Узбек O'zbek
Вадим Абрамов: «Бунёдкор» тугатиб юборилиши ҳам мумкин эди»
Шанба, 30 Ноябр
4110

«Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов Суперлига 26-туридан ўрин олган «Сўғдиёна»га (2:2) қарши ўйиндан кейинги матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.

«Тўғриси бу ўйин менга ёқмади. Ҳал қилувчи баҳслар ҳар доим шундай ўтади. Футболчиларни жавобгарликдан ҳаяжон босади, ўзини йўқотиб қўйишади. Ҳисоб 2:0 бўлганидан кейин хотиржам ўйнашимиз керак эди. Аммо 2та гол ўтказиб юбордик. Натижада ўйин охири асабий кечди. Яхшиямки натижа бизнинг фойдамизга бўлди. Ҳеч кимни койишга тил бормайди. Вазифани уддаладик. Йил бошида совринли ўринлар ва Чемпионлар Лигаси учун курашамиз деган гапни ҳаёлимизгаям келтирмагандик.

Мавсум давомида оғир вазиятларга тушдик. Ҳатто клуб тугаб кетади деб ўйлагандик. Аммо қийинчиликлар ортда қолди. Ҳаммаси яхши тугаганидан хурсандман. Жамоанинг барча ходимларига миннатдорчилик билдираман. Энди Чемпионлар Лигасига тайёргарлик кўрамиз. Шунга қараб олдимизга мақсад ва вазифа қўямиз.  

Кўплаб футболчиларимиз олимпия жамоасида ўйнайди. Уларда чарчоқ аломатлари сезилиб қолди. Шу туфайли энди яхшилаб ҳордиқ чиқарамиз.

Жамоани кучайтиришга ҳаракат қиламиз. Хориждан ва бирични навбатда ички чемпионатдан футболчи излаймиз. Баъзи футболчиларимиз январда олимпия жамоасига кетишади. Биз эса Чемпионлар Лигасида ўйнашимиз керак. Уларнинг ўрнига бошқа футболчиларни оламиз.

Жасур Жалолиддиновга Италия клублари қизиқиш билдирмоқда? Хабарим йўқ, аммо қизиқаётган бўлса жуда яхши, биз ҳам бундан хурсанд бўлар эдик», - деб Абрамов сўзларини келтирмоқда Tribuna.uz мухбири.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз