01.11.2017 01:15
3585
Маркогол. У футбол Леонардо да Винчиси эди

14 яшар Маркони отаси врачга етаклаб келди.

- Агар йигирма ёшингда ногиронлар аравачасида юришни хоҳламасанг, футболни ташлашинг керак, - деди доктор, - футболсиз яшай олмасанг, майли, ҳафтада бир кун ўйнаб туришинг мумкин, аммо профессионал футболчи бўлишни умуман хаёлингга келтирма.

Ҳамма гапни эшик орқасида эшитиб турган отаси унга “Кел, бугунги гапларни эшитмадик, деб қабул қиламиз” деди ва ёш Марко докторнинг эмас, отасининг гапини бир умрга эслаб қолди. Голланд футболи эса Марко ван Бастен исмли афсонавий футболчига эга бўлди.

Марко нафақат голланд, умуман футболга гўзаллик бағишлади, айнан у жаҳон футболида янги ҳужумчилар авлодини бошлаб берди. У ва Гуллит 70-йилларда голланд футболи тарғиб қилган тотал футболнинг бир танада жамланган кўриниши эдилар. Бақувват, баланд бўйли, эгилувчан, ҳар икки оёғида кучли ва аниқ зарба бера оладиган, ҳар қандай ҳолатда боши билан яхши ўйнайдиган, вазиятларда диспетчерлик қобилиятини ишга солиб бутун ўйинни назорат қилишни уддасидан чиқадиган Марко ван Бастендан кейин идеал ҳужумчи тушунчаси янада кенгроқ маънога эга бўлганди. Бергкампнинг нафислиги, Ибраҳимовичнинг акробатча ҳаракатлари, Нистелройнинг кучли зарбаси, Дрогбанинг шиддати, Раулнинг ўйинни хис қилиш қобилияти – барчаси унда мужассам эди. 

Марко ван Бастен 1964 йилнинг 31 октябрида, Утрехт шаҳрида, спортчилар оиласида дунёга келди. Онаси гимнастикачи, отаси эса 50-йиллардаги Голландиянинг машҳур футболчиларидан эди. Шунинг учун ҳам у кўпроқ отасига қулоқ солар, ҳатто унга жамоани ҳам отаси танлаб берганди.

“Эдилвийк” ҳаваскор жамоасида ўйнаб юрган 13 ёшли Маркони бизга яхши таниш бўлган Лэо Беэнхаккер пайқаб қолади ва “Фейенорд” га олиб кетмоқчи бўлади. Боланинг бироз тажрибасизлиги, бошқа шаҳарда мусофир бўлиш салбий таъсир қилиш мумкинлигини сезган катта ван Бастен таклифни рад этади.

- Сен “Аякс”да ўйнасангина буюк футболчи бўлиб етишасан, - деганди у ўшанда ўғлига.

Йиллар ўтиб у ҳақиқатдан ҳам “Аякс”га келди. Ўша йиллари голланд футболининг тирик афсонаси Йохан Круифф айнан Амстердамда ўйнарди ва мураббийлик қиларди. У Маркони ёқтириб қолади ва уни ўзининг вориси ўлароқ кўра бошлайди..Бу ҳақида “Интер”нинг афсонаси Сандро Маццола эслайди:

- Миланда ўтган ўртоқлик турнирларидан бири эди. Йохан менга Маркони кўрсатди ва “мана бу болани кўр, бу янги Круифф бўлади” деди. Мен уни бироз кузатиб ҳақиқатдан ҳам ажойиб футболчи қаршисида турганимни пайқагандим”

Марконинг “Аякс”даги дебюти 1982 йилнинг 3 апрелида амалга ошди. “Неймеген”га қарши ўйинда Круиффнинг ўрнига майдонга тушган футболчи гол муаллифига айланди. “Агар ҳар доим шундай ўйнасанг, узоққа борасан” деганди Круифф Маркога.

Марко ван Бастен айнан “Аякс”да ёш ва умидли футболчидан хавфли ҳужумчига айланди. Круиффнинг йигирма очиқ дарси (улар шунча ўйинда майдонда бирга ўйнагандилар) ҳам катта фойда берди. Круифф “Фейеноорд”га кетгач эса, Марко янада очилиб кетди. 19 ёшли ҳужумчи 26 та голи билан Голландия чемпионатида энг кўп тўп киритди ва Европада “Кумуш бутса” соҳибига айланди. Айниқса “Фейеноорд”га қарши кечган ўйинда у устозини ҳам аяб ўтирмаганди, 8:2 ҳисобида ғалаба билан якунланган ўйинда Марко ҳет-трик муаллифи бўлганди. Марко яна кетма-кет уч йил чемпионат бомбардири бўлди, ҳатто 1985/86 йилги мавсумда 26 учрашувда 37та гол киритиб, “Олтин бутса” эгасига айланди. Йил ўтиб жамоаси билан Европа кубок эгалари кубогида зафар қучди. Футболчимиз гол уриб тураверсин-да, биз мақолани Италия томонлардаги Ди Аркоре вилласидан давом эттирайлик.

Вилланинг эгаси Сильвио Берлусконига Марконинг голлари тасвирга туширилган видеокассета олиб келишди. 1979 йилдан бери Скудеттода зафар қучмаётган “Милан” хўжайини клубда янги даврни бошлаш, бир неча футболчини сотиб олиш учун катта пул ажратган ва дастлаб энг юқори савияли ҳужумчига эҳтиёж сезаётганди. “Милан”нинг ҳужум чизиғига даъвогарлар ичида Маркодан ташқари Иан Раш, Юрген Клинсман ва Олег Протасов ҳам бор эди.

- Марконинг кассетасида у томонидан киритилган 36та гол ёзилганди, аммо ўттиз секунд ўтмаёқ, аниқроғи 14-голга келиб биз айнан уни сотиб олишимиз кераклигини ва буни иложи борича тезроқ амалга ошириш зарурлигини тушуниб етдим. Голландия ва Польша ўртасидаги ўртоқлик ўйинини кўриб эса, Марко видеотасмадагидан ҳам анча кучлироқ эканлигини англадим.

Бу Берлусконининг сўзлари эди ва 1986 йилнинг 19 ноябридан йигирманчисига ўтар кечаси, Амстердамдаги “Амстель” меҳмонхонасида, шамлар билан тузатилган кечки дастурхон қаршисида, Марко ва Рууд Гуллит “Милан”га ўтишга розилик бердилар. Кечки овқатда Берлускони ва футболчилар билан бирга Гуллитнинг хотини Ивонн ва Марконинг дугонаси Лисбет ҳам қатнашганди.

1987 йилнинг ёзида Марконинг “Аякс” билан шартномаси тугади ва “Милан” атиги 1 миллион долларга бўлажак “Олтин тўп” соҳибини қўлга киритди. 

- Мен Вирдисдек юлдуз билан бирга тўп суриш бахтига эришишни сабрсизлик билан кутяпман. Умид қиламанки, янги жамоам ҳужумкор футбол кўрсатади, - Марко таништирув матбуот анжуманида шундай деганди.

1988 йилги футбол мавсуми Марко учун ўта ёрқин кечди. Айниқса у терма жамоаси билан Европа чемпионатида кўрсатган ўйини ўша йилги Голландия таркибини афсонавий авлодга айлантирди. Германияда ўтган Еврода мураббий Ринус Михелс аввалига Маркога эмас, Вим Кифт ва Жон Босманга кўпроқ эътиборини қаратганди. Аммо Англияга қарши ўйинда ҳет-трикка эришган Марко ким аслида ким эканлигини кўрсатиб қўйди. У ярим финалда ҳам майдон эгалари дарвозасига ҳал қилувчи голни киритди. Финалда эса...

Марко ван Бастен томонидан ўша пайтдаги Европанинг энг яхши дарвозабони Дасаев дарвозасига киритилган гол 20-асрнинг энг чиройли голи деб эътироф этилган. Ушбу гол ҳақида Рууд Гуллит қуйидагиларни айтиб берганди:

- Финал ўйинидан олдин мен уни жуда кўп бор ҳазиллашдим. Ўзингни ҳужумчи деб ҳисоблайсанми, сен ўртамиёна ўйинчи ҳам эмассан, сендан Василий Рац ҳам яхши ўйнайди, деб жаҳлини чиқардим. Сен эртага гол ура олмайсан, деб жиғига тегдим. Марко худди ёш болага ўхшаб аразлаб оларди. Лекин, финал куни ўша машҳур голини киритгач, биринчи бўлиб мен томон югурди. Ўзини устимга отди ва тинмай “кўрдингми, мен уддаладим” деб бақирарди. Шу пайтда “адашганимдан” жуда шод эдим.

Марко ван Бастеннинг ўзи ушбу голни анча камтарона изоҳлаганди. Унинг, барча чиройли голларда тасодифдан улуш бор эканлиги ҳақидаги эътирофи кўпчиликнинг ёдида қолди.

Марконинг ўйини бутун Европада юксак баҳоланди, “Олтин тўп”га лойиқ кўрилди. Аммо футболчининг ўзи доим ўзига нисбатан камтар ёндашарди. Мукофотга жамоадоши Роналд Куман кўпроқ  муносиб эканлигини таъкидлаганди. Йил ўтиб яна энг яхши бўлган Марко бу сафар Франк Барезини мақтади.

Кетма-кет икки мавсумда “Милан” Европада энг кучлилигини намойиш қилди. “Стяуа”га қарши кечган финалда 4:0 ҳисобида ғалаба қозонилди, голларни у ва Гуллит иккитадан бўлишиб олдилар. Кейинги мавсумда эса Португалия чемпиони “Бенфика” доғда қолдирилди, гол муаллифи яна бир голландиялик Франк Райкаард бўлди. 1992 йилда “Милан” еврокубоклардан бир йилга четлаштирилди. Бу эса клубнинг Скудеттони қўлга киритиш учун кучли истакка сабаб бўлди. “Милан” А-сериядаги 34 учрашувни мағлубиятсиз ўтказиб ўзига хос рекорд ўрнатди. Марко эса 25 голи билан лига тўпурарига айланди. Айниқса унинг “Кальяри” га қарши кечган ўйини кўп эсланади. Сардинияда ўтган учрашувда майдон эгалари биринчи таймни 1:0 ҳисобида ўз фойдаларига ҳал қилдилар. Танаффус пайтида Марко бош мураббий Фабио Капелло билан бир нималарни пичирлашди, майдонга тушиш олдидан эса мураббий унга учта бармоғини кўрсатиб қўйди. Марко хет-трик муаллифига айланди.

Швецияда ўтган навбатдаги Еврода ҳам Голландия терма жамоаси ўта ҳужумкор футбол намойиш этди. Гуруҳ баҳсларида ҳатто немислар устидан 4:2 ҳисобида ғалаба қозонилди. Аммо ярим финал худди бутун Евро-92 каби сюрприз билан якунланди. Гўёки ҳазиллашаётгандек ҳисобда мушук-сичқон ўйнаган данияликлар (2:2) пенальтилар сериясида акаларини доғда қолдириб кетди. Ўша турнирда Марко бирорта ҳам гол кирита олмади. МДҲ дарвозасига боши билан киритган ҳаққоний голи эса инобатга олинмади.

Шундай бўлса-да, 1992 йилда у учинчи бор ушбу совринга муносиб кўрилди. Бу паллада Марко ҳамон камтарлик қилаётган ва Христо Стоичковга қарата “Мен бўлганимда сенга овоз берардим” деяётган эди.

- Мен жуда кўп яхши футболчиларнинг бириман холос, - дерди Марко ўзи ҳақида, - Пеле, Марадона, Круиффлар умуман бошқа олам, бошқа савия. Йиллар ўтиб ван Бастен ким эди деган саволга, “Олтин тўп”ни уч марта қўлга киритган ҳужумчи дейишса кифоя, ўзимни бахтиёр сезардим.

Унинг “Милан”даги, умуман футболдаги охирги ўйини Европа Чемпионлар лигасининг Мюнхенда “Олимпик”ка қарши кечган финали бўлди. Марконинг ажойиб ўйини жамоасини қутқариб қола олмади ва французлар 1:0 ҳисобида ғалаба қозондилар. Шундан кейин эса ҳужумчининг эски жароҳати панд бера бошлади. Кетма-кет муолажалар Маркони майдонга қайтара олмади. “Милан” эса унинг қайтишидан умид қилар ва шартнома муддати тугаб бўлган бўлса-да, маошни тўлиғича тўлаб келарди. 1995 йилнинг 17 августида у футболдан кетишини эълон қилди:

- Мен фаолиятимни тугатишга қарор қилдим, чунки бир неча ойлик муолажалардан сўнг ҳам оёғимдаги оғриқ йўқолмади. Икки ҳафта олдин врачим Мартинс билан гаплашдим ва давом эттиришнинг фойдаси йўқлигини англаб етдик. Италияда ажойиб саккиз йилимни ўтказдим, бугун эса барчасига миннатдорчилик билдириш вақти келди. Берлусконига, жамоадошларимга, мухлисларга ташаккур. Умид қиламанки, “Милан” менсиз ҳам буюк клуб ва бундан кейин ҳам ғалаба қозонишда давом этади. Менга шартномани узайтиришни таклиф қилишди, аммо келажакда ўйнай олмаслигимни билиб туриб, катта пулларни олишга виждоним йўл қўймади. Битта орзуим армонга айланди. Йохан Круифф Голландия терма жамоасини бошқаришини ва биргаликда жаҳон чемпиони бўлишимизни орзу қилгандим. Шундай бўлса-да, футболдан миннатдорман. Топганларим йўқотганларимдан бир неча баробар кўп.

18 август куни, Берлускони кубогида “Милан” – “Ювентус” ўйини олдидан унинг кетаётганлиги стадионда эълон қилинди ва 85 000 томошабин Маркони охирги марта туриб олқишлади. Марконинг голларидан сўнг неча марталаб ушбу ўриндиқлардан сакраб туриб кетган мухлислар, бу сафар маҳзун эдилар. Қалблари фахр ва миннатдорчиликка тўла эди уларнинг.

Эртасига Италиянинг энг машҳур газетаси La Gazzetta dello Sport биринчи саҳифасини тўлиғича “Чао, Ван Бастен” сўзлари билан тўлдирди. “Уни бошқача кузатиш мумкин эмас”, - деганди газета муҳаррири – “Марко буюк футболчи, Марадона каби буюк...”

 “Футбол ўз Леонардо да Винчисини йўқотмоқда” – деб изоҳлаганди Адриано Галлиани. Бу Да Винчини ҳаммадан кўп қадрлайдиган Италия фуқаросининг голландияликка берган таърифи эди. Ишонаверинг, бундан ортиғини тасаввур қилиш қийин.

 

Қаҳрамон Асланов

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар