Узбек O'zbek
Месси ва Роналдунинг ўрнини кимлар эгаллайди? Мбаппе? Ҳоланд? Феликс?
Сешанба, 03 Декабр
9102

«Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси ўз футболчилик фаолиятида олтинчи марта France Football томонидан ҳар йили Европанинг энг яхши футболчисига топшириладиган «Олтин тўп»га сазовор бўлди ва «Ювентус» ҳужумчиси Криштиану Роналдуни бу борада ортда қолдирди. Кейинги йилдан янги гегемон пайдо бўладими?

Катта эҳтимол билан Месси ҳам, унинг азалий рақиби ҳам бу совринни бундан буён бошқа юта олмайди ва уларнинг даври поёнига етади. Мессининг ўзи ҳам тақдирлаш маросими вақтида ўзининг етиш даври яқинлашаётганини ҳис қилиб турганини тан олди.

Криштиану Роналду эса икки ойдан кейин 35 ёшга тўлади. Месси ярим йилдан кейин 33 ёшни қаршилайди. Албатта, улар яна бир неча мавсум ўйнаб беришади, лекин уларнинг фаолиятидаги ёрқин мавсумлар ортда қолади. Аргентиналик футболчи ҳамон ўз самарадорлигини кўрсатишда давом этмоқда: Ўтган мавсум якунларига кўра олтинчи марта Европанинг энг яхши тўпурари учун бериладиган «Олтин бутса»ни қўлга киритган футболчи Испания чемпионатининг жорий мавсумида ҳам ўртача ҳисобда ҳар ўйинда биттадан гол урмоқда, каталонлар жамоаси ҳеч қачон ҳозирги каби унинг ўйинига боғланиб қолмаганди. Португалиялик футболчининг самарадорлик кўрсаткичлари эса тушиб кетди. А Сериянинг ўтган мавсумидаги 21 гол ҳар қандай футболчи учун аъло натижа бўлиши мумкин, аммо Криштиану учун эмас. Бу мавсумда эса Маурисио Сарри томонидан доим ҳам асосий таркибда туширилмаётган футболчи 11 ўйинда 6 гол урди, холос. Ноябрь ойида «Ювентус» мураббийи уни икки марта майдондан захирага олди - жароҳат туфайли эмас, ўйини қовушмагани учун.

Мессининг ўйинида ҳам аслида пасайиш бошланган, лекин у бошқа қобилиятлари эвазига буни билинтирмаяпти. Қолаверса, у португалиялик юлдуздан 2,5 ёш кичик. Аммо барибир тез орада бу икки футболчи ҳам фаолиятини якунлашига тайёр туриш керак. Бу бир томондан кишини хафа қилади, бошқа томондан бу ҳам - яхшиликка бўлади. Чунки Роналду ва Месси қарама-қаршилигидан ҳамма тўйган.

Улар - буюк футболчилар, уларнинг буюклигини бошқа футболчилар тан олишган, бу буюклик тарихга муҳрлаб бўлинди. Сўнгги 10-15 йилда жаҳон футболида кўплаб кучли футболчилар ўтди, аммо бу икки футболчи етган чўққиларга бошқалар ета олишмади. Неймарга фаолиятининг энг гуллаган чоғида жароҳатлар ва характери халал берди, Азар барқарор ўйнай олмади, Левандовски ҳар мавсумда тўпурар бўлсада, у фақат гол машина, футбол сеҳргари эмас. Қолганлар эса шунчаки Месси ва Роналду таклиф этган темпга дош бера олишмасди.

Аммо уларнинг ўрнини бошқалар эгаллаши аниқ. Албатта, бу ҳақда сўз кетганда биринчи навбатда Мбаппенинг номи тилга олинади. Француз ҳужумчиси жуда тез улғаймоқда, у жаҳон чемпиони бўлишга улгурди ва 20 ёш учун феноменал ўйин кўрсатмоқда. У тез орада ўз «Олтин тўп»ини олишига шубҳа йўқ. Яна кимлар? Мане, Салоҳ, Кейн, Погба? Улар 26-27 ёшни қоралаб қўйишди, улар яна қанча вақт ёрқин ўйин кўрсатиши номаълум.

Роналду ва Месси жуда эрта юқорига кўтарилишганди ва энди улар каби суперменларни биз 19-20 ёшли футболчилар орасидан қидиришимиз керак. Мбаппедан ташқари, «Атлетико»да ҳам ўзини кўрсатаётган Жоау Феликсни, «Боруссия» Дортмундда етакчига айланган Жейдон Санчони келтириш мумкин. Шунингдек, «Байер»да ҳужумкор яримҳимоячи Кай Хаверц бор, бу кузда Чемпионлар лигаси кашфиётига айланган «Зальцбург» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд бор - ушбу йигитча гуруҳ босқичида қаторасига беш ўйинда 8 гол уриб, тарихий натижа кўрсатди. Ҳолбуки австрияликлар «Ливерпуль» ва «Наполи» каби грандлар билан бир гуруҳдан жой олишган. Саналган футболчиларнинг барчаси 20 ёшдан катта эмас. Истиқбол бор, аммо улар ҳали катта футболда кўп вақт ўтказишмади.

Айнан Мбаппе янги Месси бўлиши, ёки Ҳоланд янги Роналду бўлиши ҳақида гапириш тўғри ҳам эмас. Турли йилларда кўплаб истеъдодли футболчиларни келажак гиперюлдузлари деб аташган. Масалан, катта умидлар боғланган Боян Кркич «Барселона»да порлай олмади, ҳозир у 29 ёшида Канада чемпионатида тўп сурмоқда. Ёки каталонлар клубининг бошқа бир жавоҳири, хорватиялик Ален Халилович Нидерландия чемпионатида «Херенвен» клубининг захира ўриндиғида вақт ўтказмоқда. Мартин Эдегорчи? 2015 йилда 15 ёшли норвегияликни «Реал» ўз сафига қўшиб олган ва ушбу скандинавиялик жуда эрта порлашига умид билдирганди. У эса 22 ёшни қаршиламоқда ва ижарама-ижара юрибди.

Месси ва Роналду ўз жамоаларининг асосий таркибларида майдонга туша бошлаганида бутун дунё улардаги ҳақиқий талантни пайқаганди. Бу жуда тез рўй берган, иккиси ҳам фаолияти стартидаёқ «уча бошлашган»ди. Шундан кейин бирор футболчи улар каби бошлай олмади ва ҳеч бир футболчи «ўзга сайёралик» деган ном олмади.

Биз Роналду ва Месси даврининг жонли гувоҳи эканимиздан хурсанд бўлишимиз керак. Ахир яна қачондир шундай даражадаги гигантлар тўқнашуви рўй бериши кафолатланмаган.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз