Узбек O'zbek
Роналду билан интервью: шахсий бренди, энг зўр голи ва энг ноқулай ҳимоячилар ҳақида
Жума, 27 Декабр
19871

Машҳур футбол юлдузи Криштиану Роналду DAZN телеканалида меҳмон бўлди ва қизиқарли саволларга жавоб берди. Дастлаб унга қайси исми кўпроқ ёқиши ҳақида сўралди:

— Мен учун аҳамияти йўқ. Уйда Роналду деб чақиришади. Онам ва синглим. Мактабда Криштиану дейишарди, футболда Криш, Ронни ва ҳоказо. Кўчада фанатлар кўпинча CR7 дейишади.

— CR7 – бу глобал бренд. Дунёнинг энг катта брендларидан бири эканингизга муносабатингиз қандай?

Менинг дунём – футбол, шу билан бирга унинг ташқарисидаги ҳаёт ҳам муҳим. Мен бизнесменга айландим. Агар қандайдир бошқа иш билан шуғулланишга киришсанг, бунинг ёмон томони йўқ, фикримча. Мен бундан хурсандман, лекин футбол доим энг муҳими бўлиб қолаверади.

— Сиз бу бренд ва шахсиятингизни қандай ажратасиз?

— Ҳар иккиси ҳақида гапирганда, аслида бир инсоннинг турлича томони эканини эътиборга олиш керак. Мен футболчиман ва одамлар менга қараб туриб, «Бу Криштиану, мана шундай инсон» деб қабул қилишларини истайман.

— Энди А Серия ҳақида саволлар. Агар 10 баллик тизимда баҳоласак, Италияда гол уриш қанчалик қийин?

7.

— Қарши ўйнаш энг қийин бўлган ҳимоячилар кимлар?

Тўғрисини айтсам, ўзим бирга шуғулланадиган шерикларимга қарши ўйнаш қийинроқ. Бонуччи, Кьеллини, Де Лигт. Аввал ҳам, Чемпионлар Лигасида Кьеллинига қарши ўйнаш жуда қийин эди ва мен буни ўзига хос чақириқ сифатида қабул қилардим, алоҳида тайёрланардим. Ҳозир эса, уччовини ҳам тилга олишга мажбурман, чунки ҳар куни машғулотларда бу тўсиққа рўбару келяпман.

— А Серия ва Чемпионлар Лигасидаги фарқ нимада?

Улар ҳатто фикрлашда ҳам кескин фарқ қилади. Назаримда, агар жаҳон чемпионати ва Европа чемпионатларини қўшмасак, Чемпионлар Лигаси дунёдаги энг зўр мусобақа. Ҳар қандай турнирдан кўра, ЕЧЛда ўйнаш менга кўпроқ ёқади.

«Ювентус»да сизга нима ёқади?

Олдин ҳам айтганман, аввало, клуб маданияти, анъаналари – Италиянинг ажойиб тарихга эга бўлган энг яхши клуби. Мен бу ерда бахтлиман ва «Юве» билан яна кўп совринларни қўлга киритмоқчиман. Менга нафақат «Ювентус», умуман Италиянинг маданияти ёқади. 

— Италиядаги илк хотирангиз?

Туриндаги илк таништирув маросими ажойиб ўтганди, мен оилам, дўстларим билан ташриф буюргандим.

— 16 йил олдин эса «Манчестер Юнайтед»га келгандингиз?

— Мен ўша «Спортинг» ва «МЮ» ўртасидаги ўртоқлик ўйинини яхши эслайман. Бироз ҳаяжонда бўлганман, лекин ўшанда ўзимни яхши кўрсата олгандим. Ўйин тугагач, Фергюсон менга «сен бизда ўйнашинг керак» деганди. Ўшанда 18 ёшда эдим ва бу гаплардан ўзимда йўқ хурсанд бўлганман. Фергюсон тезроқ жамоага қўшилишимни истаган ва бу трансфер дарҳол содир бўлди.

— Эндичи?

Ҳозир бошқачароқ. Профессионал фаолиятнинг бошида атрофга, воқеаларга бошқачароқ назар ташлайсан. Масъулият ҳам озроқ бўлади, лекин ҳозир ҳам, кўп нарса ўзгарган бўлса-да, футбол ўйнашдан завқ оламан. Яхши ўйнаш ва совринлар ютиш – бу асосийси. Бу мақсад ҳали ҳам сақланиб қолган ва яна бир неча йил тўп сура олишимдан хурсандман.

— Голни нишонлашингиз – қандай пайдо бўлганди?

«Реал»да бошланган. Ғалаба қозонгач, атрофдаги ҳамма «Сиууу» деб бақира бошлади. Ва мен ҳам шундай дея бошладим, сабабини билмайман. Ҳаммаси табиий бошланди. Лос-Анжелесдаги «Челси»га қарши назорат ўйинини эслайман, мен гол урдим ва худди шундай нишонладим. Кўпчилик нега ундай қилганимни сўрай бошлашди. Билмасам. Шунақа бўлиб қолди. Доим айтиб келаман, энг яхши нарсалар табиий равишда юзага келади.

— Энг зўр голингиз қайси?

Буффон дарвозасига урганим. Ажойиб стадионда, ажойиб жамоага қарши ўйинда. Ҳатто рақиб мухлислари ҳам мени олқишлашганди, ўзига хос кеча бўлганди. Буффон нима деган? Мен аввалдан, қачондир Буффон билан учрашиш, у билан гаплашиш имкони туғилса, у жуда яхши инсон эканига амин бўламан, деб ўйлардим. У ростан ҳам жуда яхши ва қувноқ йигит. Голдан сўнг, у шунчаки, мени табриклаб қўйди. Ўша илк учрашувимиздан ёрқин хотиралар қолган ва ҳеч қачон унутмасам керак.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз