21.09.2018 20:13
10020
Абдулла Арипов Осиё ўйинлари совриндорларига пул мукофотларини топширди (фоторепортаж)

Бугун, 21 сентябрь куни Миллий олимпия қўмитасида Индонезияда бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиб, ғолиб ва совриндор бўлган спортчиларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Ўзбекистон Республикаси президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов иштирок этиб, Индонезияда шоҳсупага чиққан атлетларга мукофотларни топширди.

Тақдирлаш маросими аввалида бош вазир Абдулла Арипов сўзга чиқиб, спортчиларни ўзбек спорти учун энг муваффақиятли ўтган Осиё ўйинларидаги муносиб иштирок билан табриклади, уларга келгусидаги фаолиятларида мустаҳкам соғлик ва омад тилади.

«Дунёнинг энг кўп аҳолисига эга мамлакатлари иштирок этган мусобақада муносиб қатнашиб, улар орасида 5-ўринни эгаллаш – нафақат спорт соҳаси вакилларини, балки бутун Ўзбекистон халқини руҳлантирадиган натижадир. Шу боисдан ҳам халқимиз номидан барчангизга улкан миннатдорчилик билдираман», - деди ҳукумат раҳбари.

Бош вазирнинг маълум қилишича, кеча президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон спорти раҳбарлари ва мутасаддиларига мамлакатда спортни янада оммавийлаштириш вазифаси юклатилган. Хусусан, президент соғлом авлодни вояга етказиш ва аҳоли саломатлигини сақлаш учун спортнинг қамровини кенгайтириш кераклигига урғу берган.

«Сиздек таниқли ва севимли спортчиларимизсиз буни амалга оширишимиз имконсиз», - дея қайд этди Арипов.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси президентининг «XVIII Осиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш тўғрисида”ги фармойишига асосан, Осиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар 5 минг АҚШ долларидан, кумуш медал эгалари 3 минг доллардан ва бронза медал соҳиблари 2 минг доллардан пул мукофотлари билан тақдирланди. Бундан ташқари, азиада чемпиони бўлишга муваффақ бўлган атлетларнинг ҳар бири Миллий олимпия қўмитаси томонидан 10 минг АҚШ доллари билан мукофотланди.

Осиё ўйинлари чемпионларидан курашчи Муҳсин Ҳисомиддинов, енгил атлетикачи Светлана Радзивил ва Ўзбекистон делегацияси байроқдори боксчи Исроил Мадримовлар сўзга чиқиб, билдирилган ишонч ва эътибордан мамнун эканликларини, кейинги марралар учун меҳнат қилишда давом этишларини билдиришди.

Тадбирни якунлаш учун сўз олган Абдулла Арипов октябрь ойида Аргентинада бўлиб ўтадиган ўсмирлар Олимпиадасида иштирок этувчи ўзбекистонлик спортчиларга ҳам муваффақият тилади. Маълумот ўрнида, 3-маротаба ташкил этилаётган кичик Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини 37 нафар атлет ҳимоя қилади.

Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларида Ўзбекистон шарафини 30 та спорт турида 234 нафар спортчи ҳимоя қилди. Шундан 21 спортчи олтин, 24 спортчи кумуш ва 25 нафар спортчи бронза медал олди. Ўзбекистон делегацияси медаллар сифати бўйича 45 мамлакат ичида умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллади. Ғолиб ва совриндор спортчилар рўйхати билан ушбу ҳавола орқали танишиш мумкин.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар