Узбек O'zbek
Превью: Англияда дербилар, Италия ва Германияда пешқадам ўзгарадими?
Жума, 06 Декабр
3495

Ушбу ҳафтанинг жума, шанба, якшанба ва душанба кунлари мухлисларни Европада бир қатор марказий ўйинлар кутиб турибди. Тўрт кун давомида қуйидаги бешта қизиқарли учрашувни томоша қилишни тавсия этамиз.

 «ИНТЕР» - «РОМА»
Италия А Серияси. 15-тур.
6 декабрь (жума)
Ўйин бошланиш вақти:
00:45
ТВ-трансляция: «Матч» ТВ

Италия А Серияси пешқадамига айланиб олган «Интер»ни ушбу турда жиддий синов кутиб турибди. Антонио Конте шогирдлари тобора яхши формага кириб бораётган Паулу Фонсека бошқарувидаги «Рома»га қарши саф тортишади. Тур ўйинларига старт берувчи Миландаги тўқнашув икки жамоанинг ҳам турнир жадвалидаги ҳолатига таъсир қилиши мумкин. Уч мавсумдан буён «Интер» майдонидан очко билан қайтаётган Рим клуби ёқимли анъанасини давом эттира олса, 5-ўриндан 3-ўрингача кўтарилиши мумкин. Турнир карвонбошчиси «Интер» эса очко йўқотган тақдирда «Юве» пешқадамликни тортиб олишини яхши тушуниб турибди. Шундай экан, «нерадзуррилар» ҳам уч йиллик нохуш анъанани бузиб, пешқадамликни қўлдан бой бермасликка интилишлари аниқ.

 Факт: Миланликлар кетма-кет уч мавсумдан буён «Жузеппе Меацца» стадионида «Рома»ни мағлуб эта олишмаяпти.

Миландаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Интер – Рома – 1:1

2017/18. Интер – Рома – 1:1

2016/17. Интер – Рома – 1:3

 «БОРУССИЯ» М - «БАВАРИЯ»
Германия Бундеслигаси. 14-тур.
7 декабрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
19:30
ТВ-трансляция: «Sport»

 Шанба куни Германия Бундеслигасида нафақат турнинг, балки мавсумнинг муҳим ўйинларидан бири ўтказилади. Чемпионат пешқадами Мёнхенгладбахнинг «Боруссия» клуби бу сафар амалдаги чемпион «Бавария»га қарши майдонга тушади. Левандовски бошқарувидаги меҳмонлар 4-ўрин бўлишларига қарамай, пешқадам жамоани таъқиб этиш имконига эга. Айнан ушбу баҳсдаги ғалаба «Боруссия»нинг чемпионлик сари жиддий қадам ташлаши сифатида баҳоланса, «Бавария» учун янги бош мураббий масаласини кун мавзусигача кўтариши мумкин. Мюнхенликларнинг ғалабаси эса уларни яна чемпионлик пойгасига қайтаради ва Ханс-Дитер Флик раҳбарият томонидан катта «ишонч кредити»га эга бўлади. Шундай экан, Бундеслига тур доирасидаги айнан ушбу марказий қарама-қаршиликни кўриш шарт.

 Факт: «Боруссия» М клуби Бундеслига доирасидаги сўнгги 5та уй учрашувда кетма-кет 5та ғалабага эришди. «Бавария» эса чемпионатнинг сўнгги 5 учрашувида 2 марта мағлубиятга учради.

 Мёнхенгладбахдаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Боруссия М – Бавария – 1:5

2017/18. Боруссия М – Бавария – 2:1

2016/17. Боруссия М – Бавария – 0:1

 «МАНЧЕСТЕР СИТИ» - «МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД»
Англия Премьер-лигаси. 16-тур.
7 декабрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
22:30
ТВ-трансляция: «Uzreport» TV

Сўнгги турда ғалабага эришган Манчестер клублари ушбу турда ўзаро рўбару келишади. Сульшер Моуриньони мағлуб этиб, энди Гвардиолани ҳам мот қилишга интилади. Бу сафарги Манчестер дербиси совринли ўринларни ҳал этмаса-да, катта ўйиндаги натижа жамоанинг кейинги ишларига таъсир қилади. Ғалаба жамоага ишонч бериб, омадсизликни унутишига сабаб бўлса, ашаддий рақибга учралган мағлубият ҳаттоки бош мураббийнинг истеъфоси билан ҳам якунланиши ҳеч гап эмас. Шу боис, шанба кунги «Этиҳад стэдиум»даги дербининг қадри ва даражаси аввалгиларидан паст бўлмайди. Гвардиола ва Сульшер қарама-қаршилиги ҳафтанинг энг шиддатли ва муросасиз ўйинига айланса ажабмас.

 Факт: Сульшер бошқарувидаги «МЮ» АПЛ жорий мавсумидаги 7та сафар учрашувидан бор йўғи биттасида («Норвич» – «МЮ» 1:3) ғалаба қозонган.

 Манчестердаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Манчестер Сити – Манчестер Юнайтед – 3:1

2017/18. Манчестер Сити – Манчестер Юнайтед – 2:3

2016/17. Манчестер Сити – Манчестер Юнайтед – 0:0

 «ЛАЦИО» - «ЮВЕНТУС»
Италия А Серияси. 15-тур.
7 декабрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
00:45
ТВ-трансляция: «Uzreport» TV/«Futbol TV»

 Миландаги «Интер» - «Рома» ўйиндан бир кун ўтиб, Римда ҳам А Серия ишқибозлари интиқлик билан кутадиган учрашув ўтказилади. Иммобиле голеадорлиги эвазига Италия чемпионатида кутилмаганда 3-ўринга чиқиб олган «Лацио» клуби бу сафар азалий рақиби «Ювентус»ни мағлуб этишга уринади. Римликлар 15 йилдирки мухлислари қаршисида «Кекса синьоралар»ни мағлуб эта олишмаяпти. Қолаверса, «Юве» жорий мавсумда чемпионатда ҳали ҳамон оқ байроқни кўтарган эмас. Шундай экан, Маурицио Сарри жамоаси пешқадамликни қайтариб олиш мақсадида ҳам Римда фақат уч очкони кўзлаши аниқ. Бунинг учун эса италиялик мутахассис энг аввало Иммобилени қандай тўхтатиб қолиш мумкинлигини ўйлаши лозим.

 Факт: «Лацио» ўз майдонида А Серия доирасида 15 йилдан буён «Ювентус»ни мағлуб эта олмаяпти. Римликлар сўнгги марта 2003/04 йилги мавсумда Турин клубини ўз майдонида мағлуб этган.

 Римдаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Лацио – Ювентус – 1:2

2017/18. Лацио – Ювентус – 0:1

2016/17. Лацио – Ювентус – 0:1

«ВЕСТ ҲЭМ» - «АРСЕНАЛ»
Англия Премьер-лигаси. 16-тур.
9 декабрь (душанба)
Ўйин бошланиш вақти:
01:00
ТВ-трансляция: «Uzreport» TV/«Futbol TV»

 Бир ҳафта олдин «Лондон дербиси»да «Челси»ни сафарда мағлуб этиб қайтган «Вест Ҳэм» бу турда мухлислари қаршисида «Арсенал»га қарши саф тортади. Душанба оқшомидаги турнинг сўнгги ўйини икки томон учун ҳам жуда муҳим. Мануэль Пеллегрини бошқарувидаги «Вест Ҳэм» бу мавсумда «Манчестер Юнайтед», «Челси» каби клубларни мағлуб этди. «Арсенал»га қарши баҳсда ҳам мезбон жамоа сўнгги уч йиллик анъанасини давом эттиришни истайди. Аммо сафардаги кетма-кет ғалабасиз серия «канонирлар»ни янги бош мураббий борасида тезроқ бир қарорга келишга ундаши табиий.

 Факт: «Арсенал» АПЛ доирасида сафарда ўтказилган сўнгги 7 ўйиндан буён ғалаба нималигини билмаяпти. «Канонирлар» сўнгги марта меҳмонда 1-турда «Ньюкасл»ни мағлуб этишган эди. Умуман, жамоа барча турнирлар доирасида қаторасига 9 ўйинда ғалаба нелигини билмади ва бу клуб тарихида 42 йил ичидаги энг ёмон натижадир.

 Лондондаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Вест Ҳэм – Арсенал – 1:0

2017/18. Вест Ҳэм – Арсенал – 0:0

2016/17. Вест Ҳэм – Арсенал – 3:3

Усмон ИБОДОВ

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз