13.06.2022 15:40
13593
«Ўзбек футболчиларидаги энг катта муаммо – профессионалликни ҳис қилиш». Анхель Лопес Испаниядаги фаолияти ва ўзбек футболидаги энг катта хато ҳақида

Жорий мавсумдан бошлаб Суперлигада хорижлик мураббийлар сони ошди. 14 жамоадан бештаси легионер-мутахассислар бошқарувида ҳисобланади. Жумладан, «Сурхон» клуби ҳам испаниялик Анхель Лопесни бош мураббий этиб тайинлади. Термиз клуби қисқа вақт ичида ўз услуби ва ўйинлари билан кўпчилик эътиборини тортди. Анхель Лопес Tribuna.uz сайти мухбири билан интервьюда Испаниядаги фаолияти, Луис Арагонес ва Унаи Эмерини устози сифатида кўриши, БАА, Хитой ва ўзбек футболи таққоси, Гвинея, Эквадор, Грециядаги фаолияти ҳамда ўзбек футболидаги ютуқ ва камчиликлари ҳақида гапирди.

 – Анхель, дастлаб футболчилик фаолиятингиз ҳақида гапириб берсангиз: нега у қисқа давом этган?

 – Футболчилик фаолиятимда каттароқ даражага чиқишни истагандим, биринчи дивизионда ўйнашни хоҳлардим. Лекин бир куни англаб етдимки, футболчи сифатида профессионалликка эришиш ва ўзим хоҳлаган даражага чиқиш жуда қийин экан. Шунинг учун, мураббийликда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим. Футболчи сифатида эриша олмаганларимга мураббийликда эришишга умид боғладим.

 – Мураббийликка қаерда ўқигансиз?

 – Мадриддаги давлат университетида жисмоний тарбия йўналишида ўқиганман, у ерда футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги бўйича мураббий бўлиш учун таҳсил олганман. Ўз услубим, ўз методларимга эга бўлишни истардим. Ўқиш давомида қўлимдан келганича яхши меҳнат қилишга ҳаракат қилдим. Чунки кучли мураббий бўлиб етишишни истардим. 6 йил давомида бу соҳада академик тарзда билим олдим. Университетни тугатганимдан бир йил ўтиб, «Хетафе»да иш бошладим. Клуб биринчи дивизионда ўйнарди. 4 йилдан ошиқ вақт мобайнида профессионал тарзда мураббийлик билан шуғулланяпман.

 – Устозларингиз ким? Қайси мураббийлардан кўпроқ ўргангансиз?

 – Менинг энг катта ва севимли устозларимдан бири бу — Луис Арагонес. Унинг футбол фалсафаси, иш услуби менга жуда ҳам ёқади. Унинг меҳнатлари испан футболи тарихида янги саҳифа очилишига сабаб бўлган, деб айтиш мумкин. Ўз навбатида қўшимча қилиб кетишим керакки, Унаи Эмерининг иш услубини ҳам жуда ёқтираман, ҳурмат қиламан. У футбол билан ва унинг учун яшаган инсон. Унаи футболда алоҳида ўринга эга ўзгача шахс.

 – Интернет маълумотларида сизнинг Микаэль Лаудрупга ёрдамчи бўлганингиз ёзилган. Ростдан шундай бўлганми?

 – Мен Микаэль Лаудруп «Хетафе»да бош мураббий бўлиб ишлаган вақтда иккинчи жамоада ишлардим. Асосий жамоада ишлаган вақтимда Виктор Муньос билан ишлашга муваффақ бўлганман. Футболчилик фаолиятида «Барселона»да ўйнаган бу мураббийни кўпчилик яхши таниса керак. «Реал» афсоналаридан бири Мичел билан ҳам бирга ишлаганмиз. Аммо айнан Лаудруп клубни бошқарган пайтда мен кўпроқ иккинчи жамоа билан банд бўлардим. 2008 йилда асосий жамоада иш бошлаганман ва бу ерда ҳақиқий профессионал муҳит нималигини кўрдим. Кўплаб кучли мураббийларни кўриб, улар билан иш тажрибамни оширдим. Ўйлайманки, ўзимнинг мураббийлик фаолиятимни бошлашдан олдин ўз ишининг усталаридан кўп нарсаларни ўргандим. Ҳар бир мураббийдан ўзингизга керакли билимларни олишингиз мумкин. Уларнинг ҳар бирида ўзига хос ғоялар хазинаси мавжуд. Мен уларнинг энг яхши хислатларини олишга ҳаракат қилганман. Шу орқали ўз услубимни шакллантиришни мақсад қилгандим. Ва дарҳақиқат, улардан ўрганганларим менинг билимларимни анчагина бойитди.

 – «Рекреативо»даги фаолиятингиз ҳақида қандай хотиралар қолган?

 – «Рекреативо»дан фақат яхши хотиралар қолган. Ушбу жамоа Испаниянинг энг қадимий клубларидан бири, ўзига хос анъаналар ва ўз қадриятларига эга. Испанияда бу клубни жуда ҳам ҳурмат қилишади. Шунга яраша унинг мухлислари жуда ҳам кўп. Бош мураббий сифатидаги фаолиятимни шундай ажойиб клубда бошлаганимдан хурсанд бўлганман. Биз Ла Лигага йўл олиш учун яхши кураш олиб бораётгандик, ёш иқтидорлардан ажойиб жамоа ҳосил қилгандик. Аммо мавсум якунида клубда молиявий муаммолар катталашиб кетди ва мен у ерни тарк этишга мажбур бўлдим. Лекин барибир яхши хотиралар қолган, ахир бу менинг биринчи тажрибам, биринчи мураббийлик клубим эди. Узоқ йиллар давомида тўплаган тажрибамни «Рекреативо»да амалда қўллаб кўришга муваффақ бўлдим.

 – Мураббийлик фаолиятингизда битта клубда узоқ муддат ишламаяпсиз. Бу нима билан боғлиқ?

 – Футболда стабилликни ушлаб туриш бирмунча мушкул. Яхши ишласанг, сени яхши жамоалар ўзига чорлайди. Натижалар ёмон бўлса, клублар сен билан шартномани бекор қилишни истаб қолади. «Рекреативо»дан кейин Экваториал Гвинея миллий жамоасида бош мураббий сифатида ишлашга муваффақ бўлдим ва бу мен учун жуда катта тажриба вазифасини ўтаб берди. Мамлакат футболини ривожлантириш учун ажойиб лойиҳага қўл урилганди. Федерация билан ҳам алоқаларимиз яхши эди, у ердан кетишни истамасдим. Аммо баъзилар мени бундай катта лойиҳага бошчилик қилиш учун ёшлик қилади, деб ўйлашди. Мени селекционер мураббийга айлантирмоқчи бўлишди, аммо мақсадларим юқори эди ва шартномани бекор қилишга қарор қилдим. Мен лойиҳаларга ишониб иш бошлардим ва ишлаган барча клубларим раҳбариятида мотивлар ўзгариб қоларди. Менга барқарор лойиҳа керак эди. Эквадорда ҳам менга атиги 3та ўйинда бош мураббийлик қилиш имкониятини беришди. Бундай қисқа муддатда қандайдир натижа талаб қилиш қийин. Сўнгги 2 йил ичида Греция Суперлигасида тажриба орттиришга муваффақ бўлдим. «Волос» клуби билан жамоа тарихидаги энг яхши натижани қайд этишга муваффақ бўлдик. Буни мухлислар тасаввур ҳам қилолмасди. Аммо бир йил давомида қаттиқ меҳнат қилиб яхши натижа қайд этдик. Аслида, менинг яна 1 йиллик шартномам бор эди. Аммо Греция чемпионатининг бирмунча кучли жамоаларидан бири «Атромитос» мени чорлади ва бундай ажойиб имкониятни қўлдан бой беришни истамадим. «Волос»да қолиб, янада юқори марраларни забт этишни истардим. Аммо раҳбарият билан қарашларимиз бироз фарқ қилди. Янги босқич, янги мақсадлар сари қадам ташлаш учун раҳбарият томонидан ҳам бироз рағбат, бир қатор кучли футболчиларни жалб этиш керак. Бир лойиҳанинг ривож топиши учун узоқ муддатли муттасил меҳнат керак. Худди шу ҳолатни «Сурхон» билан ҳам бошдан ўтказяпмиз.

 – Ўзбекистонга келишга сизни нима ундади?

 – Ўзбекистонга келишимга мен билан боғланган инсонлар сабабчи бўлди. Мен ишонадиган инсонлар таклиф билан чиқишди. Клуб раҳбарияти билан илк маротаба гаплашганимда уларнинг режалари, мақсадлари менга ёқди. Уларнинг ўз ишларига нисбатан муносабати ва унга ҳурмат билан ёндашишлари эътиборимни тортди. Бу ерга келишимнинг яна бир сабаби «Сурхон»да клуб ва мен баравар ривожланишимиз мумкин. Мен клубни янгидан, ўз ғояларим асосида қуриб чиқишим мумкинлиги Ўзбекистонга келишга ундади. Клубда нафақат мураббий, балки спорт директори сифатида ҳам ишлаяпман ва бу менга спорт тарафлама клубни тўлақонли бошқариш имкониятини бермоқда. Ўз жамоам билан бу ерда кучли лойиҳа қилиш устида ишлаяпмиз. Ўзбекистонга келишим боиси мен мустақил ишлашни, ўз ғояларимни эркин амалга оширишни яхши кўраман. Улар менга тўлақонли ишониб, тўлиқ бошқарувни ўз қўлимга беришди. Менга ишонч билдирилдими, қўлимдан келганча кучли ишлаб, яхшироқ натижалар қайд этишни истайман. Албатта, Ўзбекистонга ташриф – бу янги саргузаштлар ҳам демакдир. Биз Термизда стадион, академия ва база қуряпмиз. Жамоа ичида ҳам худди шунга ўхшаш янгиланишлар кузатиляпти. Ҳозир Тошкентда яшаб, шу ерда ўйнашга мажбур бўляпмиз. Демак, уларда тизим ишдан чиққанди, мендан клубни қайта қуришда ёрдам сўрашди ва бунинг учун керакли шароитларни яратиб беришди. Мен билан шартнома имзолаган инсонлар юзида ишонч ва самимиятни кўрдим. Вақт ўтиши билан бу таассуротлар ҳақиқий бўлганини тушуниб етдим. Албатта, бу таклифни қабул қилиш кўплаб қийинчиликларга тайёр бўлиш керак дегани эди. Янги муҳит, янги футболчиларга мослашиб кетиш осон эмас. Лекин шу йўналишда давом этсак, кўп нарсаларга эриша оламиз.

 – «Сурхон»ни қабул қилган вақтингиз чемпионат бошланишига жуда оз вақт қолганди. Бу сизни чўчитмадими?

 – Ҳа, шартномани қабул қилганимда мавсум бошланишига жуда кам вақт қолганди. Туркиядаги йиғинда жамоа билан кўришиб, ишни бошладик. Футболчилар борасида кўп ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди. Мавсумолди йиғинни тўлиқ, ўзимиз хоҳлагандек ўтказа олмадик. Футболчиларнинг жисмоний ҳолати устида жуда кўп ишлашимиз керак эди. Тактик ишланмалар устида ҳам кўп ишлай олмадик. Аммо олдимизда узун йўл турганини ҳис қилдик ва мавсум давомида барчасини ўзлаштириб боришга умид боғладик. Аммо футболчиларнинг потенциалига ишониб хато қилмадик. Ушбу таклифни қабул қилганимдаёқ вазифа қанчалик оғир эканини тушуниб етганман. Раҳбарият менга ва мураббийлар штабимга катта ишонч билдиришди. Лекин қисқа вақт ичида жамоани анча кучайтиришга эришдик. Футболчилар мени жуда яхши қабул қилишди. Менинг ғояларимга ишонишди. Шундай экан, бизни бир оила деб аташ мумкин. Биргаликда кўп мақсадларга эришишимизга ишонаман. Йигитлар ҳам ўзларини яхши тарафдан кўрсатишга ҳаракат қилишмоқда ва бу иштиёқ билан кўп нарсаларга эриша оламиз. 

 – Ўзбекистонда деярли барча клублар давлат дотациясида фаолият олиб боради. Бу сиз учун ғалати ҳолат бўлса керак?

 – Албатта, бу ғалати ҳолат. Лекин мен Бирлашган Араб Амирликларида ҳам фаолият олиб борганман. У ерда ҳам худди шундай ҳолат. Бу йилдан «Сурхон» бу йўналишдан четга чиқишга ҳаракат қилмоқда. Бошқарувчи доиралар футбол клубларини бироз эркинроқ қўйишлари керак, деб ўйлайман. Шунинг учун, клублар ўз ҳомийлари ресурсларига қараб фаолият олиб боришга мажбур бўлиб қолишган. Менимча, Ўзбекистонда борган сари клубларни мустақил қилишга ҳаракат қилишмоқда. Ҳукумат футболга ёрдам бериши ва уни молиявий қўллаб-қувватлаши жуда ҳам керак. Лекин тезроқ бу услубдан воз кечиш керак. Аммо ҳокимият футболга умуман эътибор бермаганидан кўра, шу тарзда бўлса ҳам ёрдам бераётгани қувонарли.

 – «Сурхон» бу йилги учрашувларни Самарқанд ва Тошкентда ўтказяпти ва клуб узоқ вақтдан буён Тошкентда яшаб келади. Худди Термизда истиқомат қилиб, ўша ерда футбол ўйнашни истамайдигандек…

 – Термизда ўйнашни истамаслигимиз ҳақидаги фикрга қўшилмайман. Термиздаги стадионда чироқ билан боғлиқ муаммолар бор. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси жорий мавсумдан ёз ойларидаги учрашувларни 20:00дан эрта ўтмаслигига қарор қилган. Ўзбекистон иқлим иссиқ ва буни тўғри қарор деб ҳисоблайман. Термиздаги стадионда кенг таъмирлаш ишлар кетмоқда. Нафақат ёртигичлар, майдон чими, трибуналар ва машғулот майдонлари ҳам қурилмоқда. Жамоа учун база ва академия барпо этиляпти. Термизда ўйнай олмаслик биз учун ҳам ноқулай. Ўтган мавсумда «Сурхон» 25 очко тўплаган бўлса, унинг 20тасини Термизда ютган. Ўз уйимизда ўйнаганимизда барчаси биз учун яхшироқ якунланиши ҳам мумкин эди. Ўз майдонимизда ўйнаганимиз учун кўпроқ очко қўлга киритиш имконимиз бўларди. Ўз ишқибозларимиз қаршисида футбол ўйнаш жорий мавсумда бизга насиб этмаяпти. Жорий мавсумни барқарорлик билан ўтказиб олишимиз керак. Термиздаги ўйинларни кучли ва шаклланган жамоа билан бошлашимиз мумкин.

 – Икки ҳафта олдин Термизга борганимда футбол академиясига бордим ва у ердаги шароитлар ачинарли даражада эди. Қандай қилиб бу тахлит футболни ривожлантириш мумкин?

 – Ҳа, айнан шунинг учун ҳам биз ушбу лойиҳага қўл урганмиз. Мен ҳам 3 ҳафта олдин Термизга бориб келдим. 2 кун ўша ерда бўлиб, стадионга бордим, академияни кўздан кечирдим. Кўрдимки, кўп нарсаларни ўзгартириш керак. Биз айнан шунинг учун ҳам «Сурхон»да иш бошладик. Барчасини қайтадан қуриб чиқиш керак бўлади. Ишонаманки, биз бошлаган иш амбицияларга тўла. Уёқда қурилиш ишлари давом этар экан, биз бу ерда жамоани ғоявий тарзда, услуб жиҳатидан қайта қуриб чиқамиз. Ўз футболчиларимиз учун имкон қадар қулайроқ шароитлар яратишга ҳаракат қиламиз.

 – Ўзбекистонда тахминан қанча муддат фаолият олиб боришни мўлжаллаяпсиз?

 – Мен бу ерга катта лойиҳани амалга ошириш учун келдим. Бор эътиборим ўз ишимга қаратилган. «Сурхон»да, Ўзбекистонда қанча ишлашимдан қатъи назар бор кучим билан бу ердаги футбол ривожланишига ёрдам беришни истайман. Испаниялик мураббийлар кўп нарсаларни ўзгартириши мумкинлиги рост. Бизда футбол мураббийлиги таълими жуда яхши йўлга қўйилган. Федерация ва хусусий футбол мактаблари томонидан мураббийлик курслари ташкил қилинган ва у ердан яхши таълим олиб чиқиш мумкин. Испания футбол фалсафаси дунё миқёсида тан олинган. Айниқса сўнгги 15-20 йил ичида испаниялик мураббийлар ўз иш услублари, футболга бўлган қарашлари билан катта ўзгаришларни амалга оширишга муваффақ бўлишмоқда. Бу жараён нафақат Осиёда, балки бошқа қитъаларда ҳам кузатиляпти. Бу менинг Осиёдаги учинчи ишим. Бирлашган Араб Амирликлари ва Хитойда ҳам ишлаб кўрганман. Бу қитъадаги футболни ривожлантириш мумкинлигини кўряпмиз. Айтиш мумкинки, Осиё футболида иқтидорлар етарли. Айниқса, сўнгги йилларда кучли футболчилар янада кўпайди. Ўзбекистонга келганимдан сўнг, бу ердаги футбол даражасидан ҳайратда қолдим. Ўзбекистон Суперлигаси Осиё лигалари орасида энг кучлиларидан бири ҳисобланади. Лекин мен бу давлат футболи янада ривожланишига ишонаман. Бу ерда барча имкониятларни кўряпман. Мен доим ўз ишимга танқидий руҳда қарашга ўрганганман. Ва ростдан ҳам айтаманки, Ўзбекистонда Хитой ва БААда кўрмаганим ривожланиш салоҳиятини кўряпман.

 – Ўзбек мураббийлар орасида сизни ҳайратда қолдирганлари бўлдими?

 – Бошқа давлатлардаги каби Ўзбекистонда ҳам мураббийлар собиқ футболчилар ҳисобланади. Интервью бошида айтганимдек қайси ишда бўлса ҳам профессионал бўлиш энг муҳими. Яхши футболчи бўлганинг яхши мураббий бўла олишингни англатмайди. Мен нафақат Ўзбекистонда, бутун фаолиятим давомидаги давлатларда кўплаб яхши мураббийларни кўрганман. Бу борада бирмунча танқидий руҳда қарайман. Яхши мураббий бўлиш умуман бошқача нарса. Ўзбекистонда жамоаларнинг ўйин фалсафаси, кучи, иш услуби жуда кучли. Кўплаб яхши мураббийларни учратдим деб айта оламан. Бир қатор яхши шаклланган ўйин услубларини ҳам кўрдим. Бу ерда мен кам сонли хорижликлардан бириман. Табиийки, Ўзбекистон футболига қоришиб кетишим керак. Аммо шу вақт мобайнида кўрдимки, Ўзбекистонда яхши мураббийлик анъаналари шаклланган ва ўзига хос услубларга эга.

– Ўзбек футболидаги энг катта хатолар нимада деб ўйлайсиз?

– Мен Ўзбекистонда футболни ривожлантириш учун тахминан нималар қилиш кераклигини биламан. Чунки бу каби ҳолат билан бошқа давлатларда ҳам рўбарў келганман. Кўплаб чемпионатларда легионерлар сони чекланган. Амирликларда ҳам, Хитойда ҳам ва Ўзбекистонда ҳам 4-5та хорижлик футболчини рўйхатдан ўтказишга рухсат бор. Буни ўзларининг маҳаллий ва ёш футболчиларининг йўлини тўсиб қўймаслиги учун қилишади. Бу – катта хато. Агар Ўзбекистонда футбол ривожланишини исташса, чемпионат дунё учун очилиши керак. Бу ўзбек футболчилари учун ҳам фойдали бўлади, чунки улар чет эллик ўйинчиларга қарши баҳс олиб бориш имкониятига эга бўладилар. Легионерлар маҳаллий футболчиларнинг ўсишига сабабчи бўлади. Балки, майдонда ўзбек футболчилари камайиб кетар, аммо ўйнайдиганлари сифатли бўлади ва бу миллий жамоага ҳам фойда бўлади. Гап сонда бўлмаслиги керак. Сифатли жамоа Ўзбекистонни жаҳон чемпионатига олиб чиқа олади, Осиё Кубогида муваффақиятга етаклаб бора олади. Мен сифатни қадрлайдиганлар сирасига кираман. Сон – иккинчи даражали жиҳат. 20-30 йил олдин Испанияда ҳам худди шундай тартиб амалда эди. Аммо кейинчалик бу тизимдан воз кечилди ва бугунги даражагача олиб келинди. Босман қоидаси ишга киргач, барчаси тартибга кирди ва бизнинг чемпионат ривожланиб кетди. Испан футболи ҳам ҳозир ўзбек футболи босиб ўтаётган йўлда юрган. Лекин ўша пайтда Испанияда ўз футболчиларимизнинг келажагидан қўрқиб, таваккал қилмаганимизда, бугунги даражага етмаган бўлардик. Ҳаётда ҳамма нарсанинг ривожланиши учун очиқлик, эркинлик керак. Хорижлик футболчилар келмас экан, маҳаллий ўйинчилар ўзаро ўйнаб юраверишади ва ривожланмайди. Бор йўғи 4 легионер билан буни амалга ошириш жуда ҳам мушкул масала. Бу – менинг таклифим ва қарашларим. Ва ўзбек футболчилари кўпроқ бошқа чемпионатларда ўйнаши керак, шунда улар ҳам турли маданиятлар ва футбол мактаблари билан танишади ҳамда профессионал бўлиб боради. Хитойда футболга миллионларни кераксиз сарфлаб юборишди. Легионерлар ақл билан олиб келинмади ва бу яхши натижа келтирмади. Бирлашган Араб Амирликларида эса футболга Ўзбекистондагидек юракдан жон куйдиришмайди. Ўзбекистонда потенциал бор. Футболчиларингиз жисмоний ва техник жиҳатдан жуда иқтидорли. Тактик кўрсатмаларни ҳам аъло даражада бажаришади. Фақат тўғри йўлга тушиб олиш керак.

 – «Пахтакор»га қарши ўйинда «Сурхон»ни ҳужумкор ва жанговар жамоа сифатида кўрдик. Бу бир ўйинлик мотивациями ёки мавсумнинг кейинги қисмида ҳам клубни шундай кўрамизми?

 – Ўйлайманки, ҳа. Бу – бизнинг ғоямиз. Кучли таркибга эга бўлмасак-да, жуда улкан амбицияларни, мақсадларни олдимизга қўйганмиз. 10тадан ортиқ ўйин ўтказишга улгурдик ва менимча, рақобатбардош жамоа эканлигимизни исботладик. Футболчиларим ҳақида ҳеч қандай салбий фикрлар айта олмайман, чунки улар қўлларидан келганича кучли ўйин ўтказишга ҳаракат қилмоқдалар. Биз «Сурхон»ни катта мақсадлар учун курашадиган жамоага айлантиришни мақсад қилганмиз. Қарши ҳужумларда хавфли жамоага айланишимиз ва рақиблар биз билан тўлиқ ҳужумкор футбол ўйнашга чўчиб туриши керак. Суперлига доирасида «Пахтакор» майдонида очко олганимиз ва буни жуда чиройли тарзда амалга оширганимиз ҳам мавсум давомида кўп ишлар қила олишимизни кўрсатиб турибди. Тез орада ўзбек футболига тўлиқ мослашиб кетамиз ва яхши натижаларни ҳам кўрсата бошлаймиз. 

 – Испан футболи деганда доим мафтункор, романтик футбол хаёлимизга келади. Лекин сўнгги йилларда «Атлетико» ортидан «Гранада», «Вильярреал» каби жамоалар прагматик футбол кўрсата бошлашди. Испан футболи ўзгаряптими?

 – Менимча, ундай эмас. Ла Лигада 20та жамоа бор ва менинг фикримча, Примера дунё футболидаги энг кучли лига. Ҳа, мен уни Премьер-лигадан ҳам кучлироқ, деб ҳисоблайман. Англия Премьер-лигаси яхши ташкиллаштирилади. Мен бир йил Манчестерда яшаб, у ерда тажриба орттирганман. Англиядаги футбол қандай ташкиллаштирилишини ичкаридан кўришга муваффақ бўлганман. Иқтисодий жиҳатдан улар жуда ҳам кучли. Аммо футболчилар маҳорати ва жамоалар сифати нуқтайи назаридан Ла Лига улардан ҳали ҳам кучлироқ. Учрашувлар ҳам бошқача даражада ўтказилади. Бу – шахсий қарашларим. Табиийки, 20та жамоа орасида турли хил услублар, турли футболчилар бўлиши мумкин. 2010 йилда жаҳон чемпиони бўлганимизга ҳали кўп бўлмади ва услуб ўзгармаган, деб ўйлайман. 2030 йилда ҳам катта ўзгаришлар бўлиб кетишига ишонмайман. Испания футболи тўғри йўналишда ривожланиб боряпти, деб ўйлайман ва футболчилар сифати борган сари ошиб бормоқда. Турли услублардан фойдаланиляпти ва баъзи ўйинларда прагматик футболни кузатаётгандирмиз. Бугунги футболда натижа жуда ҳам муҳим. Ғалаба иштиёқи ҳам юқори ва ҳар бир мураббий бу борада ўз йўлини танлашга ҳақли. 

 – Ла Лига мураббийлари орасида кимнинг услубини Ўзбекистонда қўллаш мумкин деб ўйлайсиз?

 – Испания Ла Лигаси мураббийлари орасида Диего Симеоне услубини кўпроқ яхши кўраман. 10 йил давомида гранд клубни бир хил даражада ушлаб туриш ва доим ғалаба учун руҳлантира олиш жуда ҳам қийин жараён. Испанияда футбол анча юқори даражада ва ўша ерда бу қадар барқарорликни таъминлаш янада мушкул. Юқорида айтиб ўтганимдек, Унаи Эмерининг иш услуби ҳам менга ёқади, у тез фурсатда «Вильярреал»ни рақобатбардош жамоага айлантирди. Чемпионлар Лигасида «Ювентус» ва «Бавария»ни мусобақадан чиқариб юборди, бу клуб юқори даражага олиб чиқилганини англатади.

Албатта, Ўзбекистон ва Испания футболини солиштириб бўлмайди. У ерда бутунлай бошқа даража. Лекин қайсидир маънода Ла Лига мураббийлари услубларининг муқобил вариантларини бу ерда ҳам ишлатиш мумкин. 

– Ўзбек футболчиларининг энг катта муаммолари нимада?

– Хўш, ўзбек футболчиларидаги энг катта муаммо – профессионалликни ҳис қилиш. Футболга профессионал ёндашиш буткул бошқача нарса. Бу жиҳатни бироз ривожлантиришимиз керак. Айтиб ўтганимдек, футболчилар жисмоний ва техник томондан жуда ҳам кучли. Машғулотларда соатлар, тажриба орттириш вақтларининг кўплиги катта роль ўйнайди. Бразилия ва Аргентинада нега футбол бу қадар яхши ривожланади? Сабаби, улар футбол билан яшашади ва жуда кўп ватқларини у билан шуғулланишга сарфлашади. Аммо бу етарли дегани эмас. Профессионал футбол – умуман бошқача ёндашувни талаб қилади. У маълум бир тартиблар ва талабларга риоя қилишни талаб қилади. Жамоамизга баъзи футболчиларни ўринбосарлардан олдик ва уларда тактик жиҳатдан билим камлигини кўрдим. Испанияда футболчилар болалигиданоқ тактик кўрсатмаларни бажаришга ўргатилади. Футболни касб сифатида танлаган инсон, профессионал футболга бошқача қараш кераклигини тушуниши керак. Ҳафтасига 7 кун, кунига 24 соат фақат футбол ҳақида ўйлаш талаб этилиши мумкин. Шу орқали футболчи ўз сифатини ошириши мумкин. Футболчиларга ўз фаолиятларини профессионал тарзда йўлга қўйишда ёрдам беришимиз керак. Бунинг учун бизга ҳаққоний, адолатли, тоза чемпионат керак. Катта клубларга кўрсатилган ҳурмат ва эътибор кичик клубларга ҳам намойиш этилиши керак. Фақат шу йўл билан ўзбек футболини ривожлантириш мумкин.

 – «Сурхон» футболчилари сизнинг тактик кўрсатмаларингизни тушунишадими ёки уларни кўпроқ мотивация билан майдонга туширасизми?

- Футболни фақат мотивация билан ўйнаб бўлмайди. Футболда бу жиҳатга ишониб қолсангиз, адашасиз. Қайсидир куни кайфиятингиз яхши бўлади, бошқа куни ёмон. Лекин агар сизда тактик билим ва профессионаллик бўлса, ҳар доим майдонга чиқиб, ўз ишингизни қилаверасиз. «Сурхон»нинг ўйинларини кўрсак, бизда тактика борлигини кўрасиз. Футболчиларим менга қулоқ солишади ва кўрсатмаларимга тўлиқ амал қилишади. Йигитлар жуда ақлли, улар нима қилиш кераклигини тезда ўзлаштириб олишади. Мана ҳозирги кунга келиб жамоамдаги барча футболчилар қандай ўйин фалсафасини олға суришимизни яхши билишади. Ёшларга кўпроқ вақт керак, бу тушунарли. Ушбу мавсумда кўпроқ 4-4-2 тактикасида ҳаракат қиляпмиз, бу катта жисмоний кучни талаб қилади ва тактик хато қимматга тушиши мумкин. «Пахтакор»га қарши эса «алдамчи тўққизлик» услубида ҳаракат қилдик ва бу бизга натижа келтирди. Юқори прессинг билан футбол ўйнаяпмиз ва бу ҳолатда тактик жиҳатдан кучли бўлмасангиз, рақиб жазолаши табиий. Футболчиларимнинг ҳар ўйинда янги қобилиятларни ўзлаштираётганидан ва чин юракдан ҳаракат қилаётганидан хурсандман.

- Раҳмат!

Абдулбасит Валихонов суҳбатлашди.

Турнир жадваллари
Жамоа
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар