«Каляри» ҳужумчиси Элдор Шомуродов А Серия 16-тури доирасидаги «Наполи»га қарши сафардаги учрашувни ўтказиб юборадиган бўлди.
Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, ўзбекистонлик ҳужумчи жамоанинг жума куни эрталаб ўтказган машғулотида жароҳат олган. Тиббий текширувдан кейин Шомуродовнинг ўнг оёқ иккинчи панжаси сингани ойдинлашган.
«Элдор тез орада такроран тиббий кўрикдан ўтказилади», - дейилади клуб хабарида.
Tribuna.uz боғланган ўзбекистонлик клуб шифокорларидан бирининг сўзларига кўра, бундай жароҳатдан тикланиш учун бир ой вақт талаб этилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Элдор Шомуродов декабр ойининг сўнггида Ўзбекистон миллий жамоасининг БААдаги йиғинига қўшилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Қатардаги Осиё кубоги 12 январ куни старт олади. Ўзбекистон В гуруҳида 13 январ куни Сурияга қарши майдонга тушса, 18 январда Ҳиндистон, 23 январда эса Австралияга қарши майдонга тушади.