01.01.1970 06:00
3445
Теглар
Ким драма қилиб беради? Нега финалга Англия чиққани яхшироқлиги ҳақида

Евро-2024’нинг энг драматик воқеаси қайси?

Чемпионлар Лигасининг сўнгги финали олдидан ҳам, айнан ўйин пайтида машҳур телеканаллар студияларида ҳам негадир Жейдон Санчони кўп гапиришди. У нима қила олади, «Реал»га қарши ўзини кўрсата оладими? Танаффус пайтида – «биринчи бўлимда Санчо ўзини кўрсата олдими?»

Қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Ахир «Боруссия»да бошқа футболчилар бор, уни қўйинг, ахир «Реал» яна бир марта Чемпионлар Лигаси остонасида турибди, Санчонинг собиқ жамоадоши Беллингҳэм эътиборга кўпроқ лойиқ эмасми? Нега шунақа?

Твиттерда бугун Англия ютади, деб ёзсам, кўпчилик, Англия чиқмасин, тузукроқ футбол кўрайлик финалда, деб эътироз билдиришди.

Менимча, айнан Англия – Испания финали ўзи мавжуд икки вариант ичида финалга мосроғи. Чунки, энг аввало, инглизлар таркиби футбол юлдузларига тўла, ҳар қандай ҳолатда ғолиблик учун бор имкониятини ишга соладиган, бундай тажрибадан кўп марта ўтган футболчилар – «Реал», «Манчестер Сити», «Ливерпул» каби жамоалар билан сўнгги йилларда Чемпионлар Лигасини ютишган ҳам. Захирадан тушиши мумкин бўлган Тоунидан тортиб, Палмергача бўлажак юлдуз деб башорат қилинаётган футболчилар саналади. Табиийки, улардан кутилмалар ҳам катта, босим ҳам айнан финалга яраша бўлади.

Футболни, айниқса финални қизитадиган асосий фактор нима, айтайми? Драматизм. Сюжет. Томошабин учун қандайдир оқибатнинг аҳамияти. Энг муҳими булар. Тўқсон дақиқа чиройли футбол, чиройли голлар, ҳужумлар – бундай футболни доим ҳам кўраверамиз, буни ЖЧ-2018 финалида Хорватия ҳам, яқинда «Боруссия» ҳам эплаб берди. Лекин юқорида айтилган талабларга мос бўладими шунақа финал?

Англия зериктиряпти, хўп. Аммо Евро-2024’нинг энг драматик воқеаси қайси? Беллингҳэмнинг сўнгги дақиқадаги голи эмасми? Гап Словакия билан ўйин қай даражада чиройли ҳужумларга бой бўлганми, йўқми, унда эмас, сюжет шу эдики, наҳотки Англия ҳозир Словакияга ютқазса? Кейн, Беллингҳэм, Фоден, Сака ҳеч нарса қила олмай, Словакия чоракфиналга чиқса нима бўлади? Мана шу саволнинг катталиги, яъни, томошабин учун оқибатнинг аҳамияти ўйиннинг драматизмини оширади.

Бу худди кино сценарийсига ўхшайди. Турли воқеалар, уруш саҳналари, ажойиб эффектларга бой лавҳаларга тўла филм бўлса, агар қаҳрамонларнинг тақдирига бефарқ бўлсангиз, шу кинодан маза қиласизми? Аксинча, оддий, сокин бир филм бўлса-ю, эҳтимолий якунига сиз бефарқ бўлмасангиз, бош қаҳрамоннинг тақдири сизни қизиқтирса, этингиз жунжикиб, хавотирга тўла алфозда шу филмни якунламайсизми?

Энди савол, Туркия Нидерландияни ютаётган бир пайтда, наҳотки Нидерландия мусобақадан чиқиб кетади, деган хавотир сизга бир он бўлса-да, меҳмон бўлдими? Албатта, Туркия ҳам чиройли футбол кўрсатадиган жамоалардан, сиз уларга ёки балки Нидерландияга азалдан мухлис бўлишингиз мумкин. Мавзу бу ҳақида эмас.

Аммо мен умумий маънода, ҳамма учун ёзаётган эканман, нейтрал футбол мухлиси учун қайси финал кўпроқ драматизмни, тугагач, кўпроқ ҳиссиётларни тақдим этишини инобатга оламан. Қайси жамоанинг мағлубияти ёки ғалабаси трендга чиқади, муҳокама қилинади, кўпроқ мемлар ясалади? Мен томоша қилган илк Европа чемпионатининг чемпиони гўзал Нидерландияга ҳурматни сақлаган ҳолда айтсам ҳам, Англиянинг Испания билан ўйини финал учун кўпроқ ярашмайдими? Беллингҳэм ёки Кейннинг Европа чемпиони бўлиши ё бўлмаслиги, Саутгейтнинг Англиядаги бутун фаолиятига бериладиган баҳо, Артета ёки Гвардиола болаларининг улардан мустақил равишда катта ўйинчи бўла олишадими ёки йўқ, умуман, бундай саволлар футбол оммаси учун қизиқроқ, каттароқ эмасми?

Евронинг аксарият даврини биз Австрия ва Швейцарияни мақташ билан ўтказдик, аммо қани улар, ютқазгач, эслаймизми? Ҳа, яхши онлар, чиройли комбинациялар тақдим қилишди, томоша қилдик, аммо айнан Забитцер ёки Эмболонинг Еврони юта оладими, ютолмайдими, нима фарқи бор, уларнинг тақдирига аслида бефарқ эканимиз туфайли эмасмикин шу? Қайтараман, гап конкрет бир жамоанинг, Нидерландия, Австрия ё Англиянинг мухлислари ҳақида эмас, умуман, футбол оламининг у ёки бу футболчи, у ёки бу жамоага бўлган муносабатида.

Илк абзацга қайтадиган бўлсак, балким шунинг учун сўнгги ЕЧЛ финали олдидан «МЮ»дан ҳайдалган Жейдон Санчонинг «Реал»га қарши ўйнаши ҳикояси асосий планга чиқиб қолгандир? Кутилмаганда финалга чиқиб қолган ва шу натижанинг ўзи ҳам катта қаҳрамонлик саналадиган «Боруссия»дан яна қандай драматизм топиш мумкин? Бусиз финалнинг қизиғи йўқ, аниқроғи, фақат ўша икки жамоа мухлислари учунгина қизиқ бўлиб қолмайдими?

Қизиқарли, чиройли финал кўрмоқчисиз, ҳа, лекин айтингчи, қачон шунақа финал томоша қилгансиз? Ҳар қандай финални финал қилган аслида «ким ютаркин?» деган катта савол эмасмиди? Ҳатто ўша Франция – Аргентина суперматчини ҳам катталаштирган контекст «Месси жаҳон чемпиони бўладими», «Мбаппе – Месси қарама қаршилиги қандай якун топади?» деган саволлар эмасмиди?

Футбол антифутболга қарши, гўзал футбол машҳур юлдузларга қарши, ҳа, сиз гўзал футбол шайдосисиз, умуман, агар ростан ҳам, бир ой олдин бошланган филмимизнинг бош мазмуни чиройли футболнинг ғалаба қозониши бўлса, Испания буни ўзига ўхшаган, аммо сал кичикроқ укаси устидан эмас, ҳақиқий антагонист устидан қозонилган ғалаба билан кўрсатиши мантиқлироқ бўлмайдими?

Қаҳрамон Асланов

  •  
Турнир жадваллари
Team
W D L Pts
Сўнгги янгиликлар
Долзарб хабарлар