31.08.2018 16:57
11151
Чемпионлар Лигаси 2018/19: янги мавсум форматидаги 5та асосий ўзгариш

Украинанинг «Футбол 24» нашри Чемпионлар Лигаси 2018/19 мавсуми форматидаги 5та асосий ўзгариш тўғрисида мақола чоп этди.

VAR КУТИБ ТУРАДИ

Чемпионлар Лигаси янги мавсумида ҳакамнинг видео-ёрдамчиси тизимидан фойдаланилмайди. УЕФА негадир бу технологияни жорий қилишга тайёр эмас.

«Ҳатто журналистлар ҳам бу технология борасида шубҳа қилмоқдалар, мухлисларни эса айтмаса ҳам бўлаверади», - деди ташкилот раҳбари Александр Чеферин VAR тизими ҳақида. 

Marca нашри тахминига кўра, видео-ёрдамчи тизими Мадриддаги «Ванда Метрополитано» стадионида ўтказиладиган финал баҳсида ишлатилиши мумкин, аммо УЕФА бу масалани жиддий тарзда кўриб чиқмаган. 

Яқинда , ЖЧ-2018 мусобақасида VAR инструктори сифатида ишлаган италиялик мутахассис Роберто Розетти УЕФА ҳакамлар қўмитаси раҳбари бўлган эди. Аммо бу тизимнинг Чемпионлар Лигасига жорий қилинишини яна камида бир йил кутишга тўғри келади. 

ЎЙИНЛАРНИНГ ЯНГИ ВАҚТИ

Бутун дунё мухлислари Чемпионлар Лигаси ўйинларининг янги вақтига кўникишига тўғри келади. 2018/19 мавсумидан бошлаб, сешанба ва чоршанба кунлари, гуруҳ босқичининг 2та ўйини Тошкент вақти билан соат 22:00да (қишда 23:00да) бошланади. Қолган баҳслар соат 00-00да (қишда 01:00да) старт олади. Плей-офф ўйинларининг барчаси соат 00-00да (қишда 01:00да), финал ўйини ҳам шу вақтда бошланади.

МУРАББИЙЛАР УЧУН ЯНГИ ИМКОНИЯТЛАР

2018/19 мавсумида барча клубларнинг мураббийлари ташқаридан ёрдам олиш имкониятига эга бўладилар. 

Бош мураббийга трибунада ўтириб ўйинни кузатаётган ёрдамчиси билан боғланишга рухсат берилади. Натижада, улар захира ўринидиғида пайқаш мумкин бўлмаган ҳолатлар тўғрисида тасаввур ҳосил қила оладилар. Шунга ўхшаш технология ЖЧ-2018 пайтида ҳам қўлланган эди.

У ёки бу вазиятларни таҳлил қилиш учун мураббий турли гаджетлардан фойдаланиши мумкин, аммо ўйинда юз берган воқеаларнинг такрорий лавҳасини томоша қилолмайди. Бош ҳакам томонидан четлатилган бош мураббийлар эса учинчи шахслар орқали ёрдамчи мураббийлар билан боғланиши мумкин бўлади.

ТЎРТИНЧИ ЎЗГАРИШ

Янги мавсумдан бошлаб, Чемпионлар Лигаси плей-офф ўйинларининг қўшимча вақтида тўртинчи ўзгаришни амалга оширишга рухсат берилади. Бироқ, гуруҳ босқичида мураббийлар фақат учта ўзгаришни амалга ошира оладилар. Эслатиб ўтамиз, тўртинчи ўзгариш «Реал» ва «Атлетико» ўртасидаги УЕФА Суперкубоги баҳсида, амалиётда синаб кўрилган эди.

ФИНАЛ ЎЙИНИДАГИ ЎЗГАРИШ

Чемпионлар Лигаси 2018/19 финалида жамоанинг барча 23 нафар футболчиси иштирок эта олади. Захира ўриндиғида 12 нафар ўйинчи ўтиради, аввал фақат уларнинг 7 нафарига рухсат бор эди. 

Бу янгилик УЕФА Суперкубогида иштирок этган «Атлетико» ва «Реал» бош мураббийи Диего Симеоне ва Хулен Лопетегига ҳам жуда ёқди. Ҳар иккала мураббий жамоани самарали бошқариш имкониятларининг ошганини қайд қилишди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар