Узбек O'zbek
Ўзбекистонлик киберспортчи «e-Masters 2020» саралашида биринчи ўринни олди
Душанба, 13 Январ
429

Ўзбекистон электрон компьютер спорти федерацияси раҳбарияти ва киберспортчилардан иборат делегация Осиё электрон спорт федерацияси (AESF) томонидан ташкил этилаётган форум ва e-Master Ченгду-2020 саралаш босқичи мусобақасида қатнашиш учун Таиланднинг Банкок шаҳрида бўлиб турибди.

The Sun Media Group ва Таиланд электрон спорт федерацияси ҳамкорлигида ташкил этилган e-Master Cup Бангкок-2020 минтақавий саралаш ўйинларида Ўзбекистон номидан PES-2020 йўналишида Марказий Осиёнинг икки карра чемпиони – Ўзбекистан миллий жамоаси аъзоси Салоҳиддин Эсанов қатнашди.

Қуръа натижаларига кўра, Жанубий ва Марказий Осиё минтақасининг «А» гуруҳидан ўрин олган Эсановга Покистон, Ҳиндистон ва Шри-Ланка вакиллари рақиблик қилишди. «B» гуруҳидан эса Қозоғистон, Малдив ва Непал киберспортчилари жой олди.

Эсанов гуруҳ босқичини йирик ҳисобли ғалабалар билан бошлаб, плей-оффга йўл олди. Ярим финалда эса қозоғистонлик киберспортчини «Call of Duty: Black Ops III» баҳсида умумий 2:0 ҳисобида енгди ва финалга чиқди.

Финалда Салоҳиддин Эсанов ҳиндистонлик киберспортчини умумий ўйинлар бўйича 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, «PES 2020» йўналишида e-Masters 2020 саралашининг Жанубий ва Марказий Осиё минтақаси ғолибига айланди ва Хитойнинг Ченгду шаҳрида бўлиб ўтадиган гранд-финал йўлланмасини қўлга киритди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз