08.08.2018 16:20
3067
Ўзбекистон футзали инқирозга юз тутмоқда - ЎФА уни ўз ҳолига ташлаб қўйган

Клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган ОКМК клуби барча ўйинларни ютқазиб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллади. Ҳали ҳеч қачон ўзбек футзалчилари бу қадар паст натижани кўрсатмаган эди. 

Хўш, бунинг сабаби нимада?

Championat.asia нашри журналисти Хайрулла Холиқов ўз мақоласини мана шу мавзуга бағишлади.

«Илтимос, бу ҳеч қанақасига кимгадир «пахта» қўйиш эмас! Лекин клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида Ўзбекистон клуби ҳеч қачон бунчалик шарманда бўлмаганди. Футзал бўйича миллий чемпионатимиз эса бугунгидек кўздан панага тушиб қолмаганди.

ОКМК қайд этган натижаларни қаранг. Тожикистон клубини мағлуб эта олмадик. Яқин-яқингача бизда футзалнинг ўз «эгаси» бор эди. Футзалга ўз фарзандидек қарарди. Аммо, бир қатор ўзгаришлар туфайли футзал ассоциацияси ёпилди. Балки эски раҳбариятнинг ишидан янгилар қониқиш ҳосил қилмагандир. Лекин бугунги кунда ҳеч ким футзалдан қониқмаяпти.

Футзал худди сомонга тушган игна каби йўқолди. Осиё чемпионлар лигасида аламли товушини эшитдик ва ўнграб йиғлаётганини кўрдик. Энг ёмони, ЎФАнинг (Ўзбекистон футзал Ассоциацияси) бирор ходими футзал билан банд эмас. Ҳозирги футзалда билишимизча фақат Жаҳонгир Раҳматуллаев қолган, лекин унинг бугунги кундаги вазифаси ПФЛда комиссарлик қилишдан иборат бўлиб қолган. Футзални ривожлантириш бўйича дастурга жавобгар масъул йўқ. Аслида дастур борми ўзи деган савол ҳам юзага келади. Терма жамоа бизда борми-йўқми, буни ҳам билмаймиз. 

Чемпионатни уй-сафар тизими йўлга қўйилгани яхши бўлди, аммо футзалнинг «Ф» ҳарфини тушунмайдиган клубларни зўрлаш оқибатида сифат йўқолди. «Ардус», «Дўстлик-А», «Когон» каби футзални ушлаб турган клублар йўқ бўлди. Менимча, «Ардус» номининг ўчган санаси футзал биноси дарз кетишига сабаб бўлди. 

Ўзбекистон футзалда нимага эришган бўлса, «Ардус» ва унинг дўстлари туфайли бўлди. Бу худди Испания чемпионатидан «Реал» ва «Барселона» олиб ташлангандек гап. Айнан «Ардус» ёшларни саралаш ва бошқа клубларга учирма қилиш билан шуғулланарди. Аслида ОКМК клубининг шу кунгача эришган ютуқлари ҳам «Ардус» билан чамбарчас боғлиқ.

Айни пайтда ЎФА ва ПФЛда бўлаётган ўзгаришлардан келиб чиқсак, ЎФАнинг ўзида мутахассислар танқислигини кўрамиз. Бу нарса айниқса футзалда яққол кўзга ташланяпти. Кечаги мағлубият фақат ОКМК клубининг кучсизлигини эмас, балки бутун Ўзбекистон футзалининг бугунги аҳволини кўрсатиб берди. Шундай экан, ЎФА раҳбариятидан футзалга ҳам жиддий эътибор қаратишларини кутиб қоламиз. Зеро, айнан футзалчиларимиз жаҳон чемпионатига йўлланма олиб, бизга қувонч туҳфа этганди» - дейилади мақолада.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар