Узбек O'zbek
«Катта ўғлимга Франциядан, ўртанчасига шарқий Осиёдан, кенжамга эса Португалиядан таклиф бўлди» - Рашидовларнинг отаси билан суҳбат
Душанба, 02 Декабр
9429

Жиззах футболи ҳақида сўз борганда, яқин йилларгача аввало Даврон Файзиев ва Жасур Ҳасанов каби миллий терма жамоада тўп сурган футболчилар тилга олинган бўлса, бугунга келиб кўпроқ Рашидовлар оиласи эътироф этилади. 

Оила бошлиғи Ихтиёр Рашидовнинг ўз вақтида ҳаваскор футболчи сифатида етолмаган орзуларини фарзандлари рўёбга чиқарди, ота болаларнинг илк мураббийига айланиб, футболни танлашларига сабабчи бўлди. Айни вақтда 28 ёшда бўлган Сардор Рашидов «Қатар СК» сафида тўп сурмоқда, 26 ёшли Санжар Рашидов «Сўғдиёна» клуби сардори ва етакчиси саналади, 21 ёшли Саҳоб Рашидов эса сўнгги икки мавсумда Жиззах жамоаси сафида 15 ўйинда майдонга тушиб, 2та гол уришга эришди.

Kun.uz сайти мухбирлари Жиззахда бўлиб, профессионал футболчиларнинг отаси Ихтиёр Рашидов билан видеоинтервью уюштирди. Суҳбат давомида ота ўз ўғилларининг футболга кириб келиши, фаолияти ва бошқа бир қатор саволларга жавоб берди.

«Сардорда Худо берган иқтидор бор дейишарди»

- Тўнғич ўғлим Сардор болалигидан тўпга ошно бўлиб улғайди. Ўз вақтида институтга ўқишга топширганим сабабли, ҳаваскор футболдан профессионал футболчи бўла олмаганим боис, катта ўғлимни футболчи қилиб тарбиялашга қизиқа бошладим. 5-6 ёшдан футбол мактабига олиб бордим, мураббийлари уни ўзидан катта ёшдаги гуруҳларга қарши ўйнатишса-да, кичик бўлишига қарамай, яхши ҳаракат қиларди. Ўшанда мураббийларнинг «ўғлингда Худо берган иқтидор бор» дея айтган гаплари ишонч уйғотди. Шу билан Сардор футболга киришиб кетди. БЎСМлар ўртасидаги вилоятлардаги турнирларда ҳам иштирок этиб, голлар урарди, ўғлим ҳақида яхши гапларни эшитардим. Бора-бора 16 ёшидаёқ «Сўғдиёна» ўринбосарлари сафидан ўрин олди.

Ўшандаёқ селекционер мураббийлар назарига тушиб, Сардорга таклифлар туша бошлади. Дастлаб, «Пахтакор»нинг 1991 йилги футболчилардан иборат жамоаси мураббийи Жиззахдаги турнирда Сардорнинг ўйинини кузатиб, рақамларини бериб, ўғлимни Тошкентга чақиришга қизиққанди. Аммо ўшанда, ўғлимнинг қўли сингач, бу таклиф қолиб кетганди. 

«Қўнғироқ бўлса, юрагим жиз этарди – Сардорнинг яна қаери синибди экан, деб...»

- Сардор кўп жароҳат оларди. Қўлини икки қисмидан синдириб олганди. Сўнг елкаси синганди. Шу даражада бўлдики, БЎСМ мураббийларидан қўнғироқ бўлса, юрагим жиз этарди - яна қаери синибди экан, деб. Тўғри, шифохонага борардим. Ўғилларим ортидан шифохоналарга кўп борганимдан, травматологларнинг ҳаммаси билан оға-ини бўлиб қолгандим (кулади). Эслайман, бир сафар Сардорни гипс билан уйга қайтариб олиб келсам, дарвоза олдида раҳматли отам турибдилар. Ўғлимни дарвозадан киритгач, менга қарата қўлларидаги ўроқни кўтариб, «нимага болани бунча қийнайсан, каллангни оламан» деб қаттиқ гапиргандилар. Неварамни футболга бериб қийнаяпсан, дегандилар. Сардор жуда кўп марта гипсда қайтиб келганидан раҳматли отамнинг ичи ачирди. Лекин ўзлари ҳам футболни яхши кўрардилар. 

«Саркисян «Нефтчи»га таклиф қилганди»

- 2010 йил фақат «Сўғдиёна» ёки «Бунёдкор» эмас, вариантимиз кўп эди. Тошкентнинг «Пахтакор» ва «Локомотив» жамоалариям таклиф қилганди. Саркисян ҳам Сардорни «Нефтчи»га олиб кетмоқчи бўлганди. Ўшанда «Нефтчи»нинг обрўси баланд эди, Саркисян қизиқиш билдирса, одамлар ҳавас қиларди. Таклиф кўплигидан роса иккиланиб, шошиб қолганмиз. Ўша йиллар «Бунёдкор»да ўйнашни ҳамма орзу қиларди, Сколари бош мураббий, Ривалдо ва бошқа бразилияликлар тўп сурарди. Ўғлимнинг трансфер ҳуқуқи «Сўғдиёна»га тегишли бўлгани учун улар «Бунёдкор» билан келишишди. 

«Сардорни жароҳатлари боис, футболчи бўлиши қийин дейишганди...»

- Ўғлим ёшлигидан жуда кўп жароҳатлар оларди. 2011 йилда ҳам «Бунёдкор» сафида жиддий жароҳат олганди. Ўшанда наҳотки у орзусига ета олмайди, дея кўп ўйлаганмиз. Жамоа яхши шифокорлар топиб, тўловларни амалга ошириб даволатганди. Шунда ҳам жароҳатлари боис, айрим мутахассислар «тикланиб футболчи бўлиши қийин» дейишганди. Ўшанда Миржалол Қўшоқович ҳам «нотўғри операция билан шундай иқтидорни йўқотиб қўямиз» дея жаҳли чиқиб, айтган экан раҳбариятга. Сардорнинг ўзи ҳам футболни тугатиши мумкинлигидан кўзига ёш олганди. Шукрки, ўша кунлар ҳам ортда қолди.

«Бунёдкор»га 2 миллион доллар, «Сўғдиёна»га 100 минг доллар тўлашганди»

- Сардор қайси жамоага ўтса, мен энг аввало, ўша клуб ундан рози бўлишини ва қандайдир манфаат, фойда кўришини истайман. Ҳалигача шундай. Шу боис, «Бунёдкор»да ҳам 5 йил давомида ўзини яхши кўрсатиб, якунда хориж клубларидан таклифлар тушгач, биз маслаҳатлашиб, «Ал-Жаиш» вариантини танлагандик. Ўшанда унга Франция ва бошқа араб клубларидан таклифлар бўлганди. «Ал-Жаиш» клуби «Бунёдкор»га Сардорнинг трансфери учун 2 миллион доллар атрофида пул тўлаганди. ФИФА талабига кўра, уни тарбиялаган «Сўғдиёна»га ҳам ҳеч қандай муаммосиз умумий маблағнинг 5 фоизи миқдорида - 100 минг АҚШ доллари ўтказиб беришганди. 

«Европада ўйнаш учун «Насионал»нинг 20 баробар кам бўлган шартларига кўнди»

- Таклифлар тушганда, отаси сифатида бирга маслаҳатлашамиз. Дадаси ҳал қилади, дадаси билан гаплашиш керак, деган нарса йўқ. Жуда кўп футбол агентлари билан мулоқотдамиз. Таклифлар ҳар доим бўлди. Танловнинг оғир тарафи, биз энг аввало Европа вариантини танлардик. Сардор Осиё клубларида қолишига мухлисларимиз қандай қарайди деган савол бизни ўйлантирарди. Пул учун деб кўп гап эшитардик, аммо пул учун дея берилган таъриф Сардор учун жуда нотўғри қараш эди. Молиявий тарафини ўйлаганимизда, биласиз Саудия клублари футболчига хоҳлаган нарсасини беради. Аммо, биз уларни анчадан буён хафа қилиб, рад этиб келамиз.

Сардор ҳар қандай ҳолатда Европага кетаман деб, Қатар билан таққослаганда 20 баробар кам бўлган молиявий шартларга қарамай, Португалиянинг «Насионал» клубига ўтди. Бизга «ўзи нималар қиляпсилар?», деганлар ҳам бўлди, аммо Сардор энг аввало Европада тўп суриш орзусини амалга оширди. 

«Насионал» Сардорни қўйиб юборишни истамаганди»

- Португалия иқлими Сардорга салбий таъсир қилди. Қолаверса, Шенген визаси бўйича ҳам муаммолар чиқиб турди, оиласини ҳам олиб кетолмади. Ҳужжат боис, миллий жамоамиз билан Хитойга ҳам боролмади. Клуб қуйи лигага тушиб кетса, Сардорни қўйиб юбориши ҳақида оғзаки келишувимиз бор эди. Аммо қўйиб юборишлари қийин бўлди. Компенсация тўловлари қилингач ҳам улар ҳужжатларни қайтаришни чўзиб юришди. «Насионал» клуби биздан кетишни истасанг, мана шу клублар қизиқяпти дея, Корея, Туркия клублари вариантларини айтишди. Раҳбарият Сардорни қўйиб юборишни истамасди. Ҳаттоки, Португалиянинг кучли клублари эътиборида у, ҳали ўтади, дейишганди. 

«МТЖ рўйхати чиққач, у ҳам, биз ҳам жим бўлиб қоламиз...»

- Ҳар бир футболчи миллий жамоадан таклиф кутади. Ҳаттоки телефонда гаплашсак ҳам, термага чақирилган футболчилар рўйхати чиқдими-чиқмадими деб сўраб туради. Миллий жамоа рўйхати чиққач, биз ҳам, у ҳам жим бўлиб қоламиз. Энди, бу мураббийлар танлови. Ўйлайманки, Сардор миллий жамоамиздан чақирув олгач, берилган имкониятни ҳеч қачон кўкка совургани йўқ. Имконият ҳам охирги пайтлар берилмади, беришмади. Ўзига яраша сабаблари бўлса керак. 

«Санжарга Шарқий Осиёдан, Саҳобга Португалиянинг «Жил Висенте» клубидан расмий таклиф бўлди»

- Ўртанча ўғлим Санжар кўпроқ менга эмас, онасига тортган. Бўйи пастроқ бўлса-да, болалигидан майдонда ҳаракатдан тўхтамасди. Айнан курашувчанлиги, ҳаракатчанлиги боис, бугунга келиб шу даражага етди. Санжар ҳозирда «Сўғдиёна» сардори ва етакчиси. Унга ҳам бир қатор таклифлар, асосан шарқий Осиё мамлакатларидан тушди. Аммо «Сўғдиёна»нинг ҳам мақсадлари катталиги учун ҳозирча ўзимизнинг клубда тўп сурмоқда. Кенжа ўғлим Саҳоб эса кўпроқ катта акаси Сардорга тортган. У олдин таэквандога қатнарди. Аммо кейинчалик футболни танлади, у ҳам «Сўғдиёна»да тўп сурмоқда.

Ёзда Саҳобга ҳам қизиқарли таклиф тушди. Португалиянинг юқори лигаси вакили «Жил Висенте»дан расмий таклиф жўнатишди. Улар Сардорни кузатиб, Саҳобнинг ҳам ўйинларига қизиқиб қолишган экан. Бу таклифдан жуда хурсанд бўлиб турганимизда, Сардорнинг Португалиядаги ишлари аниқ бўлмай тургани учун, таклифни сал ортга суриб туришимизга тўғри келди. Бўлмаса 21 ёшли Саҳобга ҳам Португалияда ўйнаш имконияти бор эди. «Жил Висенте» шу йил Примейрага чиққан яхши клуб эди. 

Усмон ИБОДОВ суҳбатлашди.
Тасвирчи: Фахриддин ҲОТАМОВ.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз