Узбек O'zbek
Ўзбекистон U19 мураббийлар штаби «нопрофессионаллик» қилгани учун тарқатиб юборилди
Пайшанба, 28 Ноябр
7940

Ўзбекистон Футбол Ассоциацияси (ЎФА) ижроқўми Ўзбекистон U19 миллий жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев раҳбарлигидаги мураббийлар штабини вазифасидан озод этди. Бу ҳақда ЎФА баёнот бермоқда.

«6-10 ноябрь кунлари Саудия Арабистонида Осиё Чемпионати U19 саралаш баҳслари ўтказилди. Унда Отабек Ғуломхўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон ёшлар жамоаси ҳам иштирок этди.

10 ноябрь куни Ўзбекистон U19 жамоаси Саудия Арабистони ёшларига қарши баҳс олиб борди. 1:1 ҳисобида якунланган ўйинда Ўзбекистон ёшлар жамоаси сафида 4 нафар футболчи ҳакам томонидан огоҳлантирилди. Шунингдек, Одилбек Абдумажидов қизил карта олиб, майдонни тарк этди. Бундан ташқари Ўзбекистон U19 бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаев ва унинг ёрдамчиси Дониёр Усмонов ҳам ножоиз хатти-ҳаракатлари сабаб ҳакам томонидан огоҳлантирилди.

Бу ўйиндаги ҳолатни ўрганиб чиққан Осиё Футбол Конфедерациясининг тартиб-интизом ва аҳлоқ қўмитаси ЎФАга хат йўллаб, Ўзбекистон ёшлар миллий жамоаси мураббийлари ўзини нопрофессионал тарзда тутгани ва буни ўрганиб чиқиб, тегишли чоралар кўриш зарурлигини маълум қилди.

Бу ҳолат эса Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига, шунингдек, 2020 йилда бу ёш тоифасидаги қитъа чемпионатига мезбонлик қиладиган мамлакат имижига салбий таъсир ўтказиши эҳтимоли мавжуд.

Шу туфайли, бу ҳолат ЎФА ижроқўми томонидан ўрганиб чиқилди. Ўзбекистон ёшлар миллий жамоаси устозининг ўйин вақтида ножоиз хатти-ҳаракатлар амалга оширгани, шогирдларига ўрнак бўлиш ўрнига, ўйин расмийлари қарорларидан норози эканини очиқчасига намойиш этиб, майдонда ўзини нопрофессионал тутгани эътироф этилди. 

Якунда ЎФА ижроқўми Ўзбекистон U19 миллий жамоаси бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевни ва мураббийлар штаби аъзоларини эгаллаб турган лавозимидан озод этиш бўйича қарор чиқарди», - дейилади баёнотда.

Аввалроқ, Тимур Кападзе Ўзбекистон U19 миллий жамоаси бош мураббийи этиб тайинланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

Теглар

Ўхшаш янгиликлар

Тавсия этамиз