Келишилган ўйинларни аниқлаш билан шуғулланувчи халқаро Federbet ташкилоти Арманистон - Беларусь (4:1) ўйинининг шубҳали эканини маълум қилди.
Ташкилот хабарига кўра, 41-дақиқагача ҳисоб 0:0 бўлишига қарамай, мезбонларнинг йирик ғалабасига ҳаддан зиёд кўп пул тикилган.
«Тайм охирида Озбилиз ва Мхитарян тезкор иккита гол урди. Иккинчи бўлим бошланишидан 10 дақиқа ўтгач, ҳисоб 3:0 эди. Яъни, шубҳали пул тикишларнинг барчаси тўғри чиқди», — дейилади Federbet баёнотида.
Арманистон футбол федерацияси ўз сайтида бу айбловларни инкор қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Лигадан ўрин олган «Обод» — «Сўғдиёна» (2:4) ва «Обод» — «Насаф» (0:6) ўйинларида қайд этилган натижалар ҳам Federbet томонидан шубҳа остига олинган эди. Якунда, бу маълумотлар «Обод»нинг Олий лигадан четлатилишига сабаб бўлди.