Узбек O'zbek
Мадрид – Барселона, Гризманн «Атлетико»га қарши. Ҳафтанинг энг муҳим 4 ўйини превьюси­
Шанба, 30 Ноябр
8902

Ҳафта ўртасидаги Еврокубоклардаги ўйинлардан кейин дам олиш кунларида ҳам мухлисларни бир қатор марказий ўйинлар, азалий рақиблар ўртасидаги қарама-қаршиликлар кутиб турибди. Tribuna.uz «уик-энд»да қуйидаги тўртта учрашувни ўтказиб юбормасликни тавсия қилади.

«ЗЕНИТ» - «СПАРТАК»
Россия Премьер-Лигаси
18-тур. 1 декабрь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти:
 21:00
ТВ-трансляция: «Матч» ТВ

Элдор Шомуродовнинг «Ростов»даги фаолияти боис, ўзбекистонлик футбол мухлисларининг Россия Премьер-лигасига бўлган қизиқиши янада ошди. Сўнгги беш турдан буён гол ура олмаётган Элдор Шомуродов ва унинг жамоаси «Ростов» бу турда «Урал»га қарши майдонга тушса, турнинг марказий баҳси Санкт-Петербургда кузатилади. Ўзаро принципиал рақибга айланган жамоалар «Зенит» ва «Спартак» бу турда тўқнаш келишади. Сергей Семак шогирдлари айни дамда пешқадамлик қилаётган бўлишса, Жованни Тедеско жамоаси 6-ўринда бормоқда. Аммо, бу жамоалар тўқнашуви арафасида клубларнинг қайси поғонада эканлиги ҳам унутилади. Якшанба кунги баҳс питерликлар ҳужумчиси Артём Дзюба учун ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Россия терма жамоаси голеадори собиқ клуби саналмиш «Спартак» мухлислари билан жуда ёмон муносабатда. Шундай экан, Дзюба Петербургдаги баҳсда москвалик фанатларга “совға” тайёрлашга уриниши табиий. Қолаверса, тўпурарлик учун курашаётган Артём «Спартак» дарвозасига йўл топа олса, голлари сони бўйича ҳам Элдор Шомуродовни ортда қолдириши мумкин. Россияда «йил тўқнашуви» дея эътироф этиладиган баҳс муросасиз ва томошабоп кечиши аниқ.

Факт: «Зенит» ушбу мавсумда ҳали ўз уйида мағлубиятга учрагани йўқ.

Санкт-Петербургдаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2019. Зенит – Спартак 0:0

2017/18. Зенит – Спартак 5:1

2016/17. Зенит – Спартак 4:2

«НЬЮКАСЛ» - «МАНЧЕСТЕР СИТИ»
Англия Премьер-Лигаси. 14-тур.
30 ноябрь (шанба)
Ўйин бошланиш вақти:
 17:30
ТВ-трансляция: «Futbol TV»/«UzReport TV»

Англия Премьер-Лиганинг ушбу турида марказий тўқнашувлар кузатилмаса-да, кутилмаган натижалар рўй бериши эҳтимоли катта бўлган ўйинлар рўйхати узун. Жорий мавсумда фақатгина 1-турда мухлислари қаршисида «Арсенал»дан мағлубиятга учраган «Ньюкасл» қолган турларда уйида таслим бўлмади. Стив Брюс шогирдлари ҳаттоки «Манчестер Юнайтед» устидан ҳам ғалаба қозона олишди. «Қарғалар» бу турга старт берувчи қарама-қаршиликда «Сент-Жеймс Парк» стадионида «Манчестер Сити»ни қабул қилишади. Айнан ушбу аренадаги сўнгги ўйинда Гвардиола шогирдлари «шимолликлар»га мағлуб бўлганди. Ўшанда испаниялик мутахассис «Ньюкасл»ни ўзи учун ноқулай рақиб сифатида билишини айтганди. Бу сафарги баҳс ҳам икки томон учун осон ўтмаслиги аниқ. Кўрамиз, «МЮ»ни мағлуб этган «Ньюкасл» унинг ҳамшаҳарларини ҳам мағлуб эта олармикан?

Факт: «Ньюкасл» АПЛ доирасидаги сўнгги 4 ўйинда фақат «Астон Вилла»га мағлуб бўлди.

Ньюкаслдаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Ньюкасл – Ман.Сити 2:1

2017/18. Ньюкасл – Ман.Сити 0:1

2016/17. Ньюкасл – Ман.Сити 1:1

«МОНАКО» - «ПСЖ»
Франция 1-дивизиони.
15-тур. 1 декабрь (якшанба)

Ўйин бошланиш вақти: 01:00
ТВ-трансляция: «Матч» Футбол-2

Француз футболи гегемонига айланган «ПСЖ»га қаршилик кўрсата олаётган кам сонли клублардан бири «Монако» эди. Бироқ, бу клуб сўнгги йиллардаги қатор етакчиларини «ПСЖ» ва бошқа клубларга трансфер қилиб, айни дамда пешқадамликдан мосуво бўлди. Шунга қарамай, яна жамоасига қайтган Леонардо Жардим «Монако»ни тобора тиклашга интилмоқда. Жамоа таркибида Мбаппе сингари юлдузлар бўлмаса-да, Головин каби иқтидорлар етарлича топилади. «Монегасклар» ушбу турда Франция футболи байроқдорига қарши майдонга тушишади. Томас Тухель клуби айни дамда чемпионатда яққол етакчи бўлса-да, уларни Монакода осон бўлмаган қарама-қаршилик кутиб турибди. Француз футболи шайдолари ушбу классик тўқнашувни ўтказиб юбормасалар керак.

Факт: «Монегасклар» икки мавсумдан буён Париж клубини мағлуб эта олишмаяпти.

Монакодаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Монако – ПСЖ 0:4

2017/18. Монако – ПСЖ 1:2

2016/17. Монако – ПСЖ 3:1

«АТЛЕТИКО» - «БАРСЕЛОНА»
Испания Ла Лигаси. 15-тур.
1 декабрь (якшанба)
Ўйин бошланиш вақти:
 01:00
ТВ-трансляция: «Futbol TV»/«UzReport TV»

Ҳафтанинг марказий учрашуви Ла лигада кузатилади. Испания пойтахти Мадридда Каталониянинг бош клуби «Барселона» ташриф буюради. Диего Симеоне жамоаси Эрнесто Вальверде клубига қарши саф тортади. Янги мавсум олдидан Мадриддан Барселонага кўчиб ўтган Антуан Гризманни «Ванда Метрополитано» стадионида қандай муносабат кутиб турганлигини тасаввур қилиш қийин эмас. Бунга жавобан «Атлетико» собиқ етакчиси ҳам ўзини кўрсатишга интилиши аниқ. Ҳозирча пешқадам бўлиб турган «Барселона»дан тахтни тортиб олиш имконияти «Атлетико»да бор. «Матрасчилар» сўнгги йилларда қила олмаётган ишлари – «Барса»ни мағлуб этишни уддасидан чиқа олишса, очколар бўйича каталон клуби билан тенглаша олишади. Айнан ушбу баҳс бу мавсум Симеоне шогирдларининг «Реал» ва «Барса» билан бир сафда чемпионлик учун кураша олишадими ёки йўқ, деган саволга жавоб бериши мумкин. Якшанбадан душанбага ўтар кечаси Мадриддаги шиддат ва муросасизлик ваъда қилаётган учрашувни ўтказиб юборманг. Месси жамоаси икки мавсумдирки «Атлетико»ни сафарда мағлуб эта олишмаяпти. Бу сафар ҳам қайси томон ғалаба қозонишини олдинда айтиш қийин, аммо шуниси аниқки, Мадрид ва Каталония клуби тўқнашувидаги шиддат ва муросасизликдан мухлислар ютади.

Факт: «Барселона» ушбу мавсум Ла Лига доирасида уч марта мағлубиятни тан олган – барчаси сафардаги учрашувларда кузатилган.

Мадриддаги ўзаро сўнгги 3 та ўйин:

2018/19. Атлетико – Барселона 1:1

2017/18. Атлетико – Барселона 1:1

2016/17. Атлетико – Барселона 1:2

Усмон Ибодов тайёрлади.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз