02.04.2024 13:10
3417
«Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон ишида бир неча йиллик келишувга эришилганини эълон қилди

«Бунёдкор» футбол клуби жамоанинг бразилиялик собиқ ўйинчилари Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорлик бўйича келишувга эришилганини маълум қилди.

Шу йилнинг 7 февраль куни ФИФА «Бунёдкор» собиқ футболчилари Ривалдо ва Денилсон шикоятлари бўйича қайта иш очган бўлиб, орадан 15 кун ўтиб клуб футболчилар олдидаги қарздорлик мажбуриятини бажариши лозимлиги тўғрисида қарор чиқарганди.

ОФК лицензиялаши талабидан келиб чиқиб, профессионал футбол клуби йилнинг 31 март санасига қадар қарздорлик билан боғлиқ масалаларни ҳал этиши лозим. Олиб борилган музокаралар натижасида томонлар 30 март куни келишувга эришди. Натижада «Бунёдкор» лицензиялаш платформасига лозим ҳужжатларни юклашга улгурди. 

«ФИФА қарорига кўра, «Бунёдкор» Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорликни шу йилнинг 7 апрель санасига қадар бартараф этиши керак эди. Янги келишувга кўра тўланиши лозим бўлган суммалар сезиларли кўринишда камайтирилди. Қўшимчасига, келишилган сумма Денилсонга 2026 йилгача уч қисмга бўлиб тўланадиган бўлди. Ривалдо билан ҳисоб-китоб эса 2028 йилга қадар ҳар йили бир мартадан амалга ошириладиган бўлди», - дейилади клуб ва Ўзбекистон профессионал футбол лигаси расмий хабарида. 

Tribuna.uz манбасига кўра, Ривалдо ва Денилсон олдидаги қарздорликлар «Бунёдкор» клубининг ҳомийси – «Ўзбекнефтгаз» томонидан тўлаб берилади. 

Эслатиб ўтамиз, Tribuna.uz манбаси ФИФА «Бунёдкор»дан Ривалдо фойдасига 8,1 миллион евро, Денилсонга 1,1 миллион АҚШ доллари ундирмоқчилиги ҳақида хабар берганди. Музокаралар натижасида бразилиялик ўйинчилар ушбу маблағ камайтирилишига рози бўлган.

Аввалроқ, «Бунёдкор» директори Мурод Алиев ушбу қарздорлик бўйича ФИФА қарор чиқаргани ҳақидаги хабарни тасдиқлаб, келишув «Бунёдкор» эмас, «Zerомах» билан тузилгани, шунга қарамай клуб ушбу қарздорлик миқдорини камайтириш устида иш олиб борилаётгани ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, Ривалдо 2008-2010 йиллар давомида «Бунёдкор» клуби шарафини ҳимоя қилиб, уч карра Ўзбекистон чемпиони бўлган эди. Денилсон эса 2010 йил Тошкент клуби сафида чемпионликка эришган, Олий Лигада 14 ўйинда 4та гол, ОЧЛда эса 6 ўйинда 5та голга муаллифлик қилганди.

Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар