Узбек O'zbek
Вальвердени яна бўшатишмоқчи. «Барселона»нинг янги мураббийи ким бўлади?
Якшанба, 12 Январ
4689

Испания Суперкубоги ярим финалида «Атлетико»дан учралган мағлубият туфайли каталонияликлар жамоаси бош мураббийи Эрнесто Вальверде истеъфо томон яна бир қадам ташлади. Испаниялик таниқли журналист Гонсало Миро клуб раҳбарияти мавсум якунида ушбу мутахассисни ишдан бўшатишга қарор қилгани ҳақида хабар тарқатди. 

Нимадан бошланди?

Сўнгги кунлардаги икки воқеа «Барселона» ва Вальверде ўзаро хайрлашиши ҳақидаги миш-мишларни урчитди. Пайшанба куни каталонлар яхши ўйнаганига қарамасдан Испания Суперкубоги яримфиналида «Атлетико»га ютқазиб қўйишди (2:3). Кейинги куни эса Доҳада Эрик Абидаль, Оскар Грау ҳамда клубнинг собиқ футболчиси Хави ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Абидаль, Грау, Хави

Абидаль — кўк-анорранглилар клуби футбол директори, Грау — клубнинг ижрочи директори, Хави — «Барса» афсонаси, у 2019 йил майида Қатарнинг «Ас-Садд» клуби бош мураббийи этиб тайинланган. Унинг амалдаги шартномаси 2021 йилгача тузилган. Унинг бошқарувида жамоа Қатар чемпионатида учинчи ўринда бормоқда.

Учрашувдан мақсад

Турли маълумотларга кўра, Хавига «Барселона» бош мураббийи бўлиш бўйича таклиф берилган, у кейинги ҳафтадан ёки шу йил ёзидан лавозимга киришиши мумкин. У билан дастлаб 2022 йил ёзига қадар шартнома тузиш режалаштирилган.

Mundo Deportivo хабарига кўра, Абидаль ва Грау яқин вақт ичида Хави билан яна бир учрашув ўтказишади ва уни шу қишдаёқ клуб бошқарувини қабул қилиб олишга кўндириш учун уриниб кўришади. Айни вақтда Вальверденинг тақдири Хавининг қарорига боғлиқ, агар у клубга ёзда келишни афзал кўрса, Вальверде ёзгача ишлайди ва кейин ўз ихтиёри билан ўрнини бўшатиб беради. Хави шу қишда Каталонияга қайтишга рози бўлса, Вальверде душанба куни истеъфога чиқарилади.

«Ас-Садд» раҳбарияти Хави «Барса»га кетиши ҳақидаги хабарларга муносабат билдириб, у қачондир уйига қайтиши мумкинлигини истисно этмаган ҳолда испаниялик мутахассиснинг қатарликлар билан шартномаси мавжудлигини эслатган.

Қайд этиш керакки, Хави «Барселона»ни бошқариш – орзуси эканини ҳеч қачон яшириб ўтирмаган, интервьюларида бир неча марта клубга қайтиш нияти борлиги ҳақида гапирган. 

Абидаль ва Грау Доҳада кўк-анорранглилар ҳужумчиси Усмон Дембеле билан ҳам учрашган, франциялик футболчи Қатарда жароҳатдан кейинги тикланиш жараёнини ўтамоқда.

Вальверде

Кўк-анорранглилар бош мураббийи ҳозирча ишини давом эттирмоқда. Аниқроғи, у футболчиларга 4 кунлик дам берган. Жамоанинг кейинги ўйини 19 январь куни бўлиб ўтади.

Испан матбуоти хабарларига кўра, жамоа етакчилари, жумладан Лионель Месси мураббий томонда ва «Атлетико»дан учралган мағлубиятда фақат ўзларини айблашмоқда. Клуб президенти Жозеп Бартомеу ҳам Вальверде томонда. Ҳозирча мухлислар ҳам Эрнестони зудлик билан ишдан бўшатишни талаб қилишмаяпти.

«Атлетико»га қарши ўйиндан кейин «Барселона» директори Гильермо Амор ҳам мураббийни қўллаб чиқди. Катта эҳтимол билан у мавсум якунига қадар ўрнида қолади.

Директорлар кенгаши
Душанба куни «Барселона» директорлари кенгаши учрашуви ўтказилади. Аммо фавқулодда, шошилинч йиғилиш эмас — учрашув куни икки ҳафта муқаддам белгиланганди.

Куман, Гальярдо ва бошқалар

Бу мавсумда бир неча марта Вальверде истеъфога чиқарилиши ҳақида хабар тарқалганди. Сўнгги ойларда бир неча мутахассис номи «Барса» билан боғланган.

Рональд Куман

«Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси Куманнинг мураббийлик тажрибаси Хавиникидан кўпроқ. Ушбу нидерландиялик мутахассис клублар даражасида «Витесс», «Аякс», «Бенфика», ПСВ, «Валенсия», АЗ, «Фейеноорд», «Саутҳемптон» ва «Эвертон» клубларида ишлаган, ҳозирда эса Нидерландия терма жамоасини бошқармоқда. 56 ёшли мутахассис коллекциясидан 8та соврин жой олган, у бу совринларни 3та чемпионатда 5та жамоа билан қўлга киритган.

Mundo Deportivo нашри «Барселона» ходимлари ўртасида улар клубнинг янги мураббийи ким бўлишини исташи бўйича сўров ўтказган, бундай сўровда Куман Юрген Клоппдан кейинги (германиялик мутахассис Примерага келиши ҳақиқатдан йироқ) иккинчи ўринни эгаллаган. Куман каталонлар клуби рўйхатида бор. Уч ой муқаддам Нидерландия футбол иттифоқи спорт директори Нико-Ян Хугма мураббийнинг шартномасида у «Барселона»га маълум миқдордаги товон пули эвазига кетиши мумкинлиги ҳақида банд мавжудлигини тан олганди. Кейинроқ Куман унинг сўзларини тасдиқлаганди: «Барса»га ўтишим мумкин, аммо мен бу ҳақда Евро-2020 якунлангач ўйлашим мумкин».

Марсело Гальярдо

43 ёшли Гальярдони Европада «Монако» ва «ПСЖ» клублари сафидаги ўйинлари орқали эслашади. У ақлли яримҳимоячи бўлган, бу эса «Барселона» услубига мос келади. Аммо, албатта у бу борада «Хави билан битта столда ўтира олмайди». Айни вақтда Марселони Жанубий Америкадаги энг яхши мураббий сифатида эътироф этишмоқда. Аргентиналик мутахассис 2014 йилдан буён «Ривер Плейт»ни бошқармоқда, унинг бу клубдаги фаолияти ёрқин кечмоқда, дейиш мумкин.

Гальярдо бошқарувида «Ривер Плейт» айниқса халқаро турнирларда яхши қатнашмоқда: икки марта Либертадорес Кубогидаги ғалаба, бир марта – Жанубий Америка Кубогида, уч марта – Жанубий Америка Суперкубогидаги ғалаба. Қолаверса, у Аргентинадаги турнирларнинг қироли: уч марта мамлакат Кубогини ва бир марта Суперкубокни ютиб олган. Дарвоқе, 2019 йилда ҳам Марсело Либертадорес Кубогига яқин келди. Лекин «Ривер Плейт» «Фламенго»ни 91-дақиқага қадар 1:0 ҳисобида мағлуб эта туриб, кейин қўшимча дақиқаларда икки гол ўтказиб юбориб мағлуб бўлди.

Каталонлар клуби Роберто Мартинес ва Эрик тен Ҳааг номзодларини ҳам назарга олиб қўйган. Аммо бу мутахассислар айни вақтда ишли: испаниялик мутахассис Бельгия терма жамоасини бошқармоқда, нидерландиялик эса — «Аякс»ни.

Видаль
Вальверденинг кетиши ҳақидаги хабарлар «Интер»нинг трансфер бўйича режаларига ҳам таъсир кўрсатди. Клуб ижрочи директор Жузеппе Маротта миланликлар Вальверде туфайли каталонияликлар сафини тарк этишни истаётган Артуро Видални трансфер қилмоқчи эди. Аммо энди Маротта чилилик футболчини қўлга киритиш имкони йўққа чиқди, деган хулосага келган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз