20.08.2018 21:09
4177
«Барселона» трансфер ойнасининг сўнгги кунларида де Йонг хариди учун курашади

«Аякс» яримҳимоячиси Френки де Йонг анча вақтдан буён «Барселона»нинг трансфер нишонида турибди.

Испаниянинг Sport нашри берган хабарга кўра, 21 ёшли нидерландиялик хавбек Каталония клубидан бошқа жамоага ўтмоқчи эмас. Ўз навбатида «Аякс» ҳам ўйинчини қўйиб юборишни истамаяпти.

Аввалроқ, агар «Аякс» Европа Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичига чиқа олмаса, «Барселона» де Йонгни 50 миллион евро эвазига харид қилиши ҳақида маълум қилинганди. Айни пайтда каталонияликлар бу трансферни амалга оширишга тайёргарлик кўрмоқда. Манбага кўра, бир ҳафтадан сўнг таклиф билан чиқиш мўлжалланган.

УЕФА Чемпионлар лигасининг гуруҳ босқичи учун саралашнинг сўнгги, плей-офф раундида дастлабки баҳслар 21-22 август, жавоб ўйинлари эса 28-29 август кунлари бўлиб ўтади. Амстердамликлар бу босқичда Киевнинг «Динамо» клуби тўсиғидан ўтишлари керак.

Агар «Аякс» ЕЧЛ саралашидан ўтишни уддалаcа, харид кейинги йил ёзга қадар кечиктирилади. Айтиш жоиз, де Йонгнинг «Аякс» билан шартномаси 2022 йилга қадар амалда бўлиши белгилаб қўйилган.

2017/18 йиллар мавсумида 21 ёшли йигит Нидерландия чемпионатида 22 ўйин ўтказиб, 7 та голга ассистентлик қилган.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар