22.06.2017 23:04
4123
Ислом Тўхтахўжаев: «Эрон Ўзбекистондан кучлилиги кўриниб қолди»

JFL.uz сайти Ўзбекистон терма жамоаси ҳамда Тошкентнинг «Локомотив» клуби ҳимоячиси Ислом Тўхтахўжаев билан терма жамоа, мухлисларнинг эътирозлари ва ЖЧга чиқиш имкониятлари ҳақида суҳбатлашди.

– Ҳозирги ўйинларингизда пасайиш бор. Бунга сабаб нима? Балки терма жамоада ўзингизни жойингизда ўйнамаганингиздир?
– Икки ойдан бери майдонга тушганим йўқ. Билмадим қандай сабаблари борлигини. Ҳар бир футболчида ҳам кўтарилиш, пасайиш бўлади, ҳар доим ҳам юқори нуқтада ҳаракат қила олмаслигингиз мумкин.

– Кеча Халқаро Пресс-клуб ўтказган тадбирдан мухлисларнинг кўнгли тўлмади. Ўтказилган тадбир борасида фикрингиз қандай?
– Бу кўрсатувни кўрганим йўқ. Журналистлар саволларига жавоб олмаган бўлса, қайта савол бериб кўришсин, жавоб олишади деган умиддаман. Қайси саволга қайси жавоб бўлди билмайман, чунки кўрмаганман. Агар кўрганимда тўлиқроқ жавоб берардим.

– Мураббий билан муносабатларингиз қандай? Эшитишимизча, Бабаян бир футболчи билан тортишиб қолса, ўша футболчини умуман майдонга туширмас экан, шу ростми?
– Одамлар буни ўйлаб чиқарган деб ўйлайман, мисол учун мен кўрмадим ҳалигача бундай ҳолатни. Терма жамоада бу муҳим нарса. Чунки, жамоада футболчиларнинг бир-бири билан алоқаси яхши бўлиши керак . Мураббий билан муносабатимиз яхши албатта.

– Эрон билан учрашувда футболчиларда қанақадир кайфият бўлмади шекилли, майдонда ишончсиз ҳаракат қилишди. Бунинг сабаби нима деб ўйлайсиз?
– Бу учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоасини ишончсиз ҳаракат қилди деб бўлмайди. Йигитлар қўлидан келганича ҳаракат қилишди. Лекин тан олиш керак, Эрон кучли ўйин кўрсатди ва Ўзбекистондан кучлилиги кўриниб қолди. Футболчиларимизни ишончсиз ҳаракат қилди дейиш нотўғри, менимча.

– Балки таркибда сиз, Денисов, Бикмаев майдонга тушмагани сабабдир?
– Менимча, терма жамоада бир-икки футболчининг йўқлиги билинмаслиги керак. Чунки бу терма жамоа. Агар бирорта клуб бўлганда «фалончининг ўрни билинди» дейишимиз мумкин эди. Терма жамоада бунақа нарса бўлмаслиги керак, чунки бу – бутун мамлакатдан териб олинган футболчилар саналади.

– Навбатдаги учрашувга таркибда янги футболчиларни кўришимиз мумкинми?
– Янги футболчилар? Энди ким билан Ўзбекистон терма жамоасини таркибини кучайтириш мумкин? Менимча, кучайтириш мумкин бўлган футболчилар ҳаммаси терма жамоа таркибида бор. Бу саволни менгамас, мураббийларга берсангиз яхши бўларди. Мағлубиятга учраганимиздан кейин, олдинда иккита асосий ўйин қолди, тақдирни ҳал қиладиган. Яхши ўйин кўрсатиб натижага эришиш мумкин.

– Терма жамоанинг ҳимоя чизиғи мустаҳкам бўлиши учун бугун ёнингизда кимлар бўлишини хоҳлардингиз?
– Ҳимоя мустаҳкам бўлиши учун нафақат уч-тўрт ҳимоячи, балки бутун жамоа бўлиб ҳимояланиш керак. Эрон билан ўйинга эътибор берган бўлсангиз, рақиб жамоа ҳужумга ўтганида бутун жамоа бўлиб ҳимояланди. Ҳужумга ўтганда ҳам бутун жамоа бўлиб ҳужум қилди. Бутун жамоа ҳужум қилади ва бутун жамоа ҳимояланади, деган тушунча мавжуд.

– Терма жамоани ёшартиришга эҳтиёж борми?
– Ўзи ёш футболчиларни терма жамоага ҳар доим жалб қилиб келиш керак. Европада 20 ёшга тўлгунча тайёр бўлади футболчилар терма жамоага. Бу эса жамоага катта ёрдам беради. Бизда ўз клубларда ўйнамай туриб, термага жалб қилиш қийин-да аслини олганда.

– Сизни танқид қилишса, муносабатингиз қандай бўлади?
– Танқид бўлгани яхши, буни тўғри қабул қиламан. Энг асосийси, биринчи танқидчи ўзим ҳисобланаман, ўзимни ўзим танқид қиламан.

– Охирги савол. Ўзбекистон терма жамоасида ЖЧга тўғридан-тўғри чиқиш имконияти бор, бунинг учун икки ўйинда ҳам ғалаба қозонишимиз керак. Нима деб ўйлайсиз, ЖЧга чиқамизми?
– Худо хоҳласа. Мен нафақат ўйлайман, умид қиламан, Ўзбекистон терма жамоаси олдинги учрашувларда кўрсата олмаган ҳужумкор ўйинларини мана шу икки учрашувда кўрсатиб, ғалаба қозонади.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар