиши турнинг асосий воқеаси бўлди. Португалиялик футболчи бу вазиятдан қаттиқ хафа бўлди ва кўз-ёшларини тия олмади. «Фрозионе»га қарши ўйинга у руҳан тайёр бўладими? У ўйинга тушадими? Балки, унга бироз дам берилар? Жамоа усиз ҳам кучсиз рақибни енгар? «Юве» бош мураббийи Массимилиано Аллегри ўйин олдидан ўтказилган матбуот анжуманида шу саволларга жавоб қайтарди.

«Роналду - дунёнинг Месси билан тенглаштириладиган кучли футболчиси. У бизнинг асосий кузирларимиздан бири. Ҳозирча у фақат иккита гол урган, аммо у тўхтаб қолмайди. Роналдунинг вазифаси голлар уриш. Ундан кўп нарсани кутамиз, Криштианунинг ўзи ҳам ўз олдига юқори марраларни қўйган. У майдонга тушади ва гол уришни давом эттиради. Мен бунга ишонч билдираман», деган Аллегри.

Фрозинонеда португалиялик юлдузни сабрсизлик билан кутишмоқда. Ўйин учун чиқарилган барча чипталар сотиб бўлинган. Мавсум старти кутилганидек кечмаган бўлсада, митти жамоа мухлислари ўз севимлилари Роналдуни тўхтатишини кутишмоқда. «Фрозионе» жамоаси бош мураббийи Морено Лонго футболчилар бу ўйинда бор кучи билан ўйнаши ҳақида гапирди: «Ўйиндан олдин таслим бўлишга сабаб йўқ. А Серия мавсумини ўзимизни худди Чемпионлар лигасида ёки жаҳон чемпионатида ўйнаётгандек ўтказишимиз зарур».

«Челси» «Ливерпуль»ни таъқиб этмоқда

«Челси» ва «Вест Ҳэм» турнир жадвалида бир-биридан жуда узоқ жойлашишган. «Челси» 5 ўйинда юз фоизлик натижани кўрсатиб, пешқадамлик қилаётган бўлса, «Вест Ҳэм» бу сафар ҳам ёмон бошлади – дастлабки тўрт ўйинда мағлубиятга учради. Лекин бу ўйинга алоҳида эътибор қаратиш учун бир қатор сабаблар бор.

Биринчидан, «Вест Ҳэм» ижобий курсга тушиб олгандек, чунки «Эвертон» майдонидаги ишончли ғалаба эътирофга лойиқ. Бу ўйинда жамоанинг янги харидлари ҳам ўзларини кўрсатди – Ярмоленко дубль қайд этган бўлса, «Лацио»дан сотиб олинган бразилиялик Филипе Андерсон жамоа таркибида энг яхши баҳо олган футболчи бўлди. Демак, «Вест Ҳэм» ўз ўйинини топиб бормоқда.

Икккинчидан, бу дерби. Лондон дербилари ўзининг муросасизлиги ва кутилмаган натижалари билан эътибор тортиб келган. Масалан, «Вест Ҳэм» ўз майдонида «Челси»га қарши ўтказилган охирги 4 ўйиндан 3тасида ғалаба қозонган. Ахир бу мавсумларнинг иккитасида «Челси» чемпион бўлган, лекин бу ҳам «Вест Ҳэм»ни шаштидан қайтара олмаган.

Пайшанба оқшомида «Челси» Европа Лигаси доирасида Грецияга сафар қилди. Сарри баъзи етакчи футболчиларига дам берган бўлса-да, умумий ҳолат юзасидан «Вест Ҳэм» жисмонан тетикроқ бўлиши ва бу ҳам мезбонларга устунлик яратиши мумкин. Хуллас, қўшимча шартлар гўёки «Челси»нинг ниҳоят очко йўқотишидан далолат қилмоқда. Кўрамиз, Маурицио Сарри бу синовдан ўз шогирдларини қандай олиб чиқаркин?

«Арсенал» етакчиларни таъқиб этмоқда
Унаи Эмери «Арсенал» бош мураббийлигига келганидан кейин жамоа бирдан кучайиб кетгани йўқ. Лондонликлар 5та ўйиндан кейин айни вақтда турнир жадвали пешқадами «Ливерпуль»дан 9 очко кам жамғарган ҳолда 9-ўринда жойлашган. Бугун «Эвертон»га қарши қарши олтинчи ўйинда ғалабага эришилса, жамоа олтинчи ўринга кўтарилиб олиши мумкин.

Унаи Эмери Чемпионлар лигаси ўйинида жиддий ротацияларни амалга оширди ва Украинанинг «Ворскла» клубини 4:2 ҳисобида мағлуб этди. У ўйиндан олдин «Эвертон»га қарши ўйинга ҳам украинларга қарши ўйнаган таркиб туширилишини айтди. 2 кун олдин ўйнаган Ўзил ва Обамеянг бугун ҳам майдонга тушириб, ўзларининг голлар статистикасини яхшилаб олиши мумкин. Жамоанинг асосий ҳужумчиси бўлмиш Пьер-Эмерик Обамеянгда ҳам, жамоа етакчиси Месут Ўзил ҳам ўтган ўйинларда фақат биттадан гол уришган. Эмери габонлик футболчи ўзига ишончни тиклаши учун уни яна туширишини тан олган.

Бугунги ўйин собиқ «канонир» Тео Уолкотт учун ҳам алоҳида аҳамиятга эгадир. Сал аввалроқ ушбу футболчи ниҳоят «Эвертон»да «ўзини топгани» ҳақида гапирганди: «Охирги йилларда «Арсенал»да футболдан завқ олиб ўйнамадим. Мен деярли майдонга тушмасдим ва доим хафа бўлардим. Аммо энди мен яна юзимда табассум билан тўп тепмоқдаман».

Ушбу ҳужумчи собиқ жамоасига гол урса, голини нишонламоқчи. У «Эвертон»да ғалаба қозониш учун имконият юқорилигини қайд этиб ўтган: «Менимча, биз яхшироқ ўйнаймиз. Мураббийимиз бу жамоани «Арсенал»дан юқорироққа олиб чиқа олади. Айнан шунинг учун бу жамоага қўшилганман. Биз энг юқори ўринлар учун курашамиз».

«Барселона» биринчи ўринни «Реал»дан қайтариб оладими?
22 сентябрь куни Испания Ла Лигаси доирасида «Реал» «Эспаньол»ни қабул қилиб, кичик ҳисобда ғалаба қозонди ва очколари сонини 13тага етказиб, турнир жадвалида биринчи ўринга кўтарилди. 5-тур ўйинини бугун ўтказадиган «Барселона»да ҳозирда 12 очко бор.

Бугун «Барселона» ўз учрашувини «Жирона»га қарши ўтказади. Каталония дербиси мақомидаги ушбу беллашув Тошкент вақти билан соат 23:45да бошланади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар