Узбек O'zbek
Рўзиқул Бердиев: «Менга ҳам, футболчиларимизга ҳам таклифлар тушаяпти»
Якшанба, 01 Декабр
6152

 «Насаф» - «Динамо» (1:2) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Рўзиқул Бердиев Tribuna.uz сайти мухбирларининг саволларига жавоб қайтарди.

 - Афсуски, бугунги ўйинда мухлисларимизни хурсанд қила олмадик. Чунки, бугунги ўйин фақат Самарқанд жамоаси эмас, биз учун ҳам жуда муҳим эди. Биз мавсумни 5-ўринда тугатишимиз ҳам, 8-ўринда қолиб кетишимиз ҳам мумкин эди. Буни болаларга уқтирган эдик, аммо билмадим, нима сабаб бўлди, мағлуб бўлдик. Бугунги ўйин учун футболчиларимга алоҳида “раҳмат” дейман. Ўйинчиларимиздан бу даражадаги футболни умуман кутмагандим. Ҳозир кийиниш хонасида футболчилар билан алоҳида ва жиддий гаплашиб олдик. Агар улар жиддий вазифаси бор клубларда тўп сурмоқчи бўлишса, улар ўсиши керак. Мавсум давомидаги қўллаб-қувватлаш учун мухлисларга раҳмат дейман.

 Такрорлайман, барча футболчилар билан жиддий гаплашиб олдик. Бу ўйин меҳмонлар учун жуда муҳимлигини тушуниб тургандик, аммо ўзимиз учун ҳам жуда зарур баҳс эди. Ўйлайманки, бугун кўрсатган ўйинимиз мағлубиятга мос бўлди. Биз ғалабага лойиқ вазият ярата олмадик. Биз деярли ҳужум чизиғисиз ўйнадик. Самарқанд жамоаси эса ўз ўйинини яхши ташкил қилиб, стандарт вазиятлардан ҳам унумли фойдаланди. Ўйин биз учун яхши тугамади.

 - Рўзиқул ака, ўйиндан кейин ижтимоий тармоқларда «Насаф» ён қўшниси «Динамо»га “ёрдам берди” қабилидаги гаплар бўлаяпти. «Динамо» айнан ниманинг эвазига ғалаба қозонди деб ўйлайсиз?

- Бугун «Динамо» тартибли ўйини эвазига ютди. Чунки, Агамуродов жамоага келгандан буён жамоа тартибли ўйнашни бошлади. Айнан тартибли ўйнагани учун биз вазиятларни яратишда оқсадик. Голга тортадиган вазият ҳам деярли бўлмади. Биз кўрсатган ўйин умуман ўхшамади. Биз мавсумни 5-ўринда якунлашимиз керак эди. Шу боис барча футболчиларим кўрсатган ўйиндан норозиман. Ёш жамоамиз учун бешликка киришимиз учун жуда яхши натижа бўларди.

 - «Насаф» мавсумни 7-ўринда тугатди. Буни фаолиятингиздаги энг ёмон натижа деб ҳисоблайсизми?

- Шундай десак ҳам бўлади. Ўтган йили ҳам шундай натижа билан тугатган бўлсак-да, бир йил мана шу таркиб билан ишлагандик, шу боис бу натижа мени қониқтирмади. Энг ёмон мавсумимиз мана шу бўла қолсин. Бу ўйинни кўп муҳокама қилаяпмиз, балки жамоамиз футболчиларининг савияси ҳам айнан шу ўринларга мосдир, балки. Аламли мағлубият бўлди.

 - «Насаф» ўз етакчиларини сақлай оладими, таркибдаги футболчиларга қизиқишлар катта...

- «Навбаҳор»дан футболчиларимизга жиддий таклифлар бўлди. Яширмаймиз, «Пахтакор» ҳам Азиз Ғаниев ва Шароф Муҳитдиновга расмий таклиф билан клубимизга хат жўнатган. Раҳбарият футболчиларни осонликча қўйиб юбормайди, бу масалани муҳокама қиламиз.

 - “Кейинги йил ҳам жамоада қоладиган бўлсам, раҳбарият олдига жамоани кучайтириш ва мақсад қўйиш бўйича талаб қўяман” дегандингиз. Янги мавсум олдидан жиддий мақсадлар қўйиладими?

- Биласиз, янги ҳомий ҳақида гап бўлганди. Агарда бу ишлар ҳақиқатданам амалга ошса, жамоа жиддий ўзгаришлар қила олади. Бунда бизга савияли футболчилар керак бўлади. Бу ҳақда раҳбариятга ҳам айтаман. Ҳар бир ўйинда барқарор ўйнаш учун яхши таркибга эга бўлиш керак. Ёш таркиб билан барқарор ўйнаб бўлмайди. Кучли футболчиларимиз бўлганда бугунги ўйиндаги қийин вазиятдан чиқиб кета олардик.

 - Рўзиқул ака ўзингизга ҳам бошқа клублардан таклифлар тушаяптими?

- Таклифлар бор, тушаяпти. Таклиф «Насаф»дан бўлса, биринчи бўлиб ўшани кўриб чиқамиз.

Усмон Ибодов ёзиб олди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз