Узбек O'zbek
ТОП-10. Дам олиш кунларидаги эътиборли воқеалар
Душанба, 02 Декабр
4589

Сайтда янги рукн жорий қилинди. Бундан буён Европада дам олиш кунларида бўлиб ўтадиган тур ўйинларидан сўнг, эътиборга арзирли воқеалар ўнлигини эътиборингизга ҳавола қиламиз. Воқеалар қандайдир даражани акс этадиган тартибда берилмади, шунчаки, 10 воқеа. Марҳамат, танишинг.

Италияда пешқадам ўзгарди

«Ювентус» мавсумдаги учинчи дурангга рози бўлди. «Сассуоло»га қарши ўйинда ҳисобда ортда борган туринликлар Роналду пенальтидан урган голдан сўнг бир очко эгасига айланишди. Бу Роналдунинг мавсумдаги олтинчи голи бўлиб, учтасини пенальтидан урган.

Одатий А Серия мавсумида 14 ўйинда уч дуранг ўйнаш «Ювентус» учун яккапешқадам бўлиб юриши учун етарли бўларди, лекин бу сафар Контенинг «Интер»и курашга жиддий киришган. Чемпионатда қаторасига бешинчи ғалабасига эришган миланликлар энди асосий рақибидан 1 очко олдинда бормоқда.

«Сити» яна очко йўқотди

Англиядаги чемпионлар курашида рақобатчилар ўртасидаги фарқ яна ошди. Аслида, «Ливерпуль» ҳам, «Лестер» ҳам бу турда ғалаба қозонганини эътиборга олсак, ҳеч нарса ўзгармаган бўлса-да, биз одатда «Ливерпуль»ни таъқиб қилаётган жамоа сифатида «Манчестер Сити» дейишга ўрганиб қолганмиз. «Ньюкасл»га қарши ўйинда Де Брюйненинг сўнгги дақиқаларга яқин урган голини собиқ «ливерпулчи» Шелви йўққа чиқарди – 2:2.

«Ливерпуль» эса ван Дейкнинг эгизак голлари эвазига «Брайтон»ни енгди. Нидерландиялик ҳимоячи ушбу мавсумда бир ўйинда икки марта боши билан гол урган илк футболчи бўлди. Шунингдек, у марказий ҳимоячилар ичида энг кўп гол урган – 3та.

Энди «Ливерпуль» энг яқин таъқибчисидан 8 очко олдинда. Қизиғи, одатда биз Англияни топ-клублар билан мақташга ўрганганмиз, лекин қаранг, Испанияда пешқадамнинг саккизинчи, Германияда тўққизинчи ўриндаги жамоа билан ўртадаги фарқи 8 очкони ташкил этмоқда.

Иммобиле – гол машина

Чиро Иммобилега қойил қолиш керак. У сентябрнинг биринчи куни Рим дербисида асосий таркибда ҳаракат қилган ва майдонни голсиз тарк этганди. Шундан сўнг, у «Лацио» сафида 13 ўйинда майдонга тушди ва бу ўйинларнинг ҳаммасида камида битта гол муаллифи бўлди – жами 17 гол ва 4 пас. Аслида ўша эсланган Рим дербисида ҳам Чиро голли узатмани амалга оширганди.

29 ёшли футболчи Италия чемпионатида 17 гол билан тўпурар бўлиб турибди. Энг яқин таъқибчилар «Интер» тандеми – Лукаку ва Мартинесда мос равишда 10 ва 8 гол бор, холос.

«Аякс» заводи»дан янги маҳсулот

Танишинг – Ноа Ланг, «Аякс» яна бир маҳсулотини бизга ҳавола қилмоқда. Жамоа тарбияланувчиси «Твенте»га қарши ўйинда илк бор асосий таркибда ҳаракат қилди ва дебютини ҳет-трик билан нишонлади. Бу ўйингача у икки марта «Аякс» либосида майдонга тушган лекин ҳар икки ўйинда ҳам фақат 10-15 дақиқа тўп сурганди, холос. 20 ёшли футболчи кўпроқ чап қанот ҳужумчиси ҳисобланади. 

«Арсенал» ўзгармади

«Арсенал» барча турнирларни ҳисобга олганда, қаторасига 8 ўйиндан бери, ғалаба нималигини билмаяпти. Лондонликларнинг АПЛдаги ғалабасиз серияси олти ўйинга етиб, бу 1994 йилдан бери энг ёмон кўрсаткичдир.

Масалан, Англия чемпионатидаги қаторасига 5 ғалабасиз ўйиндан сўнг, Почеттинони Моуриньога алмаштирган «Тоттенҳэм» уч ўйинни ўз фойдасига ҳал қилди. Булардан иккитаси АПЛда. «Арсенал»га эса, ҳозирча мураббий алмашуви фойда келтиргани йўқ. Ўтган ҳафтада истеъфога чиқарилган Эмери ўрнини Фредрик Юнберг вақтинча эгаллади. Аммо жамоа унинг бошқарувидаги биринчи ўйинида «Норвич» майдонидан дуранг билан қайтилди – 2:2.

«Бавария»га мураббий керак

Image

«Бавария» мавсумдаги учинчи мағлубиятига учради. Бу янги мураббий бошчилигидаги қаторасига 4 ғалабадан сўнг  рўй берди. Ковач кетгач, мюнхенликлар жами 16-0 нисбати билан тўрт ўйинни ўз фойдаларига ҳал қилганди. Леверкузенликларнинг сўнгги 10 дақиқани бир киши кам бўлиб ўтказгани ҳам мезбонларга ёрдам бермади.

Қизиғи, бу ғалабани «Байер»нинг твиттерда қизиқ чиқишлари билан машҳур бўлган расмий аккаунти ҳам ўзига хос тарзда нишонлади. Шу пайтгача «Бавария»дан йирик ҳисобларда мағлуб бўлган «Тоттенҳэм», «Боррусия» ва «Лейпциг» каби кучли клубларнинг натижалари акс эттирилган скриншотлар «Бавария»га ютқазмаслик осон эмас» твити билан эълон қилинди.

«Челси»да ноёб натижа ва мағлубият

«Челси» «Вест Ҳэм»га қарши Лондон дербисида бирор марта ҳам ўйин қоидасини бузмади. Бундай ҳолат Англия чемпионатида сўнгги 16 йилда илк маротаба рўй берди.

Бундай ижобий кўрсаткич навбатдаги уч очко фонида яхшироқ кўринган бўларди, албатта. Зеро, қаторасига 6 ғалабадан сўнг, қабул қилинган кетма-кет иккинчи мағлубият «Челси»нинг амбицияларига бироз зарба бўлиши табиий. Энди «Челси» олдинга эмас, ортга қарашга мажбур. «Лестер»дан 6 очко ортда бораётган Лэмпард шогирдларини пастдан қувиб келаётган «Тоттенҳэм» билан ҳам шунча очко ажратиб турибди, холос.

«Ростов»да ғалабасиз, Шомуродовда голсиз серия

Image

«Ростов» яқиндагина пешқадамлар сафида борган ва бир ой олдин Краснодарда ғалабани ушлаб қолганда, 1-ўринга ҳам кўтарилиши мумкин бўлганди. Ўша ўйин қолиб, кейинги уч ўйинда ҳам «Ростов» ғалаба қозона олмаяпти. Натижада Карпин шогирдлари 5-ўринга тушиб кетди. Бу орада мамлакат кубогида «Спартак»дан мағлубият қабул қилинди.

Шомуродов эса 5 ўйиндан бери гол ура олмаяпти. Бу вақтда ростовликлар томонидан урилган 7 голда Элдор иштирок этмади. Ҳужумчининг ўртада терма жамоамиз сафига келиб, голлар уриб кетганини эътиборга олсак, асосий муаммо Шомуродов эмас, жамоа ўйинида пайдо бўлган, дейиш мумкин.

Францияда қиш

Европадаги ноқулай об-ҳаво ўз таъсирини Франциядан бошлади. Кучли ёмғир сабабли Лига пешқадами «ПСЖ»нинг «Монако»га қарши ўйини номаълум муддатга қолдирилди. Ҳозирча, ушбу ўйиннинг янги санаси маълум қилинмаган. Ўйин «Монако»нинг уй стадионида бўлиб ўтиши керак эди.

Шундай бўлса-да, парижликлар 14 ўйиндан сўнг, 33 очко тўплаб, таъқибчилардан 5 очко олдинда борган ҳолда, турнир жадвалини бошқариб туришибди.

Месси - «Атлетико» 1:0

Image

Испанияда мавсумнинг марказий учрашувларидан бири бўлиб ўтди. Энди бу жамоалар Ла Лигада ўзаро апрелда учрашишларини эътиборга олсак, 2020 йилнинг февралида «Барселона» мағлубиятсиз 10 йиллигини нишонласа бўлади. Охирги марта 2010 йилнинг февралида «Атлетико» «Барселона» устидан ғалаба қозонганди. Албатта, гап Ла Лига доирасидаги ўйинлар ҳақида, зеро мадридликлар икки марта «Барселона»ни Чемпионлар Лигаси чорак финалидан чиқариб юборганини кўпчилик эслайди.

Мессининг ўйин охиридаги ягона голи эса, каталонияликларга навбатдаги уч очкони олиб келди ва жамоа очколар бўйича «Реал»га етиб оди. Катта эҳтимол билан, Испания чемпионатида якка пешқадам 18 декабрь кунги Эл Класикодан сўнг аниқланса керак.

«Атлетико»ни эса, чемпионлик пойгасидан чиқди деб ҳам айтиш мумкин. Энди Симеоне жамоаси йўқотилган очколар бўйича пешқадамлардан 9 очкога ортда қолмоқда.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз