«Тоттенҳэм» яримҳимоячиси Сон Ҳён Мин Жанубий Корея U23 терма жамоаси қароргоҳига йўл олди.
Футболчи кореяликлар таркибида Осиё ўйинларида иштирок этади ва бу билан ҳарбий хизматдан қутулиб қолишга ҳаракат қилади.
Жанубий Корея қонунларига кўра, 28 ёшгача бўлган эркакларнинг барчаси 21 ойлик ҳарбий хизматни ўташи шарт. Агар улар спорт соҳасида катта ютуқларга эришса, терма жамоа таркибида халқаро мусобақаларда ғалаба қозонса, у ҳолда бу мажбуриятдан озод қилиниши мумкин. Агар 26 ёшли Сон Жанубий Корея терма жамоаси билан мусобақада зафар қучмаса, ҳарбий хизматни ўташга мажбур бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Осиё ўйинларида 23 ёшгача бўлган футболчилардан ташқари, ёши катта яна уч нафар ўйинчи ҳам иштирок этиши мумкин.
Жанубий Корея U23 терма жамоаси гуруҳ босқичида Қирғизистон, Малайзия ва Баҳрайн билан беллашади.